Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:07

Мустақиллик байрамида яна оч-наҳор талаба байроқ кўтаради


Озодлик манбаларига кўра¸ Мустақиллик тантаналарига камида бир ой олдин бошланадиган тайёргарликнинг асосий оғирлиги коллеж ва лицей талабалари зиммасига тушмоқда. Талабаларнинг жазирама иссиқда¸ ноинсоний шароитларда байроқ кўтариб рақс тушишга мажбурланаëтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон пойтахти ва вилоят шаҳарларида ҳар йили ўтказиладиган Мустақиллик байрамларидаги оммавий саҳналарда асосан коллеж ва лицейлар талабалари иштирок этади.

Зарафшон шаҳрида 30 август куни кечқурун ўтказиладиган Мустақиллик байрамидаги тадбирларни ижро этишга ҳам юзлаб коллеж талабаси жалб этилган.

Зарафшон туманидаги коллежлардан бири ўқитувчисининг исми ошкор этилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, талабалар бу байрам тадбирларида иштирок этишга мажбурланаяпти:

- Талабалар каникулда эди. Баъзилари қишлоқда яшайди. Ҳаммасини чақириб олишди. Жазирама иссиқда кун бўйи стадионда тўплаб машқ қилдираяпти. Тангадек соя тушадиган жой йўқ. Бечоралар офтобда куйиб кетди. Бунинг устига¸ тушлик ҳам қилиб беришмайди, оч-наҳор машқ қилишаяпти. Куни-кеча шу тадбирда иштирок этаётган қўшнимизнинг қизи очлик ва иссиқдан ҳушидан кетиб қолди, дейди ўқитувчи.

Зарафшон шаҳридаги Саноат коллежининг байрам тадбирларига масъул ўқитувчиси Фарҳод Муродов Озодлик билан суҳбатда талабалар каникулдан чақириб олинганини ва бир ойдан буён машқ қилишаётганини тасдиқлади, бироқ талабаларнинг қийналаётганини рад этди:

- Бизнинг талабаларимиздан 96 нафари байроқ кўтариб чиқади, 40 бола карвон билан чиқади. Қийналишаётгани йўқ, ҳаммаси яхши. Ҳеч ким ҳушидан ҳам кетиб қолгани йўқ, деди коллеж расмийси.

Биргина Зарафшон шаҳри эмас, балки Тошкент ва вилоят марказларида ўтказиладиган Мустақиллик байрамларидаги байроқдорлар ва оммавий саҳна қатнашчилари асосан талабалардир.

Тошкентдаги Педагогика коллежида ўқийдиган Наргиза ҳам пойтахтда ўтказиладиган Мустақиллик байрамида иштирок этади.

У байрамга тайёргарлик бир ой олдин бошланганини таъкидлар экан, жазирама иссиқда азоб чекаётганини айтади:

- Ҳар куни стадионда тайёргарлик кўрамиз. Коллежлардан бўйи стандарт 160 сантиметрли қизларни танлаб олишади. Бизга чой-пой қилиб беришадию, лекин офтобда соатлаб машқ қилиш роса эзиб юборяпти, деди Наргиза.

Бухоролик коллеж ўқитувчиси Илҳом Жўраев, нафақат Мустақиллик байрами¸ балки ҳукумат ўтказадиган бошқа катта тадбирларда ҳам балога қолган яна талабалар эканини айтади:

- Ўтган йил Бухорода Универсиада бўлди. Ўшани очилиш маросимига ҳам бир ой олдин талабаларни дарсдан қолиб иштирок этишга мажбур қилдилар. Майли ҳеч бўлмаса, талабаларга вақтида обед қилиб беришса, дам олиш учун шароитлар яратишса¸ рози эдик. Лекин йўқ, қўйга ўхшаб стадионга ҳайдаб борадию кечгача аскарларга ўхшаб раз-два қилдиради. Талаба шўрлик бормайман деса, ўқишдан ҳайдалади. Бизда маҳаллий ҳокимиятлар ҳамма нарсанинг ўзларига осон томонини ўйлашади, у ердагилар чанқаб қолаяпти, очдан ўлаяптими, иши йўқ, дейди ўқитувчи Илҳом Жўраев.
XS
SM
MD
LG