Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:06

Регистонга қачон раҳм қиламиз?


Самарқанднинг Регистон майдонида ўтказиб келинаётган "Шарқ тароналари" фестивалидан лавҳа.
Самарқанднинг Регистон майдонида ўтказиб келинаётган "Шарқ тароналари" фестивалидан лавҳа.

“Шарқ тароналари” халқаро фестивали яқинлашиши билан отарига жондор оралаган чўпон-чўлиқдай нотинчланиб қоламан. Безовталигим сабаби хориждан ёпирилиб келадиган саноқсиз ажнабий меҳмонлар эмас. Асло!


Меҳмон – атойи худо. Узоқ-яқиндан атай Самарқандни кўрай, деб келаётган қўноқларнинг қадамига ҳасанот! Улар туфайли меҳмонхонаю мусофирхоналар гавжум, савдогару ҳунармандларимизнинг бозори чаққон.

Безовталик ва нотинчлик боиси – муаззам Регистон майдонимиздаги гулдан ҳам нозик тарихий обидаларнинг ҳоли-аҳволоти...

Хабарингиз бордир, “Шарқ тароналари” халқаро фестивали 1997 йилдан буён ўтказилади. Фестивал доирасида Регистонда катта концерт уюштириш анъана тусини олган.

Тарих бўйи гупиллаб келиб турган кўҳна масканда қўшиқ тинглаб, рақс томошалашга нима етсин! Лекин... Регистонда ҳар икки йилда ўтадиган гиждабаданг базму томоша тарихий обидаларга салбий таъсир этаётгани негадир ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Меъморий иншоотларнинг ҳолатига ёғин-сочин каби табиат ҳодисалари билан бирга кучли шовқин-cурон ҳам салбий таъсир кўрсатади. Тажрибали меъмор-архитекторларнинг хулосаси бу.

Тиллакори, Шердор ва Улуғбек каби ноёб мадрасалар ансамбли қад ростлаган Регистон майдонини кўз ўнгингизга келтириб кўринг. Фестивал концерт дастурига (танлов доирасидаги чиқишларга ҳам) айни шу майдон мезбонлик қилади.

Чолғуларнинг сурони оламни тутади, асрлар давомида сукунатга ўрганган бинолар қудратли шовқиндан дўлда қолган ниҳолдек титраб-қақшаб кетади.

Катта ашула дейсизми, мақомми, европача операми – бари навбати билан янграйди. Бу ёғи Осиёю Африка, у ёғи Европаю Америкадан (бу йил жами 52 давлатдан) келган санъаткорлар ўзлари билиб-билмай тарихий биноларга зарар етказишга бақадри ҳол ҳисса қўшишади.

Осмонга ўрлаётган шовқиндан шишадек мўрт, чиннидек нафис обидалар зарар кўради. Тил-забони йўқ Регистоннинг шафқат тилаб қилаётган сассиз нидосига ҳеч ким қулоқ солмайди.

Таниш самарқандлик меъморнинг айтишича, шаҳардаги тарихий биноларнинг ҳолати сўнгги йиллар cезиларли ёмонлашган. Айниқса, “Шарқ тароналари” ўтаётган Регистон майдонидаги уч муаззам мадрасада кучли частотадаги шовқин натижасида нураш, дарз кетиш, захаланиш ҳолатлари кузатиляпти.

Самарқандни “Римга тенгдош” деб кўксимизга урамиз. Аммо бизга аждодлардан омонат топширилган тарихий обидаларни асраб-авайлашга келганда, негадир етти ёт бегона шаҳар ҳақида гап кетаётгандек эътиборсизлик қиламиз.

Ўтган йили “Самарқандга тенгдош” – Римга бориб келган ҳамкасб танишим айтиб қолди, шаҳарда осори атиқалар шу қадар қаттиқ эҳтиётланар эканки, ҳатто тарихий бинолар яқинида машинада юриш тақиқланаркан.

Подшоҳми, вазирми, корчалон пулдорми - тарихий обидалар яқинида пойи пиёда юриши керак экан. Қўйиб берсангиз, бургани ҳам тақалайдиган уддабурон италянлар машиналарнинг шовқини тарихий обидалар ҳолатига салбий таъсир қилиши мумкинлигини ҳисобга олган экан-да.

Биз ҳам Самарқанддаги бебаҳо тарихий обидаларни сақлаб қолишга жиддий эътибор бермасак бўлмайди. Дунёнинг бор чолғуларини йиғиб, кўҳна обидалар қаршисида бонг уриш ҳалокатли таъсир этиши мумкин.

Жилла қурса, “Римнинг тенгдоши” деб мақтаниб юришимиз учун ҳам шаҳримизни кўз қорачиғидек авайлаш керак.

Самарқандлик қаламкаш
XS
SM
MD
LG