Линклар

Беларус россиялик миллиардерга нисбатан жиноят иши очмоқчи


Беларус расмийлари Россияга қарашли “Уралкалий” ширкатининг йирик акциядорига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини айтмоқда. Беларус Тергов қўмитасининг пайшанба куни маълум қилишича, Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири Сулейман Керимов ноқонуний ҳаракатларда гумон қилинмоқда.

Россиядаги калий ишлаб чиқариш бўйича энг йирик ширкатнинг 25 фоиз акцияси эгаси қандай қонунбузарликда айбланаётганини Беларус расмийлари аниқлаштирмади.

Душанба куни Беларусга борга “Уралкалий” ширкати бош директори Владислав Баумгертнер Минскда ҳибсга олинган эди. Бу Беларус билан Россия ўртасида зиддиятларга сабаб бўлди.

Баумгертнер Беларусга қарашли “Белрускалий” билан “Уралкалий” ўртасида тузилган, ҳозирда ёпилган Беларус Калий ширкати номли қўшма корхонанинг бош директори бўлган. Июл ойида Баумгертнер Россия ширкати қўшма корхонадан чиқишини эълон қилганидан кейин Беларус ширкати акциялари арзонлаб, мамлакат иқтисодига жиддий таъсир қилган эди.

Россиянинг Минскдаги элчихонаси вакиллари Баумгертнер билан пайшанба куни учрашишларини билдирди.
XS
SM
MD
LG