Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

“Форум-18”: Ўзбекистонда ҳукумат баптистлар ерини тортиб олмоқчи


Ўзбекистонда ҳукумат баптистлар диний жамоасига тегишли ер учаткасини тортиб олишга уринмоқда. Диний эркинликлар вазиятини кузатиб бораётган Норвегиядаги “Форум-18” гуруҳи бу ҳақда Озодликка маълум қилди.



Диний эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Форум-18” гуруҳига кўра, Бўстонлиқдаги қарийб бир гектар майдонга эга ушбу ер участкаси ва у ерда қурилган иморатдан Баптистлар уюшмаси болалар учун ёзги лагер ўтказишда фойдаланиб келган.

Ўзбекистондаги ҳукумат Баптистлар уюшмасини бу ерга ноқонуний эгалик қилиб келган дея, кўчмас мулкни улардан тортиб олмоқчи.

“Форум-18” гуруҳи вакили Феликс Корлининг Озодликка айтишича, инсон ҳуқуқлари, одамларнинг мулкчилик ҳуқуқлари топтаб келинадиган Ўзбекистонда бу ҳолат ўз ҳақларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишга уринаётган диний жамоа вакилларини анча мушкул аҳволга тушириб қўйган.

- Ўзбекистон диний эркинликлар қўпол бузиладиган мамлакат. У ерда ҳукумат итсган ташкилот фаолиятини тўхтатиб, мулкини осонгина тортиб олиши одатий холга айлангани бизга аён. Шунга қарамай, Баптистлар уюшмаси ҳукумат билан зиддиятга бормасдан масалани қонуний йўл билан ҳал этишга уринмоқда,- дейди Корли.

“Форум-18” гуруҳи вакилига кўра, Ўзбекистонда расман рўйҳатдан ўтган Баптистлар уюшмаси Бўстонлиқдаги ер участкасини 2000 йилда ресторанлар тармоғидан сотиб олган. Унгча бу ер 1993 йилдан буён ўша ресторан тармоғи тасарруфида бўлиб келган.

- Яъни, ҳукумат қонунга зид тарзда уларнинг ерини тортиб олишга уринмоқда,- дейди Феликс Корли.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси шу ер участкасига яқин яшайдиган аҳоли вакилларидан “баптистлар қабристон учун мўлжалланган ер участкасида лагер ўтказиб, у ерни оёқ ости қилмоқда”, деган мазмундаги шикоятлар асосида июн ойида Тошкент хўжалик судига арз қилган.

Қўмита баптистлар ерни қайтариб бериши керак, демоқда. Келаси ой хўжалик суди Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси арзини кўриб чиқиши кутиляпти.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш расмийларидан бу борада изоҳ ололмади.

Баптистлар жамоаси вакиллари эса шикоятлар ўринсиз эканини айтишади.

"Биринчидан ер участкаси атрофида ҳеч қанақа қабристон йўқ. Бўлгани тақдирда ҳам бу ҳақда олдинроқ билдирилиши керак эди. Иккинчидан, ерни аввалги эгаси бўлган ресторанлар тармоғи учун у ерда иморат қуришга ҳам рухсат берилган ва ўшанда қабристон ҳақида ҳеч қанақа гап-сўз бўлмаган, нимага бу ҳақда ҳозир гапирилаётгани бизни ҳайрон қолдирмоқда", деб билдирган Тошкентдаги Баптистлар уюшмасининг ўз исмини айтмаган фаолларидан бири “Форум-18” гуруҳига.

“Форум-18” гуруҳига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда Баптистлар уюшмасининг юздан ошиқ фаоли аъзоси бор.

Протестант насронийларнинг баптизм мазҳабига доир уюшма тўқсонинчи йиллар бошидан буён Ўзбекистонда рўйхатдан расман ўтган холда фаолият қилиб келишади.

Рўйхатдан ўтмаган гуруҳларнинг миссионерлик фаолияти эса Ўзбекистонда тақиқланган.

Рўйхатдан ўтмаган диний озчилик аъзолари қонунларни бузганликлари учун катта жарималарга тортилиши ёки қисқа муддатга қамоққа олиниши ҳолатлари Ўзбекистонда кўп кузатилади.

Шу йил май ойида диний эркинликлар борасида йиллик ҳисоботини чиқарган АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни яна бир бор "алоҳида хавотир уйғотувчи" давлатлар қаторига киритган эди.
XS
SM
MD
LG