Линклар

Ўзбекистонда Россиянинг "Домашний" телеканали кабел телевидениеси орқали намойиш этилмай қўйди.


Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, “Домашний” телеканали трансляцияси 27 август куни тушдан кейин тўхтатилган.

Мазкур телеканал фаолиятининг тўхтатилишини Тошкентдаги кабел телевидениеларидан бирининг диспетчери марказдан сигнал келмаётгани билан изоҳлади.

- “Домашний” бундан буён трансляция қилинмайди, марказий аппарат бўлими томонидан сигнал берилмаяпти, - деган диспетчер хоним бу Россия билан боғлиқлигини айтди.

“Демак, муаммо сизлар билан боғлиқ эмас” деган луқмамизга кабел телевидениеси вакиласи қатъиян “йўқ”, деб жавоб берди.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида биз “Домашний” телеканалининг Москвадаги идораси билан боғландик. Муддаомизни эшитган телеканал вакиласи бунга масъул шахс ҳозир иш жойида эмаслигини, кейинроқ қўнғироқ қилишимизни илтимос қилди. Биз вақт оралатиб, телеканалга яна тўрт марта қўнғироқ қилдик. Аммо саволимизга жавоб бериши мумкин бўлган телеканал ходимаси гўшакни кўтармади.

Айни пайтда Тошкентдаги бошқа бир манбамиз кабел телевидениеси орқали “Домашний” телеканали трансляцияси тўхтатилиши оид бошқа бир тахминни айтди.

- МТРКда (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси назарда тутилмоқда – таҳр.) ишлайдиган танишимнинг айтишича, бунга сабаб "Домашний" телеканалида намойиш қилинаётган "Одна за всех" юмористик кўрсатуви бўлган. Кўрсатув скетч-шоу жанрида бўлиб, унда актриса Анна Ардова ҳар хил образларда намоён булади. Ана шундай образлардан бири “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да хизмат қиладиган стюардесса Залима образидир. Бу кўрсатувни “ўзбекларнинг устидан кулиш” дея баҳолаган амалдорлар телеканални тез эфирдан олишни буюришган, - дейди Озодликнинг Тошкентдаги манбаси.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда кўпчилик қизиқиб томоша қилаётган "Муҳташам аср" турк сериали айнан шу телеканалда намойиш этилаётганди.

Бу сериалдаги бош қаҳрамон – Султон Сулаймон ролини ижро этган Холид Эрганч суратидан бир муддат Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган "Victorious" атири рекламасида ҳам фойдаланилган, кейинроқ атир рекламасидан турк актёри тасвири олиб ташланган. Туркиядаги TIMS productions студияси матбуот вакили Гўзде Йилмаз ўшанда Холид Эрганч суратининг намойиш этилмай қўйгани шартнома муддати тугагани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил бошида Ўзбекистонда барча турк сериаллари намойиши тўхтатилган. 2012 йил февралида Ёшлар телеканали эфиридан “Келин”, НТТ телеканали эфиридан “Муҳаббат симфонияси”, ТВ Марказ телеканали эфиридан “Ажралсак-да биргамиз” номли турк сериаллари олиб қўйилганди. Ўшанда кузатувчилар буни Тошкент ва Анқара ўртасидаги муносабатлар совий бошлагани билан изоҳлагандилар.

Ўзбекистонда 2011 йили Россиянинг ДТВ ва ТНТ телеканаллари трансляцияси, ундан аввал эса РенТВ дастурлари намойиш этилиши тақиқланган.

Бу орада, Ўзбекистон нашрларининг ёзишича, ўзбек ТВчилари кореялик ҳамкасблари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Хусусан, куни кеча Корея телерадиоёйинлов ширкати (KBS) делегацияси Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бўлиб, ҳамкорликка оид ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Ҳужжатга мувофиқ, икки ширкат ўзаро теледастурлар, сериаллар ва филмлар алмашади, мутахассислар тайёрлашда бир-бирига кўмаклашади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG