Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:04

Краснодарда патент ва ишга рухсатнома бериш тўхтатилди


Сочидаги Олимпия иншоотларининг аксарида маркази-осиёлик меҳнат муҳожирлари меҳнати синган.
Сочидаги Олимпия иншоотларининг аксарида маркази-осиёлик меҳнат муҳожирлари меҳнати синган.

Краснодар ўлкасида муҳожирларга патент бериш кейинги йилнинг март оийгача тўхтатилди. Қишки Олимпиада ўйинлари ўтказиладиган бу минтақада маҳаллий ҳукумат томонидан муҳожирларни камайтиришга қаратилган амалиётлар олиб борилаётгани кузатилмоқда.


Краснодарда кейинги йилгача ишга рухсат йўқ

2014 йилнинг 7 февралидан 23 февралигача Краснодар ўлкасининг Сочи шаҳрида ўтказилажак XXII қишки Олимпия ўйинлари бу минтақада жараёнига таъсир қилди.

Жорий йилнинг 1 июлидан Россиянинг бу минтақасида патент бериш батамом тўхтатилди, дейди Озодлик билан суҳбатда Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов.

- Қишки Олимпия ўйинлари муносабати билан ишга рухсатномалар бериш кескин чекланди. Краснодар ўлкаси бўйича ФМС томонидан мен расман огоҳлантирилдим. Мендан бу ерга келаётган муҳожирлар орасида тушунтириш ишлари олиб боришимни илтимос қилишди маъмуриятда. Уларга қўшни минтақаларга чиқиб ишлашни сўрашяпти, кейин тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун. Қайд муддати тугадими – муҳожир чиқиб кетиши керак. Патент ва ишга рухсатномалар беришга таъқиқ 2014 йилнинг 21 мартигача амал қилади,- дейди Тожиддин Нурматов.

Краснодар ўлкаси Федерал миграция хизмати (ФМС) бошқармасининг меҳнат миграцияси бўлимида патент ва ишга рухсатнома масаласида ҳозирча бирор изоҳ берилмаётганини билдиришди.

Озодликнинг сўровига қўшни Адигея Республикаси бўйича Миграция бошқармасида 15 сентябрдан кейин патентлар бериш тўхтатилмаслигини, бу тартиб ҳақиқатан Краснодардагина жорий қилинганини билдиришди:

- Ҳар ҳолда, Адигея Республикасида 15 сентябрдан патент ва ишга рухсатнома бериш тўхтатилмайди. Сиз айтган ҳолат, билишимча, Краснодар ўлкасида амалга оширилади. Лекин, буни ўзларидан аниқлаштириб олсангиз яхши бўларди, деди Адигея Республикаси бўйича Миграция бошқармаси расмийси Антонина Сёмкина.

Краснодардан муҳожирлар чиқариляпти

Озодликнинг Москва бюросига қўнғироқ қилган ва ўзини Баҳодир деб таништирган 36 ёшли меҳнат муҳожири Адигеянинг Яблоновский қўрғонида жойлашган ягона масжиддан чиқаётиб полиция “облавасига” учраганини сўзлаб берди.

“Краснодар ўлкасида масжид йўқ, шунга биз қўшни Адигеяда жойлашган катта масжидга ҳар жума бориб турамиз”, дейди суҳбатдош.

- Бу жума борганимизда, чиқаётганимизда ўша масжидга келган чорраҳада ДПС, ОМОНлар туриб олганини кўрдик. Улар масжиддан чиқаётган ҳар бир одамнинг паспортини олиб қўйишди. “Бармоқ изларини оламиз, суратга оламизу қўйворамиз”, деди, қўпол гапирмади. Улар масжиддан чиққан ҳаммани ушлади – юзга яқин одам. Бизни Яблоновский посёлка отделениесига олиб келди. Мен биринчилар қаторида – кечки 9 ларда чиқдим,- дейди Россияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга бўлгани боис бошқалардан олдинроқ чиқариб юборилганини гапирган Боҳодир.

Муҳожирнинг фикрича, охирги ой давомида олиб борилаётган полиция “зачисткаси” натижасида ҳам масжидга қатновчи мигрантлар сони камайиб қолган.

- Депорт бўлаётганлиги тўғрисида шов-шув чиққандан кейин кўпчилик кетиб қолди. Масжидда ҳам одамларнинг учдан бири ҳам бормай қўйди. Кейин, аксарият ўзбеклар, тожиклар разрешение на работусиз патент олган. Унинг сроги ўтиб кетса ҳам депорт қиляпти экан! Болларнинг айтишига қараганда, шу кунлари икки самолёт одам тўлдирилиб Ўзбекистонга депорт қилиб юборишган экан. Адигея милицияси қўпол бўлмади, қўлимиздан отпечатка олди, суратга олди. Ҳар қандай майда қонунбузарлик учун жарима солди, дейди илгари бундай “майда-чуйда”га полиция эътибор бермаслигини таъкидлаган ўзбек муҳожири.

Баҳодир август ойи Краснодарда қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланувчи муҳожирлар учун иш авж палласига чиққан пайт эканини айтиб, шунга қарамасдан полиция облавалари натижасида кўплаб мигрантлар ўзлари Россиядан чиқиб кетганини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлигининг Адигея бўйича бошқармаси расмий сайтида текширувлар “Россия Президенти, Бош прокуратура ва ИИВ кўрсатмалари асосида” олиб борилаётгани билдирилган.

“Бугунга келиб ўтказилган 29 рейд давомида 76 та турли қонунбузарлик аниқланди”, дея хабар қилади Адигея полиция бошқармаси.

Суҳбатдошимиз Баҳодир Сочи ва Краснодарда Қишки Олимпиада қурилишлари ўз якунига етганидан кейин маҳаллий миграция ва ҳуқуқ-тартибот идоралари муҳожирларни камайтиришга киришганини тахмин қилди.

- Қурилишлар битиб бўлди – мигрантлар керак бўлмай қолди. Керак бўлганда ишлатамиз, керак бўлмаганда ҳайдаб чиқарамиз, қабилида иш олиб бориляпти, деди Баҳодир Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG