Линклар

logo-print

Сурияда БМТ экспертлари ўққа тутилди. Ғарб интервенция эҳтимолини кўриб чиқмоқда


БМТ экспертларининг ўққа тутилиши ғарб Башар Ассад режимига ҳарбий зарба бериш эҳтимолини муҳокама қилаётган пайтга тўғри келди.

БМТ экспертларининг ўққа тутилиши ғарб Башар Ассад режимига ҳарбий зарба бериш эҳтимолини муҳокама қилаётган пайтга тўғри келди.

Сурияда кимёвий ҳужумларга оид иддаоларни текшираётган БМТ экспертлари гуруҳи ўққа тутилди. Мутахассислар гуруҳини ўтган чоршанба куни Дамашқ яқинида уюштирилгани иддао қилинган кимёвий ҳужум жойига олиб кетаётган машинанинг ўққа тутилиши ғарб давлатлари президент Башар ал-Ассад режимига қарши ҳарбий зарба бериш эҳтимолини муҳокама қилаётган пайтга тўғри келди.


Сурияда кимёвий қуроллар бўйича БМТ гуруҳини кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган жойга олиб кетаётган машина ўққа тутилди.

БМТ матбуот вакили Мартин Несирскийнинг айтишича, машина душанба куни “бир неча жойдан туриб номаълум снайперлар томонидан ўққа тутилган”. Воқеада ҳеч ким жароҳатланмагани айтилмоқда. Лекин машинага зарар етказилган ва экспертлар бошқа автомобилга ўтиришларига тўғри келган.

Сурия давлат телевидениеси БМТ инспекотрларига “террорчилар” ўт очди, дея хабар қилди.

БМТ экспертлари гуруҳи ўтган чоршанба куни Дамашқ яқинида юзлаб одамнинг ўлимига сабаб бўлган кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган ҳудудга кетаётган бўлган.

Сурия ҳукумати халқаро мутахассисларнинг бу ҳудудда текширув ўтказишларига розилик берди. Бироқ АҚШ расмийлари Дамашқнинг розилиги текширув натижалари “ишончли бўлиши учун жуда кеч” берилганини билдирди.

Душанба куни Россиянинг “Известия” газетасида эълон қилинган интервьюсида Сурия Президенти Башар ал-Ассад ўз ҳукуматига қарши қўйилаётган кимёвий ҳужумга оид айбловларни “сиёсий” ва “куракда турмайдиган” дея атади.

Оқ уй расмийлари Қўшма Штатлар Ассад қўшинлари кимёвий ҳужумни амалга оширганига “унчалик шубҳа” қилмаётганини билдирди.

Британия ҳам ўтган чоршанба куни рўй бергани иддао қилинган ҳужумда Ассад кучларининг қўли борлигига ишонишини билдирган.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон келаси чоршанба куни мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши мажлисига раислик қилиш учун таътилини муддатидан аввал тугатиш ниятида экани хабар қилинмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳэйг душанба куни қилган чиқишида БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан розилик бермаса ҳам Суриядаги ҳодисага жавоб қайтариш мумкинлигини баён қилди.

Франция ташқи ишлар вазирлиги ғарб давлатлари яқин кунлар ичида жавоб ҳаракати борасида қарор беришини билдирди.

Лоран Фабиус душанба куни Франция радиоси билан суҳбатда иддао қилинаётган кимёвий ҳужумга “пропорционал жавоб” қайтарилиши лозим, дея баён қилди. Лекин, дея қўшимча қилди у, БМТ Хавфсизлик кенгаши розилигисиз ҳарбий ҳаракатни бошлаш қийин бўлади.

- Бу ҳал этилиши қийин бўлган яна бир муаммодир. Халқаро қонунлар БМТ томонидан белгиланган, лекин шу билан бирга – бу ҳақда аввалроқ ҳам гапирган эдингиз – БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳарбий ҳаракатларга тўсқинлик қилаётган мамлакатлар бор. Хитой ва Россия бунга тўсқинлик қилиб келмоқда, бундан кейин ҳам тўсқинлик қилишлари эҳтимолга яқин, шунинг учун бу муаммо бўлиб қолади.

У шунингдек, “маълум вазиятда уни айланиб ўтишимиз мумкин, лекин халқаро қонун бор”, дея қўшимча қилди.

Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашида муросага эришилмаган тақдирда ҳам, Сурия режимига қарши халқаро коалицияга қўшилишга тайёрлигини изҳор қилди.

Душанба куни Россия Қўшма Штатларни Сурия Президенти Башар ал-Ассад режимига қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашнинг “жуда хавфли оқибатлари”дан огоҳлантирди.

Россия расмийларининг маълум қилишича, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров якшанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан телефон суҳбатида, Москва АҚШ расмийларининг Сурияда интервенцияга ҳозирлик кўрилаётганига ишора қилувчи баёнотларидан “чуқур ташвиш”да эканини билдирган.

Бу баёнотлар Ассад режими тарафидаги кучлар ўтган чоршанба куни юзлаб одамни ўлдиргани айтилган кимёвий ҳужум уюштирганига оид айбловлар ортидан янграй бошлади.

Россия иддао қилинаётган кимёвий ҳужум исёнчи кучларнинг “провокацияси” бўлиши мумкинлигини айтиб келмоқда.

Аксил ҳукумат фаоллар ва Чегара билмас шифокорлар ташкилоти ўтган чоршанба куни Сурия ҳукумати кучлари заҳарли моддалар солинган снарядлар билан уюштирган артиллерия ҳужумида 300дан ортиқ одам нобуд бўлганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG