Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:01

Ғарб Сурияга эҳтимолий ҳарбий зарба масаласини кўриб чиқмоқда


Чегара билмас шифокорлар ташкилоти ўтган чоршанба кунги кимёвий ҳужумда камида 355 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.
Чегара билмас шифокорлар ташкилоти ўтган чоршанба кунги кимёвий ҳужумда камида 355 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.

Сурия ҳукумати кимёвий ҳужум амалга оширганига оид иддаолар ортидан ғарб давлатларининг бу мамлакатга ҳарбий зарба бериши эҳтимоли кун тартибида қолмоқда. Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг Сурияда эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларни бошлаш масаласини муҳокама қилиш учун мамлакат парламентни фақвқулодда мажлисга тўплаш борасида қарор бериши кутилмоқда. АҚШ расмийлари ҳам эҳтимолий ҳужумга ишора қилувчи баёнотлари фонида БМТ инспекторлари кимёвий ҳужумга оид иддаоларни текширишни давом эттирмоқда.



Британия қуролли кучлари Сурияда кимёвий ҳужум уюштирилгани ҳақидаги иддаоларга жавобан бу мамлакатга ҳарбий зарба бериш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.

Британия бош вазири маъмуриятининг маълум қилишича, Дэвид Кэмерон эҳтимолий ҳарбий интервенция масаласини муҳокама қилиш учун парламентни чақиртириш борасида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Кэмероннинг матбуот котиби, ҳозирча куч қўллаш тўғрисида бирор қарор берилгани йўқ, дея алоҳида таъкидлади.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим ҳарбий ҳаракатлар бошланадиган тақдирда Сурия “ихтиёридаги барча воситалар” билан ўзини ҳимоя қилади, дея баён қилди. Сешанба кунги қилган чиқишида Муаллим ғарб давлатлари томонидан Суриядаги урушда кучлар мувозанатини ясашга уриниш “хато” бўлади, дея таъкидлади.

Чегара билмас шифокорлар ташкилоти ўтган чоршанба куни Дамашқ яқинида амалга оширилгани иддао қилинаётган кимёвий ҳужум оқибатида камида 355 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.

Сурия Президенти Башар ал-Ассад ва исёнчи кучлар бир-бирини кимёвий қурол қўллаётганликда айблаб келади.

Айни пайтда, Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим кимёвий ҳужум иддаоларини душанба куни текшира бошлаган БМТ терговчилари иши чоршанба кунгача тўхтатиб қўйилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бунга исёнчилар БМТ мутахассисларининг хавфсизлигини кафолатлашни ўз зиммасига олмагани сабаб бўлган.

Душанба куни БМТ инспекторлари ҳужум рўй берган жойдан намуналарни олишни бошлади ва “муҳим далиллар”ни қўлга киритгани айтилди.

26 август куни БМТ инспекторлари Дамашқ ташқарисидаги Маадамиет мавзесига бориб, текширувни бошлади. Кеча воқеа жойига кетаётган БМТ инспекторлари номаълум снайпер томонидан ўққа тутилди. Сурия ҳукумати ва мухолифат бир-бирини отишмани махсус уюштирганликда айблади.

Душанба куни Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Жон Керри иддао қилинаётган кимёвий ҳужумни “маънавий бузуқлик” дея атади. Бу ҳужумни амалга оширганлар жавобагрликка тортилиши лозим, деди Керри.

- Президент Обама Ассад режимини бунга оид халқаро қонунларнинг бузилиши оқибатларсиз қолмаслигидан огоҳлантиргани бежиз эмас. Сурия ҳақида қандай фкрлар айтилаётганидан қатъий назар, барча халқлар ва миллатлар умуминсоний қадриятлар ҳаққи, кимёвий қуролнинг қўлланиши учун жавобгарлик бўлишини бир овоздан айтиши керак, токи бундай воқеа такрорланмасин,- деди АҚШ давлат котиби.

Қўшма Штатлар бунга оид қўшимча маълумотларни қўлга киритган ва яқин кунлар ичида уларни эълон қилади, деди АҚШ давлат котиби.

Россия Ассад тарафидаги қўшинлар кимёвий қурол ишлатганига оид иддаоларни тасдиқловчи далиллар йўқлигини айтмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Александр Лукашевич сешанба куни қилган чиқишида БМТ розилигисиз ҳарбий интервенция бошламасликдан огоҳлантирди.

- БМТ Хавфсизлик кенгашини айланиб ўтиш ҳаракатлари ва яна бир бор минтақада ҳарбий интервенция бошлаш учун сунъий ва асоссиз баҳоналарни ўйлаб топиш Сурия учун янги азоб ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бошқа мамлакатлар учун ҳалокатли оқибатларни олиб келиши мумкин, деди Россия расмийси.

Сешанба куни Хитойнинг Синхуа агентлиги Ғарб давлатлари кимёвий қуролни ким ишлатганига оид хулосаларни чиқаришда, БМТ терговчилари ўз ишларини якунлашини кутмасдан, шошма-шошарлик қилмоқда, дея баёнот қилди.

БМТ мутахассислари Дамашқ яқинида кимёвий ҳужум амалга оширилиганига оид иддаоларни текширишни давом эттиришга ҳозирлик кўрмоқда.

Душанба куни БМТ матбуот вакили Фарҳан Ҳақ терговчилар, унинг таъбири билан айтганда, “муҳим далилларни” топди, дея маълум қилди.
XS
SM
MD
LG