Линклар

logo-print

Қирғизистонлик ёшлар Бангладеш мадрасаларида нималар ўрганаяпти?


Даккадаги мадраса талабалари.

Даккадаги мадраса талабалари.

Сўнгги пайтларда қирғизистонлик ўсмирларнинг ўқиш учун Бангладешга кетиши кўпайган. Бу ёшлар аксар вақтини Қуръон ёдлашга сарфламоқда.


Май ойида Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида шиддатли аксилҳукумат намойишлари бўлиб ўтди. Исломийлар ва полиция ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлар чоғида 30 дан зиёд одам ўлди, 100 дан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу аксилҳукумат намойишларининг 150 минг иштирокчиси орасида бутун Бангладеш бўйлаб ёйилиб кетган турли мадрасаларнинг талабалари ҳам бор эди.

Норозилик тадбири иштирокчилари расмийлардан исломий қадриятларни таҳқирлаганлик учун жазо чораларини кучайтириш ҳамда турли соҳаларда аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат дастурини тўхтатишни талаб қилганлар.

Кўп минг кишилик бу намойишларда Бангладешда ўқиётган қирғизистонлик фуқаролар ҳам иштирок этганини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

Мадрасалар мамлакати

Бангладеш Жанубий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан биридир. Мамлакат мустақилликка 50 йиллар аввал эришган. Британия мустамлакасидан қутулганидан кейин у Покистоннинг бир қисми бўлиб келган ва фақат ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб мустақил давлатга айланган. Бангладеш ҳудуди Қирғизистондан ҳам кичик, бироқ бу мамлакатда ҳаддан зиёд – 163 миллион киши истиқомат қилади.

Сиёсий беқарорлик, тарихининг чигаллиги ва таълим тизимидаги қолоқлик маҳаллий аҳолининг мамлакат Конституциясида қайд этиб қўйилган секуляр демократия йўлида ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Шундай экан, нима учун қирғизистонликлар бошқа минглаб хорижликлар сингари Бангладешга диний таълим олиш учун кетаяптилар? Бу саволга Бангладешда чиқадиган Daily Star газетаси муҳаррири Шамим Ашраф қуйидагича жавоб берди:

- Бангладешда минглаб мадраса бор. Уларнинг кўпи Qawmi (холис маъносида) деб аталади ва бу ерда истаган фуқаро мадраса очиши мумкин. Ҳукуматга қарам бўлмаслик учун диний ўқув муассасасини очишга сарфланажак пулни ҳар бир муассис ўзи қидиради. Шундай қилинган тақдирда улар истаган фанини ўзлари истаган тартибда ўқитиш имкониятига эга бўладилар. Бу билан бировнинг иши йўқ.

Qawmi ва бошқа мадрасаларнинг Бошқарув кенгаши бор. Ҳукумат мадрасаларга ана шу кенгаш орқали таъсир ўтказишга уриниб кўрган. Бироқ бу уриниш муваффақият келтирмади. Агар Бангладеш бўйлаб бўлиб ўтган сўнгги кўп минг кишилик намойишларга эътибор қилсангиз, унинг фаол иштирокчиларидан кўпи холис дейилувчи ва нодавлат мадрасалари талабалари эканини сезишингиз мумкин.

Бу ёшларнинг аксарияти камбағал қатламдан чиққанлардир. Бу мадрасаларнинг домлалари қишлоқма-қишлоқ юриб, ота-оналарни ўз фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш учун уларга беришга кўндирадилар. Улар келажакда ўз шогирдларини иш жойлаштириб қўйишни ҳам ваъда қиладилар. Бу мадрасаларда тартиб қаттиқ бўлиб, талабалар домласининг айтганини қулоқ қоқмай бажаришади.

- Бунақа мадрасаларда одатда ким таълим беради?

- Одатда бу мадрасаларнинг домлалари кеча шу даргоҳни битирган талабалар бўлади. Бундай тартиб юзлаб йиллар давомида сақланиб келмоқда. Улар асосан араб тилини ўзлаштирадилар ва фақат айрим ҳоллардагина урду ва бенгал тилини ўрганадилар. Улар мунтазам равишда Қуръони Каримни ўқийдилар ва ёд оладилар. Ўқиш пайтида домлалар уларнинг онгини бутунлай ўзгартиришга уринадилар. Масалан, улар Толибон ҳаракатининг дин учун курашдаги роли, уларнинг сиёсати ва хатти-ҳаракатлари талабалар учун ўрнак бўлиши лозимлиги ҳақида билдиришлари мумкин.

Кўплаб маҳаллий журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамиятдаги эътиборли кишилар расмийларга бу мадрасаларнинг салбий роли ҳақида айтиб келади. Бироқ ҳукумат ҳеч қанақа чора кўрмаяпти. Билъакс, бундай диний таълим даргоҳлари сони ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораяпти. Сиёсий партиялар ва ҳукумат уларга қарши бирор-бир чора кўришдан тийилмоқда, чунки акс ҳолда улар сайловчиларнинг каттагина қисми дастагидан маҳрум бўлади.

- Биздаги маълумотларга кўра, қирғизистонликларнинг кўпчилиги Даккадаги “Таблиғи Жамоат” ҳаракати ва даъватчилик маркази бўлган Какрайил масжидида ўқимоқда. Бизга бу таълим маскани ҳақида айтиб бера оласизми? У ерда нималар ўқитилади?

- “Таблиғи Жамоат”нинг ғоявий сиёсати Qawmi мадрасаларидаги ғоялардан бироз фарқ қилади. Улар ўз мақсадига эришишнинг куч ишлатишга асосланган усулларини қўллаб-қувватламайдилар, сиёсатга аралашмасликни маъқул кўрадилар. Аммо мен Бангладешга келаётган қирғизистонлик ёшларнинг ҳаммаси “Таблиғи Жамоат” ҳаракати мадрасасида ўқийдилар, дея таъкидлай олмайман.

Бангладешдаги барча мадрасалар ва бошқа диний таълим даргоҳлари Яқин Шарқдаги бир неча жамғарма томонидан молиялаштирилади. Қувайт ва Саудий Арабистонида улкан молиявий имкониятларга эга махсус марказлар фаолият юритади. Улар ҳар ой мадраса ва масжидларга катта пуллар жўнатади.

- Бангладеш ҳукумати 10 мингдан зиёд мадрасада таълим сифатини яхшилаш бўйича бирор чора кўриш ҳақида ўйлаяптими? Умуман олганда, бу масала муҳокама қилинаяптими?

- Биринчидан, уларда бундан системанинг ўзи йўқ. Бу мадраса ва масжидларда нима ва қандай ўқитилаётгани ҳақида ҳеч ким билмайди. Дин арбоблари бу борада журналистларга бирор-бир изоҳ беришдан тийиладилар. Шунингдек, улар ўз ўқув қўлланмаларини кўрсатишдан қатъиян бош тортиб келадилар. Ҳатто ҳукумат вакиллари ҳам уларнинг фаолиятини текшира олмайди.

“Таблиғи Жамоат” ҳаракати мадрасасига келсак, мен уларни Qawmi мадрасаси вакиллари каби экстремист ва фундаменталист, деб аниқ айтолмайман. Улар у қадар муросасиз эмас. Улар бор-йўғи даъват воситасида “соф ислом”ни ёяётганларини айтадилар, холос. Таблиғчилар маҳаллий мадрасалар бўйлаб айланиб юрадилар ва маҳаллий мусулмонларни мубоҳасага тортадилар.

Таҳририятимиз тасарруфида бўлган маълумотларга кўра, "Нари Прогати Сангха” жамоатчилик ташкилоти Бангладеш расмийлари буюртмаси бўйича маҳаллий мадрасалардаги аҳволни ўрганиш юзасидан ўз тадқиқотини ўтказган. Мазкур ташкилотнинг якуний хулосасида юз минглаб (агар миллионлаб бўлмаса) талаба ўқиётган Qawmi русумидаги ва бошқа нодавлат мадрасаларида битирувчилар ҳечам кенг кўламда таълим олмасликлари ва савия жиҳатдан ўз тенгдошларидан ортда қолаётганлари таъкидланади.

Бундан ташқари, ўқиш пайтида улар ўзларини ё толиблар, ёки араблар деб атаб, ўз миллий мансубиятидан мосуво бўладилар. Нодавлат мадрасаларининг кўпида талабалар, бошқа фанлар у ёқда турсин, ҳатто маҳаллий бенгал тилини ҳам тузукроқ ўрганмайдилар. Буларнинг ҳаммаси Қуръонни ёд олаётган бу ёшлар Бангладеш келажаги учун қанчалик наф келтириши мумкинлиги тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, - деди Шамим Ашраф.

“Қуръон ёдлашнинг ўзи бир диплом”

Бангладешда ўқиётган қирғизистонликлар билан телефон орқали суҳбатда уларнинг аксарияти нодавлат мадрасаларида ўқиётганлари яна бир бор тасдиқланди.

Ўзларини арабча исмлар билан таништирган қирғизистонлик икки талабани суҳбатга базўр кўндирдик. Улар Бангладешдаги мадрасалардан бирида ўқийди. Уларнинг айтишича, Какрайил масжидида жойлашган мадраса талабалари тонгги соат тўртдан кечки соат ўнгача араб, урду ва форс тилларини ўрганадилар. Аммо улар дарс жараёнидаги кўп вақтини Қуръон асосларини ўрганишга сарфлайдилар. Умумтаълим мактабларида ўқитиладиган одатдаги фанлардан эса ҳеч қайсисини ўрганмайдилар.

“Алҳамдулиллоҳ, бизда ҳаммаси яхши. Яшаш шароитимиз ҳам, ўқишимиз ҳам кўнгилдагидек. Ҳар куни беш маҳал намоз ўқиймиз. Орада эса Қуръони карим ўқиймиз. Тозаликка риоя қиламиз, озиқ-овқат таъминоти ҳам жойида. Барча билан тинч-тотув яшаймиз. Болалар дастлаб бу ерга келганларида араб алифбосини ўрганадилар. Шуни яхшилаб ўзлаштириб олсангиз, Қуръон ўрганиш учун бошқа фанларнинг кераги ҳам йўқ”, - деди ўсмирлар.

Бангладешда мадрасаларнинг бир қанча тури мавжуд. Улар орасида фаолияти ҳукумат томонидан назорат қилинадиган, ўқув дастури эса расмийлар томонидан тасдиқланадиган мадрасалар ҳам бор. Аммо бу таълим даргоҳларининг аксариятини хусусий шахслар, масжидлар ва диний ташкилотлар томонидан очилган мадрасалар ташкил этади. Уларнинг сони қанчалигини ҳеч ким аниқ билмайди. Бангладешлик экспертлар улар сони 10 мингта эканини айтадилар. Қайд этиш жоизки, расмийлар улар фаолиятини мутлақо назорат қилмайдилар.

Даккадаги университетнинг Тинчликпарварлик ва конфликтология кафедраси раҳбари Рафиқул Ислом гапиради:

- Агар Бангладеш тарихини таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, мадраса талабалари кенг кўламда зўравонлик ҳаракатларида иштирок этмаганларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бунга мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият асос бермаган. Бироқ сўнгги пайтларда Бангладешда Покистон мадрасаларида таълим олган, ваҳҳобийлик ва мавдудийлик ғоялари тарафдорлари ёки Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлар сони кўпайиб бормоқда.

Мен бу одамлар мадрасаларда Марказий Осиёдан келган талабалар пайдо бўлишига алоқадор, деб ўйлайман. Уларни Оллоҳнинг аскарлари қилиб тарбиялаяптилар. Кейин улар уйларига, Марказий Осиёга қайтади. Шунақа ишлар, - дейди Рафиқул Ислом.

Қирғизистонлик талабалар билан телефон орқали суҳбат чоғида улар нодавлат мадрасасида ўқиётганларини ва ўқишни битирганларидан кейин ҳеч қанақа диплом олмасликларини эътироф этдилар: “Қуръон ёдлашнинг ўзи бир диплом. Қуръонни бошидан охиригача ўқиб бера олсанг, шунинг ўзи билимингга далил бўла олади. Давлат томонидан ҳеч қанақа ҳужжат берилмайди. Оллоҳ таоло томонидан диплом берилади”.

- Агар давлат назоратидаги мадрасада ўқисанг, соф Ислом асосларини ўрганолмайсан ва Шариатнинг барча аҳкомларини ўзлаштиролмайсан, - дейди Бангладешдаги мадрасалардан бирида таълим олаётган қирғизистонликлардан бири.

- Мен Жумғалдан бўламан (Қирғизистоннинг Норин вилоятидаги туманлардан бири – таҳр.). Бир неча йилдан бери шу ердаман, - дея давом этди ўзини Аҳмад деб таништирган бошқа бир қирғизистонлик. – Бишкек марказий масжидидан Абдураҳим акани топсангиз, у барча ҳужжатларни ҳозирлаш ва факс орқали жўнатишга ёрдам беради.

“Мадрасага қабул қилиш шартлари қандай?” деган саволимизга суҳбатдошимиз қуйидагича жавоб берди: “Ҳеч қанақа шарт ҳам йўқ. Асосийси, ёшингиз 15 дан ошган бўлиши керак. Шундай бошқа шарти ҳам йўқ. Қирғиз болалардан бу ерда элликтача бор. Ўндан ортиқ дунган болалар ўқийди. Таиланд ва Озарбайжондан ҳам болалар бор”.

“Таблиғи Жамоат”нинг “яширин” фаолияти

Қирғизистон қонунларига мувофиқ, 16 ёшга тўлмаган ўсмирларни диний таълим даргоҳларида ўқиш учун хорижга жўнатиш тақиқланади. Айни пайтда, махсус хизматлар маълумотига кўра, Бангладешга 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўқишга кетаяпти. Даккада жойлашган масжид қошидаги мадрасада ўқиш учун асосан “Таблиғи Жамоат” аъзоларининг болалари ёки ҳаракат даъватчиларининг яқинлари юборилмоқда.

Қирғизистон парламентининг Таълим, фан, маданият ва спорт ишлари бўйича қўмитаси раиси Қанибек Ўсмўналиев Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида бу бошбошдоқликларнинг барчаси ота-оналарнинг саводсизлиги, расмийларнинг чорасизлиги ва диний муассасалар фаолиятини тартибга солувчи давлат ташкилотларидаги коррупция туфайли содир бўлаётганини таъкидлади.

“Таблиғи Жамоат” ҳаракатининг фаолияти Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда тақиқланган. Қирғизистонда у нисбатан эркин ҳаракат қилади ҳамда унинг фаол даъватчилари пойтахт Бишкек ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида иш юритади. Бу ҳаракат аъзолари тинч йўл билан уйма-уй юриб, соф Ислом ғояларини тарғиб қилади, деган фикр мавжуд. Улар сиёсатга аралашмайдилар, зўравонликни қўллаб-қувватламайдилар. Қирғизистонлик қатор экспертлар “Таблиғи Жамоат” чекка қишлоқларда ёшлар билан иш олиб бориш орқали уларга маърифат улашаётганини айтадилар.

Ана шундай ижобий баҳолар қабатида бошқа бир савол юзага келади – ҳаракатнинг вояга етмаганларни хориждаги ўқув даргоҳларига жалб қилиши нақадар қонуний? Бу ерда гап ўсмирларни Бангладешга жўнатиш устида кетмоқда. Бу ўсмирларга журналистлар билан сўзлашиш қатъиян маън қилинган. Юқорида сўзларини келтирганимиз икки қаҳрамонимизни биз тасодиф туфайли топдик. Ҳамкасбимиз респондентларимиз берган манзил бўйича Даккадаги мадрасага борганида, унга: “Бу ерда чет элликлар йўқ” деб, эшикни қарсиллатиб ёпиб қўйишибди.

Қирғизистонлик талабаларнинг биз билан суҳбатда айтишларича, уларга телевизор кўриш, газета ўқиш ва интернетдан фойдаланиш қатъиян тақиқланган. Улар билан қилинган суҳбат асносида бу ўсмирлар, гарчи ўзлари тан олмасалар-да, савия жиҳатдан ўз тенгдошларидан ортда қолиб кетганини сезиш қийин эмасди.

Бангладешнинг ўзида эса экспертлар бундай мадрасаларда ўқиган кўп сонли талабалар армияси келажакда мамлакат тараққиёти учун фойда бермаслиги ҳақида гапирмоқдалар.

(Мазкур материал Озодликнинг қирғиз хизмати ходимлари Венера Сағиндиқ қизи ва Гулайим Ашакеева томонидан тайёрланган)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG