Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:38

Британия БМТга Сурия бўйича янги резолюцияни тақдим этмоқчи


БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий ҳар қандай ҳарбий амалиёт Хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланиши керак демоқда.
БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий ҳар қандай ҳарбий амалиёт Хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланиши керак демоқда.

Сурияда юзлаб одам нобуд бўлган кимёвий ҳужум амалга оширилганига оид иддаолар ортидан Британия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияда “тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўриш” хусусидаги резолюцияни маъқуллашига эришмоқчи. Ғарб давлатлари Сурияга зарба бериш масаласини муҳокама қилаётган пайтда Россия бунинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда.



Британия Бош вазири Дэвид Камерон Twitter Сурияда “тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўриш” хусусидаги резолюция лойиҳаси Хавфсизлик кенгашининг чоршанба куни кечқурунга белгиланган йиғилишида тақдим этилишини билдирди.

28 август куни Женева шаҳрида сўзлаган БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий Сурияда ҳар қандай ҳарбий амалиёт ўтказиш БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига мувофиқ амалга ошиши кераклигини таъкидлади.

- Менимча, бу ҳақда халқаро қонун аниқ ёзилган. Халқаро қонунда, ҳарбий амалиёт БМТ Хавфсизлик кенгаши қароридан сўнг ўтказилиши керак, дейилган. Халқаро қонунда шундай дейилган, дея баён қилди БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий.

Чоршанба куни Ҳаага шаҳрида сўзлаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эса 21 август куни кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган жойда текширув ўтказаётган БМТнинг қуроллар бўйича экспертлари ўз вазифасини бажариши учун уларга “вақт берилиши кераклиги”ни урғулади.

Сурия ҳукумати кимёвий қуроллардан фойдалангани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб келмоқда.

Ундан олдин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий билан телефон сўзлашуви пайтида яна бир бор Сурияга ҳарбий зарба бериш бу мамлакат ва Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни беқарорлаштиришидан огоҳлантирди.

28 август куни Эрон давлат тедевидениесига интервю берган Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Сурия ва унинг теварагида кечаётган воқеаларга бундай муносабат билдирди.

- Ҳар қандай хавфли ҳаракат ёки бу минтақага хорижий аралашув шубҳасиз, Сурия чегарасидан ташқарида салбий оқибатга эга бўлади ва бутун минтақада аланга ёқади, дея баён қилди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Чоршанба куни БМТ экспертлари 21 август куни кимёвий ҳужум уюштирилгани иддао қилинган Дамашқ яқинидаги жойга далиллар йиғиш учун жўнаб кетди.

Душанба куни БМТ вакиллари мерганлар ҳужумига учрагани сабабли текширув тўхтатилган эди.

Сешанба куни АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден юзлаб тинч аҳолини ўлдириш учун Сурия ҳукумати кимёвий қуролдан фойдаланганига “шубҳа йўқ”лигини ва бунинг учун жавобгарликка тортилиши лозимлигини урғулади.

- Президент Обаманинг кўрсатмасига мувофиқ ҳаммамиз ва хавфсизлик бўйича унинг маслаҳатчилари хорижий ҳамкорларимиз билан яқин мулоқотда бўлиб турибмиз. Президент ва мен, ҳимоясиз эркаклар, аёллар ва болаларга қарши кимёвий қуроллар қўллаганлар жавобгарликка тортилиши шарт деб ҳисоблаймиз, дея баён қилди АҚШ вице-президенти.

АҚШ расмийлари келаси кунлар давомида Қўшма Штатлар ҳужум ҳақида разведка маълумотлари йиғиш ишларини жадаллаштиришини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел сешанба куни BBCга берган интевюсида агар президент Барак Обама буйруқ берса, АҚШ кучлари Сурияга зарба беришга тайёр эканини билдирди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон пайшанба куни Сурия бўйича парламентнинг фавқулодда йиғилишини чақирган.
XS
SM
MD
LG