Линклар

Бизнинг орзуимиз бор - Мартин Лютер Кинг илҳомлантирган орзулар


Озодлик Радиоси (Radio Liberty) муҳаррири Франсис Роналдс Мартин Лютер Кингдан интервью олмоқда. 1966 йил.

Озодлик Радиоси (Radio Liberty) муҳаррири Франсис Роналдс Мартин Лютер Кингдан интервью олмоқда. 1966 йил.

Бундан 50 йил олдин, 1963 йилнинг 28 август куни АҚШ пойтахти Вашингтонда 250 мингга яқин одам тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий адолат ва барчага ишлаш учун имконият шиори остида юриш қилди.

Вашингтон марказидаги Ликолн обидаси олдидаги майдонга тўпланганлар фуқаровий ҳуқуқлар учун курашчи Мартин Лютер Кингнинг машҳур "Менинг бир орзуим бор" деб номланган нутқини ирод қилганига гувоҳ бўлишди. Улар бир кун келиб одамлар "танасининг рангига қараб эмас, феъл-атворига қараб хулоса чиқариладиган мамлакатда яшашини" орзу қилишарди.


Президент Абраҳам Линкольн қора танлиларни қулликда озод қилиш прокламациясини имзолганидан юз йил ўтиб Вашингтонда ўтказилган Иш ва Озодлик учун юриш Қўшма Штатлардаги фуқаровий ҳуқуқлар ҳаракати учун муҳим босқич бошланишини белгилаб берди.

Мартин Лютер Кингнинг 15 дақиқа давом этган нутқи инсоният тарихида адолат учун энг илҳомлантирувчи нутқ сифатида танилди.



Кўпчилик, нотиқлик санъатининг классик намунаси деб, тан оладиган нутқ қора танлиларни қулликдан озод қилиш ҳақида фармон имзолаган президент Авраам Линколн обидаси олдида бу улуғ фармонни миннатдор авлод каби эслаш билан бошланган эди.

- Рамзий сояси остида турганимиз бир буюк америкалик бундан юз йил муқаддам негрларни озод қилиш тўғрисидаги прокламацияни имзолаган эди. Бу муҳим фармон адолатсизликнинг куйдириб кул қилувчи оловидан куйган миллионлаб қора танли қуллар учун умид нури улашувчи муҳташам маёққа айланди. У асоратнинг узун тунига якун ясаган қувончли тонгга айланди, деб бошлаган эди Мартин Лютер Кинг ўзининг ўша, тарих саҳифаларидан "Менинг бир орзуим бор", деган ном билан жой олган нутқини.



1963 йилнинг 23 август куни Вашингтонда, 250 минг америкалик иштирок этган митингда ирод этилган бу нутқ давомида бу фармон ижобати учун 100 йил камлик қилаëтганини таъкидлади.

- Орадан юз йил ўтди ҳамки негр ҳамон озод эмас. Орадан юз йил ўтди ҳамки негрнинг ҳаёти, таассуфки, ҳамон сегрегация кишанларию дискриминация тушовлари билан жароҳатланмоқда. Орадан юз йил ўтди ҳамки негр моддий фаровонлик уммони ўртасидаги кимсасиз қашшоқлик оролида яшамоқда, деб тасвирлаганди Кинг қора танли америкаликнинг XX аср ўрталаридаги ҳаётини.

Бор-йўғи 15 дақиқа давом этган нутқида Мартин Лютер Кинг қора танли америкаликларнинг асрий орзу-умидларини ифода қила олган эди.

Менинг бир орзуим борки, кун келади, миллат қаддини ростлаб "Барча баробар яратилган эканини ўз-ўзидан равшан деб ҳисоблаймиз", деган шиорнинг асл маъносини тушуниб етар кун келади.

Менинг бир орзуим борки, кун келади, менинг тўрт фарзандим танасининг рангига қараб эмас, феъл-атворига қараб хулоса чиқариладиган мамлакатда яшайдиган кун келади.

Менинг бир орзуим бор, менинг бир орзуим бор, менинг бир орзуим бор...

Мартин Лютер Кинг ҳар сафар янги фикрини шу сўзлар билан бошлар экан, Линкольн мемориали олдидаги майдонда тўпланган юз минглаб, бу майдонга келолмаган миллионлаб афроамерикаликнинг ҳар бири номидан гапираётгандай бўлган эди.

Афроамерикаликнинг асосий орзуси эса, тенглик эди.

Мартин Лютер Кинг саслантирган мужда миллионлаб афроамерикиаликлар шуурида биз ҳам одаммиз деган туйғуни парваришлади.

Бу нутқдан 40 йил ўтиб Кондализа Райс, Колин Пауэлл каби афроамерикаликлар мамлакат раҳбарлигининг юқори лавозимларига сайланди.

Бу нутқдан 45 йил ўтиб Америка Қўшма Штатларига қора танли киши президент қилиб сайланди.

АҚШда қора танлиларнинг оқ танлилар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиши учун курашган Мартин Лютер Кингнинг бу нутқи миллионлаб одамларнинг онгини ўзгартирган ва жаҳон тарихида ижтимоий, иқтисодий, ирқий, диний камситишларнинг йўқ қилиниши учун омил бўлган эди.

1964 йилда Мартин Лютер Кингга Нобел Тинчлик мукофоти топширилган.1983 йилдан бери январ ойининг ҳар учинчи душанбаси АҚШда Мартин Лютер Кинг куни миллий байрам сифатида нишонланади.

Мартин Лютер Кинг 1968 йилда суиқасд қурбони бўлди

Бу воқеанинг 50 йиллиги муносабати билан Озодлик Ўзбекистоннинг таниқли кишилари, миллат озодлиги ва жамият ривожи учун курашган ўзбекистонликлардан Ўзбекистон учун қандай орзуингиз бор, деб сўради.

Чунки Мартин Лютер Кинг айтганидек, "Бирор жойдаги адолатсизлик ҳамма жойдаги адолат учун таҳдиддир".

Вячеслав Охунов, дунёга танилган ўзбек рассоми

Вячеслав Охунов.

Вячеслав Охунов.

65 ёшли рассом Вячеслав Охунов дунё тан олган ўзбекистонлик саноқли рассомлардан. 1979 йилда Суриков номида Москва Санъат Институтини тугатган Вячеслав Охунов совет давриданоқ тоталитаризм ва авторитаризмга қарши исён рамзига айлнган рассомлик йўналишни яратди. Унинг асарлари ҳар бир шахснинг танлов ҳуқуқига асосланган.

- Менинг Ўзбекистон орзуим, президент айтганидек, келажаги буюк давлат эмас. Менинг Ўзбекистон учун орзуим жўнроқ. Масалан, Ҳолландия ёки Дания каби одамларнинг ишлаш имконияти бўлса, ишига яраша ҳақ олса. Ҳар бир одамда ўқиш, таълим олиш имкони бўлса, яхши, сифатли тиббий ёрдам олиш имкони бўлса, ҳар бир одамнинг имтиёзлар, давлат тарафидан ижтимоий ҳимояланиш имконияти бўлса, давлат уларни алдаб, ҳар хил керак бўлмаган солиқларни солмаса. Ҳар бир ўзбекистонлик муносиб уйда яшай олиш имконига эга бўлса, яхши ҳақ олиш, яхши машинага эгалик қилиш, хорижга сафар қилиш, фарзандларини мамлакат ичкарисидаги ва хориждаги нуфузли университетларда ўқита олиш имконига бўлса, деб орзу қиламан. Ўзбекистон учун энг катта орзуим шу.

Отаназар Орипов, профессор, Эрк партияси бош котиби

Отаназар Орипов.

Отаназар Орипов.

70 ёшли физика ва математика фанлари доктори Отаназар Орипов Ўзбекистон мустақиллик декларацияси ва Ўзбекистон конституцияси лойиҳасини ҳали мамлакат мустақил бўлмасидан туриб ëзгани билан ҳам танилган. У қуëш энергияси соҳасида қўлланиладиган кремний моддаси докторлик иши ëзган олим. Бу соҳада 50дан ортиқ мақолалари бор. Отаназар Орипов 1994 йилда сиëсий айблар билан қамоққа ташланган ва халқаро жамоатчилик талаби билан Озодликка чиқарилган эди.

- Мен дийдор эркинлиги амалга ошишини орзу қиламан. Дунëдаги барча ўзбеклар ўз қўшнилари билан чекловларсиз борди-келди қила олса, дея орзу қиламан. Истаган жойда¸ истаган пайтда ўзбеклар ўз элдошлари билан чекловсиз учраша оладиган кунлар келишини орзу қиламан. Биз мана истаган одамимиз билан учраша олмаймиз. Масалан, мен билан учрашмоқчи бўлганлар тазйиқ қилинади,- дейди Отаназар Орипов.

Тошкентда яшаëтган Отаназар Орипов ўз уйининг доимий кузатувда эканини билдирди.

- Мана хозир ҳам кўча бошида мени уйимга ким кириб чиқаëтганини иккита машинада ўтириб кузатиб туришибди дейди суҳбатдош.

Шукрулло, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Шукрулло.

Шукрулло.

92 ëшли шоир, носир ва драматург Шукрулло эрк ва озодлик ҳақида шеър ëзгани учун Сталин лагерларида умрининг бир қисмини ўтказган. 1949 йилда Шукрулло Совет ҳукуматига қарши, Ўзбекистонни СССРдан ажратиш ҳақида шеър ёзганлик айби билан ГУЛАГ қамоқларига ташланган. Шукрилло ўз миллатдошларининг ҳар томонлама эркин бўлишини орзу қилишини айтади.

- Орзуимиз ҳамиша озодлик¸ эркинлик. Мана энди озодлик деймиз мустақиллик деймиз. Худога шукр мустақилликка эришдик. Эндиги орзуимиз бировни бировга қарам бўлмаслиги. Ўзимизни қадримизни билишимиз керак. Биз инсон сифатида киммиз¸ қадр қимматимиз борми¸ эркин инсон бўлдикми¸ ўз ҳуқуқини қўлга олган инсон бўлдикми? Мана шу саволларга жавоб топилишини орзу қиламан. Мана биз мустақилмиз. Эртага мустақиллик байрами. Эркин одам дегани қамоқдаги одам дегани эмаску ахир. Совет конституциясида ҳам кишилар эркин дейилган эди. Аммо ўша пайтдаям ҳукуматга қарам эдик.

Ёзувчи, Озодлик билан суҳбатда, бугунги ўзбек зиёлилалрига қарата "қўрқманг", деган муждани саслантирди.

- 9 том китобим чиқаяпти. Ҳаммаси совет даврида ëзилган. Энди ўша вақтда ҳам ўз виждони билан, ўз виждонига эрк бериб ëзиш мумкин экан. Қўрқмасдан Худога ишониб. Лекин биз шуни қилмаганмиз. Биз қилиб, ўша қамоқни ҳам кўрдик. Қамоқдан қайтгандан кейин ҳам виждонимизни сотмадик. Энди бу одамнинг эътиқодига ҳам боғлиқ. Эътиқод мустаҳкам бўлиши керак инсонда, имон мустаҳкам бўлиши керак. Халқ, миллат, ватан манфаатидан бошқа ҳеч қанақа қонун бўлмаслиги керак. Қонун шу. Миллат, ватан, халқ манфаати. Мана шунга амал қилиш керак. Айниқса ëзувчиларимиз, айниқса зиëлиларимиз. Бировнинг оғзига қараб, бировдан манфаат кутиб яшамаслик керак,- дейди Сталин қатағонларини ўз бошидан кечирган ëзувчи Шукрилло.

Суҳбатдошимиз ўзи устидан КГБга (СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси) ëзилган ва унинг қамалиши учун асос бўлган ҳужжатларни қўлга киритганини айтади.

Шукруллонинг айтишича, шоир Темур Фаттоҳ (ЎзССР гимни муаллифи-таҳр), шоир Асқад Мухтор ва ëзувчи Саид Аҳмаднинг чақув хатларини асос қилган маҳкама уни қамоққа ҳукм қилган.

Чақув хатида Шукрулло Ўзбекистонни эркин бўлишини орзу қилганликда айбланади. Тақдир тақозоси билан Шукриллони “Совет ҳукумати душмани”, деб кўрсатма берган ëзувчи Саид Аҳмадга атаб Ўзбекистон ҳукумати тарафидан 2013 йил июл ойида Тошкент марказида ҳайкал ўрнатилди.

Бу ҳолат суҳбатдошларимиз Отаназар Орипов¸ Шукрулло ва Вячеслав Охуновлар таъкидича¸ мустақиллик ва эркинликни орзу қилганлар камситилаëтган мамлакат нишонасидир.

Орзу қилишдан чарчаманг

Мартин Лютер Кинг тенглик ҳақидаги машхур нутқини ирод қилганида 34 ëшда эди.

Бугун 34 ëшга кирган ўзбекларнинг кўпи тирикчилик ташвишлари қулига айлангани кузатилади.

Улар нон ҳақида эмас балки эрк ҳақида орзу қилиши тилаклари битилган китобдан иқтибос келтирсак:

“Муҳтарам дўстларим, озодлик хаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир. Бу хаёл ва бу орзу сиз учун яратилгандир."

Бу сатрлар 1975 йилда¸ ҳали Ўзбекистон совет мустамлакаси бўлган даврда “Озодликни севган инсон” деган шеър ëзишга журъат топган шоир ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳга оид.

Шоир ўзбек ëшларини эркинлик ҳақида “Орзу қилишдан чарчамасликка” чорлайди. Бунинг учун эса “Қўрқувдан қутулмоқ керак” дейди шоир бундан 18 йил аввал ëзган китобида:

- Қўрқувдан қутулишнинг йўли битта: яратганга инонмоқ, ватанни севмак ва ҳар иккисига хизмат этмоқ. Бу хизмат билан машғул инсоннинг қўрқувга фурсати қолмайди.

Бу китобни сизларга бағишламоқдаман, чунки уни ҳадиксирамай ўқиши мумкин бўлган муҳтамал кишилар сиз бўлажаксиз. Ёши улуғларга бу китоб телба романтизм маҳсулоти бўлиб кўриниши мумкин, аммо сизга бундай кўринмаяжак, чунки сизлар хаёлпарастсизлар. Бунга сизнинг ёшингиз мусоид ва албатта, ақлингиз мусоиддир.
Ҳурриятни хаёл қилинг, иншооллоҳ, хаёлингиз ҳақиқатга айланажакдир. Ёшлигингизни, кучингизни ва ақлингизни моддий дунёга таслим этмангиз, уларни иймон, ватан ва миллат ҳуррияти учун харжлангиз.

Бу ёзувлар нотекис, чунки юрилган йўл шундай эди. Бу ёзувлардан гўзаллик кутманг, чунки булар ўз қаламини синдириб қўйган бир қаламкашнинг ёзувларидир. Зотан, бундан роппа­роса йигирма йил аввал камина ҳам шундай орзу қилар эди¸ деб ëзади бугун муҳожиратда яшаëтган арбоб.

Мартин Лютер Кинг тенглик ҳақидаги машхур нутқини ирод қилганида 34 ëшда эди.

Ўзбекистонлик 28 яшар журналист Мохиржон ўз тенгдошларининг Мартин Лютер Кинг каби глобал орзуларни хаëл қилмаслигини айтади:

- Менинг тенгдошларим Мартин Лютер Кинг каби буюк орзуга берилганини кўрмаганман. Кўпчилигининг орзуси оддий. Машина олиш¸ уйга эга бўлиш. Одам нима йўқ бўлса шуни орзу қиладику. Вилоятдан келганлар эса Тошкентда пропискага туришни орзу қилишади¸ дейди Ўзбекистонлик 28 яшар журналист Мохиржон.

Улуғ нарсалар ҳақида орзу қилайлик

Ўзбекистонлик ëшлар вакили Мохиржон ўз тенгдошларининг буюк орзулардан мосуволигини айтади.

Суҳбатдошга кўра, ўзбек ëшларининг кўпи тузукроқ кийим сотиб олишни орзу қилишади.

1987 йил таниқли киночи Карен Шохназаров суратга олган "Курьер" филми финалида ëшларни улуғ нарсаларни орзу қилишига чорлов бор.

Филм қахрамони дўстига қараб сен нимадир орзу қиласанми ўзи, деб сўрайди.

- Палто сотиб олиш менинг катта орзуим, дейди ëш йигит.

- Шуям орзу бўлибдими¸ дейди бунга жавобан филм қахрамони.

- Қиш келяпти. Менинг эса иссиқ кийимим йўқ. Ўтган қишни юпқа курткада дирдираб ўтказдим, дейди бу саволга жавобан ëш йигит.

Ана шундан кейин "Курьер" филми бош қаҳрамони эгнидаги палтосини ечиб шеригига кийгизади.

- Мана сенга палто. Кийиб юравер. Бундан буëғига буюк нарсалар ҳақида орзу қил! дейди Совет Иттифоқи қулашидан 4 йил олдин экранларга чиқарилган бу филм бош қахрамони.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG