Линклар

Чехияда ишлаб чиқарилган янги “Škoda 24 Tr” русумли троллейбуслар келаси ойдан Урганч ва Хива шаҳарлари орасида қатнай бошлайди. Ўзбекистон томони сўровига мувофиқ¸ чехлар троллейбусларни Мустақиллик кунига қадар мижозга етказишга ҳаракат қилмоқда.

Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот вакили Роман Масарик Озодлик билан суҳбатда дастлабки тўртта троллейбус аллақачон Урганч шаҳрига етказилганини айтди:

- Тўрттаси жойига етказилди, қолган бештаси йўлда, келаяпти. Троллейбуслар ишга туширилиши расмий маросими 7 сентябр куни Урганчда бўлади, деди жаноб Масарик.

Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида қатновчи ушбу “Škoda 24 Tr” русумли троллейбуслар Чехиянинг Плзен шаҳридаги “Škoda Transportation” корхонасида ишлаб чиқарилган.

Ўтган йили “Хоразм троллейбус” давлат корхонаси “Škoda Transportation” ширкати билан 9 та троллейбусни сотиб олиш бўйича 3,5 миллион евролик келишувни имзолаган эди.

“Škoda Transportation” вакили Любомир Крейчи Озодлик билан суҳбатда троллейбуслар Ўзбекистонга Мустақиллик куни арафасида етиб борганидан мамнун эканини айтади:

- Бу троллейбусларни Ўзбекистон томонининг илтимосига кўра, шартномада белгиланганидан уч ой олдин, яъни Мустақиллик кунига мўлжаллаб жўнатдик. Ҳозир мутахассисларимиз ҳам Урганчга етиб борган, улар маҳаллий ҳамкорларимиз билан бирга шу троллейбусларни ишга тушириш учун иш олиб бормоқда, деди “Škoda Transportation” вакили Крейчи.

Юзта йўловчига мўлжалланган ушбу транспорт воситаси Урганч-Хива орасида қатнаётган эски чех троллейбуслари ўрнини эгаллайди:

- Урганчга 90-йилларда ҳам 25 та троллейбусни етказиб берган эдик. Ўзбекистон биздан яна экологик тоза троллейбус сотиб олаётганидан xурсандмиз. “Škoda 24 Tr” олдинги моделларга қараганда хавфсиз ва ичи анча шинам. Ўзбекистоннинг иқлим шароитига ҳам мос келади. Ичида 30та йўловчи учун ўриндиқ бор, яна 70 йўловчининг тик туриб туриши учун жой бор, дейди Любомир Крейчи.

Троллейбусларнинг Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ҳисобига сотиб олингани айтилмоқда.

Троллейбусдан фойдаланиладиган ягона вилоят

Хоразм троллейбусдан фойдаланиладиган Ўзбекистоннинг ягона вилояти бўлиб қолмоқда.

1997 йилда Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасида троллейбус қатнови йўлга қўйилган эди.

Урганч аэропортидан Хиванинг Ичан қалъасигача узайган ушбу 30 километрлик йўналиш Хоразмга келган сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида ишга туширилган эди.

Лекин Урганчдан Хивага троллейбусда боришга талабгорлар кўп эмас, афтидан.

- Урганчга учиб келган қайси сайёҳ жазирама иссиқда 25 километр олисдаги Хивага троллейбусда боради. Мен ҳар куни аэропортдан одам оламан, тролейбусга ҳеч ким чиқмайди. Жуда бўлмаса 1500 сўмга Дамасда боради, дейди урганчлик киракашлардан бири.

Хивалик Римажон опа троллейбусларнинг асосий мижозлари талаба ва ўқувчилар эканини айтади:

- Ўқувчилар, студентлар шу троллейбусда қатнайди-да. Чунки xусусийларга қараганда анча арзон. Хивадан Урганча бир соатда боради, лекин арзон, 600 сўм, дейди Римажон опа.

Хоразм вилояти ҳокимиятидагилар эса бензин анча танқис вилоятда электр токи билан ҳаракатланадиган экологик тоза троллейбуслар афзалликлари ҳақида гапиришади:

- Троллейбус ҳавога ифлос газ чиқармайди, тоза транспорт. Норентабел дейиш жуда нотўғри, дейди вилоят ҳокимлигининг ўз исмини айтмаган расмийси.

Тошкент шаҳрида эса троллейбуслар ҳаракати норентаебл экани боис, 2010 йилдан тўхтатилган эди.

Ўша йили Жиззах ва Наманган вилоятларида ҳам троллейбуслар хизматидан воз кечилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG