Линклар

Ўзбеклар Москва мэри сайловларида фаол


Ўзбекистонлик мардикорлар хизматидан ҳам мухолифатчи Алексей Навальний, ҳам Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин фойдаланмоқда.

Ўзбекистонлик мардикорлар хизматидан ҳам мухолифатчи Алексей Навальний, ҳам Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин фойдаланмоқда.

2013 йилнинг 8 сентябрига белгиланган Москва ҳокими лавозимига сайловларга тайёргарлик жараёнида ўзбекистонлик мардикорлар фаоллик кўрсатаётгани кузатилмоқда. Деярли барча номзодлар мигрантларга қарши эканини яширмаётган бўлса-да, ҳам мухолифатчи Алексей Навальний, ҳам Москва шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Сергей Собянин сиёсий курашда ўзбек муҳожирлари меҳнатидан фойдаланаётгани қайд этилди.


Ўзбеклар Навальнийга тарафдор

Куни кеча Москва шаҳар транспорт полицияси “Парк культуры” метро бекатида кечки 7:30ларда Москва мэри лавозимига мухолифат номзоди Алексей Навальний номидан варақалар тарқатаётган ўзбек муҳожирларини ҳибсга олди.

Ҳеч қаерда расман қайдда турмаган 1973 ва 1964 йилда туғилган ўзбекистонликлар зарурий рухсатнома ва ҳужжатларсиз метрода тарғибот-ташвиқот фаолиятини юритганликда айбланмоқда.

Қўлга олинган 39 ёшли андижонлик Шуҳратжон Аҳмедов НТВ телеканали мухбирларига дўстига кўмаклашишга чиққани, аммо Навальний ўзи ким эканини билмаслигини гапириб берди.

- Қоғоз тарқатаётган эдим. Навальскийми.... Навальнийми... билмадим кимлигини. Менга дўстим қўнғироқ қилди, биз метро олдида учрашдик, кейин мен тарқатдим. Шунчаки, 100 рублга ёрдамлашвордим, дейди Шуҳратжон Аҳмедов.

Полицияда ташвиқот материалларини ноқонуний тарқатганликда айбланаётган ўзбекистонликларга нисбатан протокол тузилгани ва улар маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилишди.

- Биз Алексей Навальний сайлов штабидан, ҳам мэр лавозимига номзоднинг ўзидан Москва метрополитенида бу ишлар билан шуғулланмасликни сўраймиз. Бунинг учун кўчалар, майдонлар мавжуд. Қонун асосида метрода ҳам тақиқланмаган ташвиқот ишларини олиб бориш мумкин, лекин мана бу ишлар ноқонунийдир, дея ўзбек муҳожирларидан олинган варақаларга кўрсатади Москва метрополитенидаги 4-полиция бўлими бошлиғи муовини Олег Гагарин.

Ўзбеклар Собянинга тарафдор

Айни пайтда, ўзининг миллатчилик ва мигрантларга қарши чиқишлари билан танилган номзод Алексей Навальний август бошларида ўзининг асосий рақиби Сергей Собянинга мурожаат қилиб, “ҳоким томонидан жўнатилган ўзбеклар” унинг номи ёзилган баннерларни кўп қаватли уйлар балконларидан олиб ташлаётганидан арз қилган эди.




“Нега Сизнинг мэриянгиз плиткаларни ўғирлаяпти?” деган саволга жавоб бермаяпсиз. “Нега Сизнинг мэриянгиз кўкаламзорлаштиришда ўғирлик қиляпти?”, деган саволимга ҳам жавоб бермаяпсиз. Балким Сиз нега ДЕЗлик ўзбекларингиз одамларнинг балконларидаги “Навальний” ёзувларини ўғирлаётганига тушунтириш берарсиз?” – деб ёзди Навальний шахсий блогида.

Мухолифатчи “баннерлар – сайлов штаби шахсий мулки экани” ва “одамлар уни ўз ихтиёри билан бепул ўрнатганини” кўрсатди.

“Ўзбекларингиз баланд биноларга рухсатномасиз чиқиб ишлаяпти. Улар ахир тушиб кетиб ўладику... Ўлмагани бошқа ўзбекларга москваликларнинг уйларига осонгина кириш йўлларини кўрсатиб беради. Бу эса тураржой ўғирликлари сони кўпайишига олиб келади” –дея куйинди Алексей.





Москва мэри лавозими учун курашаётган Алексей Навалний сайловолди дастурини айнан “гастарбайтерларга қарши” шиорлар асосида тузди.

- Нима учун Думада кўпчиликни ва Москва шаҳар думасида 90 фоизни эгаллаб келаётган “Ягона Россия” Марказий Осиё ва Кавказорти республикалари билан виза режимини жорий қилмаяпти? Нима учун ҳар қайси ўзбек ёки тожик оддий паспорт билан бу ерга кириб келиб, истаганича қолиши мумкин? – дея йиғилган москваликларга мурожаат қилди Навальний чиқишларидан бирида.

Ўзбек муҳожирлари нафақат Москва шаҳар ҳокими сайловларида, балки президент сайловида Владимир Путинни қўллаб-қувватлагани “Лужники” стадиони ва Кремл олдига митингга келгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шу билан бирга, кузатувчилар мигрантларга қарши миллатчи ёшлар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларининг фаоллашганини бевосита шаҳар мэри Сергей Собянин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг мигрантларга қарши чиқишлари билан боғламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрга мўлжалланган Москва мэри лавозими учун коммунист Иван Мельников, “Яблоко” партияси намояндаси Сергей Митрохин, “Адолатли Россия” раиси Николай Левичев, ЛДПР бошқаруви аъзоси Михаил Дегтярев, ўз номзодини ўзи илгари сураётган Сергей Собянин ва РПР-Парнас ҳаракати етакчиси Алексей Навальнийлар курашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG