Линклар

2013 йил 16-17 октябр кунлари Тошкентда Тўққизинчи пахта ва текстил ярмаркаси ўтказилади. Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда етиштирилган пахтани сотиб олиш бўйича шартномалар имзолаш имкониятига эга бўлади. Болалар мажбурй меҳнати билан боғлиқ халқаро танқидларга қарамай, Бангладеш ўз текстил саноати учун Ўзбекистондан йилига 200 минг тонна пахта толасини сотиб олиш ҳақида шартнома имзолашни режалаган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари Бангладешнинг ушбу режасини танқид қилди.


Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилишига қарши халқаро миқёсда кампания олиб бораётган Cotton Campaign ташкилоти (Вашингтон) мувофиқлаштирувчиси Мэтю Фишер Дал Озодлик билан суҳбатда Бангладеш Ўзбекистондан 200 минг тонна пахта толаси сотиб олиш қарорини қайта кўриб чиқиши кераклигини айтди.

- Агар имзоланиши режаланган шартнома Ўзбекистондан пахта импорти ҳажмини оширишни назарда тутган бўлса, Бангладеш ҳукумати бундай келишув оқибатини назарда тутган ҳолда, ўз қарорини қайта кўриб чиқиши жуда муҳим. Бангладеш Ўзбекистонда пахта етиштириш тизими мажбурий меҳнатга асосланганини тан олиши керак. Ўзбекистонда бундай амалиёт тўхтатилмагунча, ўзбек пахтасидан фойдаланган ширкатлар инсон ҳуқуқларини бузаётганларга шерик бўлиши хавфини пайдо қилишини Бангладеш инобатга олиши керак, - деди Cotton Campaign ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Мэтю Фишер Дал.

Пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиб келаётгани учун кўп йиллардан бери Ўзбекистонни танқид қилиб келаётган Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа бўлими матбуот хизмати бошлиғи Эндрю Штролайн Озодлик билан суҳбатда Бангладеш Ўзбекистондан пахта толаси сотиб олишни режалаётганидан таассуф билдирди.

- Ўзбекистон ҳар йили мажбурий меҳнат, жумладан, болалар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилган пахтани сотишини биламиз. Ҳар йили болалар мактабдан пахта далаларига олиб борилади ва икки ҳафта, тўрт ҳафта ёки олти ҳафта давомида пахта теришга мажбур қилинади. Бангладеш ва бошқа давлатлар пахта сотиб олиш орқали қандай тизимни қўллаб-қувватлаётганини тушуниши керак. Бангладешнинг ўзида ҳам меҳнат қонунлари бузилиши билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд, - деди Эндрю Штролайн.

Август ойи бошида Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби Меҳди Али Озодлик билан суҳбатда пахта толасини Ўзбекистондан тўғридан-тўғри сотиб олиш бўйича шартнома 16-17 октябр кунлари Тошкентда ўтказиладиган Тўққизинчи Халқаро пахта ярмаркасида имзоланиши режаланганини айтган эди.

- Мақсадимиз Ўзбекистондан пахта толасини тўғридан-тўғри сотиб олишга эришиш. Бангладеш ҳукумати бу борада Ўзбекистон билан йиллардан бери музокара олиб бормоқда, лекин бу тезроқ ҳал этилишига умид қилаяпмиз, - деганди Бангладеш Пахта уюшмаси бош котиби.

Бангладеш ўз тўқимачилик саноати учун йилига зарур бўлган 4 миллион тонна пахта толасининг учдан бир қисмини воситачи ширкатлар орқали Ўзбекистондан олади.

Бангладешдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ширкатлар учун ўзбек пахтасини воситачилар, асосан Женевада жойлашган таъминотчилардан сотиб олиш қимматга тушаётгани боис улар нисбатан арзон Ҳиндистон пахтасини кўпроқ сотиб ола бошлади.

Ҳюман Райтс Уотч расмийси Эндрю Штролайн, халқаро ташкилотлар танқидларига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ўн йиллар давомида болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиб келаётгани ва 21-асрда, айниқса, болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни ҳеч қандай сабаб оқлай олмаслигини таъкидлади.

- Болалар мажбурий меҳнати тўхтатилиши керак. Бу тўғрида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳозирги замонда бундай амалиёт қўлланилишини ҳеч қандай сабаб оқламайди. Бунга чек қўйиш учун ҳукумат адолатли ҳақ тўлиши керак. Пахта теримчилари болалар бўлмаслиги керак. Болалар пахта деб мактабдан, билим олишдан мосуво бўлмаслиги керак. Буни кўп йиллардан бери Ўзбекистонга ҳамма айтиб келмоқда. Афсуски, Тошкент бунга парво қилмай келмоқда, - деди Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа бўлими матбуот хизмати раҳбари Эндрю Штролайн.

Ўтган йили Тошкентда ўтказилган Саккизинчи пахта ярмаркасида дунёнинг 38 давлатидан келган ширкатларнинг 1000 дан ортиқ вакили иштирок этган.

Тадбир давомида 12 та хорижий ширкат билан қиймати 600 миллион доллардан ортиқ бўлган 150 та шартнома имзоланган.

Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта етиштиради, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон пахта экспорти ҳажмининг 40 фоизи Россияга тўғри келади. Бангладеш, Хитой ва Жанубий Корея ҳам ўзбек пахтасининг асосий харидорлари ҳисобланади.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилгани боис ҳуқуқ ҳимоячилари хориж ширкатларини Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилишга чақириб келмоқда.

Шу кунга қадар дунёнинг 108 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган. Улар орасида H&M, Gap, Walmart, TESCO, Gucci, Yves, Saint Laurent каби машҳур ширкатлар ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG