Линклар

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири берган маълумотга кўра, 15 яшар ўспириннинг қора ўлатдан ўлгани аниқланган. Бироқ, ушбу хавфли касалликнинг манбаси ҳозирча маълум эмас. Шунга қарамасдан қирғиз расмийлари эпидемия хавфи йўқлиги, касаллик аниқланган ҳудуд эса тўлиқ қамал қилинганини айтмоқда.



Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари берган маълумотга кўра, ўтган жума куни нобуд бўлган 15 яшар аксуулик ўспириннинг қора ўлатдан олгани тасдиқланган.

Расмий баёнотда айтилишича, вафот этган ўсмирнинг жасади куйдирилиб, фавқулодда эҳтиёткорлик билан кўмилган.

Эпидемияни назорат қилиш комиссиясига кўра, ҳодиса қайд этилган туманда 105 киши, жумладан 19 нафар тиббий ходим текширув учун карантинга олинган.

Соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева журналистлар билан учрашувда боланинг ушбу хавфли касалликдан ўлгани унинг танаси ёриб кўрилганидан сўнг аниқлангани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

- Ушбу касалликнинг "бубонная форма" (қора ўлат-таҳр) деган тури бор. Яъни, "легочная форма" (ўпка ўлати-таҳр.) деган тури ҳам бор. У жуда хавфли ва беморлар ўртасида гаплашганда, йўталганда юқиши мумкин. "Бубонная форма", дегани эса унақа юқумли эмас, локал характерга эга. У бевосита мулоқотдагина юқиши мумкин, - деди журналистлар саволига жавобан Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири.

Унинг сўзларига кўра, касаллик аниқланган ҳудуд тўлиқ қамал қилинган ва карантин эълон қилинган.

- Эпидемия хавфи бугунги кунда йўқ. Ташҳис қўйилганиданоқ тегишли чоралар кўрилган. Шунинг учун эпидемия бўлади, деган ваҳимага асос йўқ, - деди алоҳида таъкидлаган Динара Сагинбаева.

Бунга қадар Қирғизистон Бош вазири Жонторо Сатибалдиев мамлакат шимолида қора ўлат қайд этилганига оид хабар ортидан у ердаги вазиятни ўз назоратига олгани билдирган эди.

Айни дамда бош вазир етакчилигидаги ҳукумат гуруҳи Ак-Суу туманида дизинфекция ва маҳаллий аҳоли орасида вакцинация ишларини бошлагани айтилди.

Қирғизистон Давлат санитария назорати касаллик ўчоғи номаълум қолаётганини айтмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, ўтган жума куни тўсатдан вафот этган болага қора ўлат касали, расмийларнинг бир тахминича, касалланган бургадан юққан бўлиши мумкин.

Яна бир тахмин эса касаллик ўчоғи саналган ҳудуддаги сув ҳавзасида юққан, деган тахмин бўлса, халқ оғзига тушиб улгурган учинчи тахмин касалланган мол гўштини истеъмол қилишдир.

Соғлиқни сақлаш вазири ҳозирча ҳеч бир тахминни тасдиқлаш имкони йўқлигини айтмоқда.

- Ҳозирча бу касаллик нимадан юққанини аниқ айтолмаймиз. Бу бола яйловда муздек сувда чўмилган экан. Ўшанда шамолладим, деб ўйлаб уйида ўзича "анти-гриппин" каби дориларни ичиб ётаверган. Кейин шифохонага олиб борилганидан сўнггина аниқланган бу касаллик. Кейин оила-аъзолари дарҳол изоляция қилинди ва улар ҳам боланинг ҳеч қандай мол гўштини истеъмол қилмагани, лекин совуқ сувда чўмилганини айтишяпти, - деди Динара Сагинбаева.

Айни пайтда вазир касаллик аниқланган ҳудуд ва у у ерда яшайдиган аҳоли карантинга олингани, касалликнинг тарқалиш хавфи йўқлигини айтар экан, яна бир муҳим жиҳатга эътиборни қаратди.

- Қирғизистонда азалдан ўлат ўчоғи саналган учта ҳудуд бор. Тяшанда, Олойда ва Талас вилоятларида. Собиқ совет даврида аниқланган ва ўша вақтдан бери касалликнинг олдини олиш чоралари кўриб келинади. У ерга борадиган чўпонлар ҳам, геологлар ҳам эмланади. Шунингдек, сув ҳавзалари ва ҳашаротлар мавжуд ҳудудларда дератизация чоралари кўрилади. Лекин ҳудуд жуда катта ва бу ҳудудни бир йилнинг ичида тўлиқ қамраб олиш бироз мушкул, - деди Динара Сагинбаева.

Бундан олдин Қирғизистонда қора ўлатдан ўлим ҳолати сўнгги бор 1981 йилда қайд қилинган.

Эпидемияни назорат қилиш комиссиясига кўра, ҳодиса қайд этилган туманда 105 киши, жумладан 19 нафар тиббий ходим текширув учун карантинга олинган.
XS
SM
MD
LG