Линклар

logo-print

АҚШ Британиясиз ҳам Сурияга ҳарбий зарба бериши мумкин


АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгл.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгл.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгл Қўшма Штатлар Сурия режимига қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракат бошлаш мақсадида “халқаро коалиция” тузиш уринишларини давом эттиришини баён қилди.

Унинг айтишича, кеча АҚШнинг асосий иттифоқчиси бўлган Британия парламенти Сурияга қарши ҳарбий ҳужумда иштирок этишга қарши чиққанига қарамай, Лондон билан бу борада маслаҳатлашувлар давом этади.

Жума куни Манилада ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Ҳейгл Қўшма Штатлар ўтган ҳафта Дамашқ яқинида рўй берган кимёвий ҳужумга жавоб қайтариш борасида бошқа иттифоқчилари билан ҳам маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда, дея таъкидлади.

Пайшанба куни Британия парламенти ҳарбий ҳаракатга қарши чиққанидан кейин Оқ уй маъмурияти АҚШ етакчилигидаги ҳарбий зарба Британия иштирокисиз ҳам бошланиши мумкинлигини билдирди.

Оқ уй баёнотида айтилишича, президент Барак Обаманинг бунга оид қарорлари “Қўшма Штатларнинг манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинади”.

Вашингтон 21 август куни юзлаб одамни ўлдирган ва кимёвий ҳужум, деб кўрилган ҳодисада Сурия ҳукуматини айбламоқда. Сурия ҳукумати бу айбловларни рад қилиб, “ҳар қандай ташқи агрессияга қарши ўзини ҳимоя қилишини” айтмоқда.
XS
SM
MD
LG