Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Сурия иттифоқчилари эҳтимолий ҳужумга жавобга ҳозирланмоқда


Сурия режимига қарши АҚШ етакчилигидаги ҳарбий ҳужум эҳтимоли кучайиб бораëтган айни кунларда¸ Башар Ассаднинг анъанавий иттифоқчилари – Россия ва Эрон ҳукуматлари бундай ҳужумга қандай жавоб қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда.

Оқ уйнинг Ассад режимига қарши ҳарбий амалиëт бошлаши¸ таҳлилчиларга кўра¸ Суриянинг узоқ йиллик иттифоқчилари Россия ва Эронни АҚШга қарши майдонга чиқармай қўймайди.

Таҳлилчилар таъкидича¸ Москва ва Теҳрон Ассад режими ҳимояси учун тўғридан-тўғри ҳарбий амалиëтга қўшилмаса-да¸ улар ўз жиддий эътирозларига қарамай Сурияга қарши ҳарбий интервенция бошланишига шунчаки томошабин ҳам бўлиб турмайдилар.

Эрон Ислом жумҳуриятининг қудратли Инқилоб посбонлари кенгаши эълон қилган баëнотларда¸ Сурияга қарши ҳужум “қизил чизиқ”дан ўтиш бўлажаги ва бундай ҳаракат¸ мутлақ¸ жавобсиз қолмаслиги билдирилди. Айни пайтда¸ жавоб чорасининг нима бўлажаги ҳақида Теҳрон муллалари ҳозирча лом-мим демаëтир.

Америкалик таҳлилчи Вил Фултон фикрича¸ Эрон Сурияга қарши Ғарб ҳарбий амалиëтларига бевосита эмас¸ балки Ливандаги Ҳизбуллоҳ¸ ëхуд Ироқдаги шиа жанггариларини ишга солиш орқали жавоб қайтаради.

Сурияга қарши ҳужумлар¸ Эрон режимининг ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам минтақадаги аксил-Америка ҳиссиëтларини кучайтириб¸ уларни сафарбар қилишига қўл келади¸ деб давом этади бу таҳлилчи:

- Ҳужум бошланган тақдирда¸ Эрон раҳбарлари томонидан яна кўпроқ қоралаш¸ кўпроқ огоҳлантирувларга гувоҳ бўламиз. Табиийки¸ Эрон Инқилоб посбонлари буни АҚШ ва Исроилнинг мусулмонларга қарши навбатдаги фитнаси сифатида талқин этади. Улар бу воқеадан аксил-Ғарб ҳиссиëтларини гиж-гижлаб¸ ўз сафларига янги жанггариларни ëллаш¸ қолаверса¸ Сурия ички ишларига ўзларининг аралашувларини оқлаш учун восита сифатида фойдаланадилар¸ дейди Вил Фултон.

Теҳроннинг Сурияга нисбатан Ғарб ҳарбий амалиëтларига муносабати қандай бўлишидан қатъий назар¸ аксар таҳлилчилар¸ бу воқеа Ҳасан Руҳоний президентликка келганидан сўнг Ғарб ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларнинг бир оз юмшашига оид умидларни пучга чиқаришини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда¸ Сурияга қарши ҳужум Эрон раҳбариятини Россия билан янада яқинлашувга ундамай қолмайди¸ демоқда сиëсатшунослар.

Вашингтондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар марказининг Россия ва Евроосиë дастури директори Эндрю Кучинс¸ шундайлардан бири:

- Ҳозирча Россия ва Эрон ҳукуматларининг Сурияга нисбатан жавоб чорасини қанчалик мувофиқлаштираëтгани мавҳум. Аммо Дамашққа қарши ҳарбий амалиëт бошланса¸ бу уларни бир-бирларига яқинлаштирмай қолмайди ва Москва Теҳрон билан биргаликда Ассад режими ағдарилмаслиги учун барча чорани ишга солади¸ дейди Кучинс.

АҚШдаги яна бир россияшунос профессор Николай Гвоздев¸ Сурияга қарши Ғарб интервенциясига жавобан Россия Эрон ядровий дастурига ëрдам беришни кучайтириши мумкин¸ деган тахминни илгари суради.

Айни пайтда¸ бу таҳлилчи¸ Москва ҳукуматининг Сурия режимига кўпроқ қурол-яроғ етказиб бериши¸ Ассад кучларини Ғарб режаларига оид разведка маълумотлари билан таъминлашини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

Гвоздевга кўра¸ АҚШ етакчилигида Сурияга қарши бошланадиган ҳарбий амалиëтга Россия жиддий қаршилик кўрсатаëтган бўлса-да¸ Москва бу урушдан ўзи учун жиддий манфаат олмай қолмаслигини ҳам алоҳида урғулайди:

- Агар АҚШ Сурияда бир неча кунлик ракета ҳужумлари эмас¸ балки кимëвий қурол қўлланиши олдини олиш¸ мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш каби яна бир узоқ муддатлик жараëнлар домига тортилса¸ бу Вашингтоннинг постсовет ҳудудларидаги эътибори чалғишини англатади.

Оқибатда¸ Москва ўз таъсиридан фойдаланиб¸ Афғонистондаги АҚШ кучлари учун муҳим таъминот йўналишига айланган Шимолий таъминот тармоғидаги ҳаракатни секинлаштириши¸ ëхуд уни бутунлай тўхтатиши мумкин. Бундай ҳаракат эса¸ 2014 йил охирига қадар Афғонистондан чиқиб кетиши кутилаëтган АҚШ ҳарбийлари режаларини ўта қийинлаштириб юбориши мумкин¸ дейди Гвоздев.
XS
SM
MD
LG