Линклар

TeliaSonera: Ўзбекистонда қўшимча частота олиш режаси йўқ


TeliaSonera ширкатининг Евроосиё бўйича жамоатчилик алоқалари департаменти вице-президенти Эрим Тайланар.

TeliaSonera ширкатининг Евроосиё бўйича жамоатчилик алоқалари департаменти вице-президенти Эрим Тайланар.

Ucell техник директорининг МТС-Ўзбекистондан қолган частоталарни сотиб олиш истаги акс этган баёнотига изоҳ берган TeliaSonera раҳбарияти ўз шўъбасининг Ўзбекистонда етарли частоталарга эга эканини таъкидлади. Озодликка йўлланган расмий мактубда айни дамда Ucell учун қўшимча частоталарни сотиб олиш режаси йўқлиги айтилди.



TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги шўъбаси - Ucell ширкати Тахник директори Гуркан Арслоннинг ўзбек матбуотига берган баёноти юзасидан Озодликда туғилган саволларга жавоб берди.

Гуркан Арслон ўзбек Интернет нашрига берган интервьюсида Ucell мобил алоқа операторининг хизмат сифатини ошириш учун Ўзбекистон ҳукуматидан қўшимча частоталар сотиб олиш истагини билдирган эди.

У, хусусан, 9 ярим миллиондан ортиқ абоненти сарсон қолган собиқ МТС-Ўзбекистон мобил оператори фойдаланган частоталарга қизиқиш билдирган эди.

Тошкентдаги шўъба корхонаси техник раҳбарининг жамоатчилик эътиборини тортган бу баёнотига изоҳ берган TeliaSonera ширкати лицензияси бекор қилиниб, мулки кимошдига чиқарилган МТС-Ўзбекистон оператори частоталарини харид қилиш режаси йўқлигини билдирди.

TeliaSonera ширкатининг Евроосиё бўйича жамоатчилик алоқалари департаменти вице-президенти Эрим Тайланарга нисбат берилиб, Озодликка йўланган расмий мактубда шундай дейилган:

"Ҳозир Ucell ўз абонентлари базаси учун етарли частотага эга ва айни пайтда қўшимча частота олиш режаси йўқ. Ҳар қандай мобил оператори каби Ucell ҳам вазиятни муттасил кузатиб бормоқда ва ўз бизнесини ривожлантириш зарур ҳолда сотиб олиш мумкин бўлган частоталарни кўриб чиқмоқда. Ucell муқаддам МТС фойдаланган ёки яқин муддатда бўшаши мумкин бўлган бирор бошқа частота бўйича Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилгани йўқ".

26 август куни Ucell Техник директори Гуркан Арслон ширкат айни дамда МТСнинг Ўзбекистондаги собиқ шўъбаси - "Ўздунробита"дан қолган частоталарни сотиб олишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Mezon.uz Интернет нашрига берган интервьюсида Гуркан Арслон Ўзбекистонда иккинчи йирик мобил алоқа оператори бўлиб қолаётган Ucell қамров доираси ҳамда хизмат сифатини ошириш режалари ҳақида гапирган эди.

Жумладан, йил охирига қадар ширкат мамлакатнинг 95 фоизини қамраб олишини таъкидлаган Ucell мулозими интернет нашри мухбирининг: "Собиқ МТС-Ўзбекистонга оид частоталарини харид қилишга қизиқмаяпсизми?" деган саволига жавобан:

"Қизиқаяпмиз. Лекин бу масалани ҳукумат ҳал қилади", деб жавоб берди.

Бироқ айни дамда TeliaSonera ширкати ўз шўъбаси бўлган Ucellнинг Ўзбекистондаги фаолияти учун олинган частоталар эвазига Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага бергани иддао қилинган порага оид терговлар марказида қолмоқда.

TeliaSonera раҳбарларининг Ўзбекистондаги мобил алоқа частоталарини сотиб олиш учун Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. ширкати воситасида Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганига оид иддаолар илгари сурилган эди.

Ҳозир Швеция, Швейцария ҳамда Франция прокурорлари бу иддаолар бўйича тергов олиб бораётган бир пайтда ширкатнинг Тошкентдаги шўъбаси раҳбари оғзидан янги тўлқинларни харид қилиш истаги янграгани жамоатчилик эътиборини тортмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистондаги мобил алоқа бозори гиганти бўлган МТС-Ўзбекистон алоқа оператори ўрнини ким эгаллайди, деган савол жавоби ҳам миллионлаб ўзбекистонликларни қизиқтирмоқда.

Зеро, 2012 йилнинг 17 июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" ширкати алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи, абонентлари сони 9 ярим миллиондан ортган энг йирик алоқа оператори эди.

Айни дамда “Ўздунробита” ширкати банкрот, деб эълон қилинган ва унинг кимошди чиқарилган 510 миллион долларлик мулки давлат тассаруфига ўтказилгани рус матбуотида хабар қилинган.

МТСнинг Москвадаги раҳбарияти бу хабарлар юзасидан бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

Бу ширкат фойдаланган мобил алоқа частоталари учун сотиб олинган ҳақ эса, Ўзбекистон қонунчилигига биноан, лицензия бекор қилинган кундан биноан ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланади.

1996 йилда Coscom номи билан иш бошлаган ва 2007 йилдан бошлаб TeliaSonera ихтиёрига ўтган Ucell ҳозир Ўзбекистонда Beeline операторидан кейинги иккинчи йирик мобил алоқа оператори бўлиб қолмоқда.

Ширкат расмийлар бериган маълумотга кўра, ҳозир бу оператор абонентлари сони 10 миллиондан ортиқдир.
XS
SM
MD
LG