Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:02

Мустақиллик сизга нима берди?


Мустақиллик байрами арафасида Озодлик бир қатор ўзбекистонлик тингловчиларга ана шу савол билан мурожаат қилди.Суҳбатдошларимизнинг айримлари мустақиллик неъмат эканини айтган бўлсалар, бошқалари мустақилликдан олдинги ҳаётни қўмсадилар.

Ҳавасхон, 51 ёшда, андижонлик, ҳозир Россиянинг Владивосток шаҳридаги меҳнат муҳожири:

- Мустақиллик энг аввало бизга тинчлик деган неъмат берди. Худога шукр, давлатимизнинг оқил юртбошиси бор, тинчликни сақлаб турибди. Мен ҳозир Владивосток шаҳрига келиб, неварамга энагалик қиляпман, баъзан ишга чиқаяпман. Худога шукр, ҳаммаси яхши, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан, шундай президентим борлигидан фахрланаман.

Абдували, 45 ёшда, хоразмлик, Россиядаги меҳнат муҳожири:

- Аслида мустақиллик биз учун катта байрам. Энди гапнинг очиғини айтиш керак, ҳозир ҳар учта йигитнинг иккитаси хорижда мардикор бўлиб турибди. Мен ҳам олий маълумотли мутахассис шулар қаторидаман. Бундан ортиқ мустақиллик ҳақида нима дейиш мумкин. Лекин шунисига ҳам шукр, шу ердан ишлаб топган пулларимизга уйлар қуряпмиз, мошиналар оляпмиз. Балки бу ҳам мустақиллик шарофатидир.

Баҳодир 45 ёшда, тошкентлик, ўқитувчи:

- Мустақиллик оддий халқ учун ҳеч нарса бермади, афсус. Чунки мустақил бўлмасдан олдин одамларда эртанги кунга умид ва ишонч бор эди. Ҳозир шу умид ва ишонч қолмади. Мустақиллик ўзбек халқи учун 6-7 миллион мардикорларни берди, ўзбек аёллари ичида фоҳишаларни кўпайтириб берди, миллионлаган ишсизлар армиясини вужудга келтирди.

Зиёд бобо, қашқадарёлик, 73 ёшда, пенсионер:

- Нима берарди, мустақиллик, ҳеч нарса бергани йўқ менга ва мен каби пенсионерларга. Аксинча, мустақилликда яшаш қийин бўлиб кетаяпти, пенсияни вақтида бермайди. 15 фоиз оширдик деб бир ой олдин жар солишган эди. Ҳали бу сентябрда ошади, бироқ нарх-наво ошиб кетди. Мана бизда мол гўшти 18 мингга, қўй гўшти 20 мингга чиқди. Мен қишни қиш демай, ёзни ёз демай ҳукуматга 50 йил ишлаб бердим. Пенсиямга қўшиш ўрнига, бор имтиёзлардан ҳам маҳрум қилиб ташлади.

Дилшод, 30 ёшда, андижонлик, ишсиз:

- Байрам шукуҳи бор, асосан ёшлар кўчага чиққан, лекин аксарият одамлар учун бу оддий кундай ўтяпти. Тўғри, камчиликлар бор, лекин ҳали ёш давлатмиз, секин ғ секин яхши бўлиб кетади, деган умиддаман.

Одилжон ака, фарғоналик пенсионер, 63 ёшда:

- Мустақилликни энди яхши ҳам деб бўлмайди, ёмон ҳам деб бўлмайди. Илгариги ҳаётимиз яхши эди десам, сиёсатга тўғри келмайди, ёмон десам яна бўлмайди. Майли, мисоллар билан айта қолай. Мен ўзим илгариги ҳаётни қўмсайман, илгари ҳаёт анча яхши эди. Арзончилик эди, барака бор эди. Ҳозир ҳам ҳамма нарса бору, лекин қиммат. Ойлик кам. Прожиточний минумум, истеъмол корзинаси деган гаплар бўларди, ҳозир ҳеч ким бу ҳақда ўйламайди. Мана энди пахта бошланаяпти, ҳамма етти ёшдан етмиш ёшгача пахтага сафарбар этилади. Илгари “хлопкораб” дейишарди, шу бугунги кунга ҳам мос. Пахта қулимиз-да, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Ўқувчиларни энди пахтага чиқармаяптию, лекин энди ўқуитувчию дўхтирлар пахта териб юрса бўлмайди-да, деди фарғоналик пенсионер Одилжон ака.
XS
SM
MD
LG