Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:56

Ҳашарчилар таъминоти ташкилотларга юкланди


Ўзбекистоннинг жанубий туманларида пахта теримига сафарбар этиладиган ҳашарчиларга жой тайёрлаш ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилди. Ҳар бир ташкилот ҳашарчиларнинг ётоқ жойини таъмирлаб, уларнинг қозонию самоваригача таъминлаши лозим.

Пахта терими мавсуми яқинлашгани сайин Ўзбекистон жанубидаги туманлар ҳокимиятлари бу кампанияга қаттиқ тайёргарлик кўришга киришди.

Сурхондарё вилоятидаги масъулияти чекланган ташкилотлардан бири раҳбарининг исми ошкор қилинмаслик шарти билан Озодликка айтишича, ҳашарчилар ётадиган жойларни таъмирлаш учун ҳам давлат¸ ҳам хусусий ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда:

- Туман ҳокимлигида шу ойнинг бошларида йиғилиш бўлган эди. Бу йиғилишга барча давлат ва хусусий корхоналар раҳбарлари чақиртирилди. Ҳар бир ташкилотга эски клублар, колхозларнинг эски идоралари бўлиб берилган. Мана энди ремонт қилиб ётибмиз. Қозонини, самоварини топишни маҳаллалар бўйнига юклаган. Бунинг ҳаммаси ўзимизнинг маблағимиз ҳисобидан бўлаяпти. Ҳа, энди бир, икки ойни ўтказиш учун шароит қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳалиги бир қўшиқ бор эди, “Гарчи пахта енгил, оғир тош сенда, Иш деса энг ёш, энг кекса сенда”. Ҳозир шунақа бўлаяпти, деди корхона раҳбарларидан бири.

Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғоннефт” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам улар чекига тушган дала шийпони ҳашарчиларни қабул қилишга тайёр эканлигини айтди:

- Бизга Оққўрғон томонда битта шийпон биркитилган эди. Шуни ремонт қилиб, душ, туалет қуриб тайёрлаб қўйдик. Ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам, хуллас ҳамма ётоқ билан пахтага чиқади, деди корхона мулозими.

Жарқўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам дала шийпонларини пахта теримига тайёрлаш ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилганини тасдиқлади:

- Ҳашарчиларни қабул қиладиган барча жойлар таппа-тайёр. Булар ҳомий ташкилотларга бириктирилган эди, самоварларигача олиб бориб қўйишган. Терим бошланиш вақтини айтишса бўлди, ҳамма ҳашарчи сафарбар этилади, деди ҳокимлик мулозими.

“Лидер"лар” нафақа учун пахта теради

Жарқўрғон туманида мавсумни тез тугаллаш мақсадида мардикор аёлларнинг ҳам теримга жалб қилинаётгани айтилади.

Озодликнинг Жарқўрғондаги манбасининг айтишича, туманда мардикор аёллардан иборат пахта териш гуруҳлари тузилмоқда:

- Биз бу гуруҳга “Лидерлар” деб чиройли ном қўйдик. Бу мадад гуруҳлари. Масалан, шу пайтгача бу мардикор аёлларни тўплаб¸ пиёз ёки сабзи ўтатган аёл “лидер” бўлаяпти. Уларнинг аксарияти кам таъминланган оилалардан, эрлари Россиядаги аёллар. Очиғини айтганда, бу аёллар пахта теримида иштирок этишга мажбур, чунки уларнинг ҳаммаси болалари учун нафақа олади. Агар пахта теримида иштирок этмаса, нафақадан маҳрум бўлади, деди жарқўрғонлик манба.

Ўзбекистонда мустақиллик байрами ўтгач пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланиши кутиляпти.

Кузатувчиларга кўра, мажбурий болалар меҳнати боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Болалар ўрнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, жумладан шифохоналар ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини дала ишларига мажбур этмоқда.

Озодлик Тошкентдаги касалхоналар шифокору-ҳамшираларининг пахта теримига олиб чиқилиши ва уларнинг маошларидан пул ушлаб қолинаётгани ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG