Линклар

logo-print
Озодликнинг навбатдаги Баҳс майдонида “Ўзбекистонда ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарларига оддий ишчи-хизматчилар ва талабалар ўз ихтиёри билан жалб қилинаяптими ёки мажбурланяпти?” мавзусида мунозара юритилди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги олдидан Ўзбекистондаги барча вилоятларда, туманларда умумхалқ хайрия ҳашарлари ўтказилди. Кўчаларни супуриб тозалаш, корхона, ташкилот ва маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш ишларига, одатдагидай, асосан ўқитувчилар, шифокорлар, бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар ходимлари ва талабалар жалб қилинди.

Маҳаллий матбуот бу ҳашарларнинг “азалий қадрият ва эзгу анъаналарга амал қилинган ҳолда” ўтказилгани ҳақида ёзди.

Бироқ бу тадбирларда иштирок этган ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг айтишларича, маҳаллий ҳукумат “ҳашар” баҳона улардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланишга ўрганиб қолди.

Ҳашар ибораси сўнгги пайтларда маҳаллий ҳoкимиятларнинг ўзлари қуриши шарт бўлган катта объектларига ҳам кўчиб ўта бошлади.

Ўзбекистонда муддатида қурилиши тугалланмай қолган стадион борми, бозорлар борми, коллежлар борми, намунавий уйлар борми - ҳаммасига “ҳашарчи”лар жалб қилина бошлади.

Урганч шаҳрини қайта қуриш ҳашарчилар, аниқроғи ўқитувчилар, шифокорлар, давлат ишчилари ва қариялар зиммасига тушди.

Жиззахда намунавий уйлар қурилишига электр тармоғи идораси ишчилари мажбурий “ҳашар”га чақирилди.

Бундан ташқари, пахта чопиғи, йиғим-терими ҳашари, пилла териш ҳашари каби қишлоқ хўжалик ишларига ҳам ҳар йили миллионлаб одамлар жалб этилади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, маҳаллий ҳoкимиятлар ўзбекларнинг “бир-бирига холисона ёрдам бериш” принципларига асосланган “ҳашар”ни суиистеъмол қилиб юборди ва уни мардикорликка тенглаштириб қўйди.

Бироқ ўзбекистонликлар орасида ҳукумат ўтказаётган “ҳашар”ларни қўллаб-қувватлайдиган, бу тадбирлар муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун жуда қулай вариант эканлигига ишонадиганлар ҳам кўплаб топилади.

Хўш, умумхалқ хайрия ҳашарларига одамлар ўз ихтиёрлари билан жалб қилиниши керакми ёки “кўпга келган тўй” сифатида ҳамма қатнашишга мажбурми?

Нега маҳаллий ҳoкимиятлар ўз зиммасида бўлган ишларни ҳам ҳашарчиларга юклаб қўймоқда?

“Кўпдан қуён қочиб қутулмас” иборасини бугун ҳукумат ўтказаётган ҳашарларга ташбеҳ қилса бўладими?


Бугунги Баҳс майдонида ана шу мавзуда мунозара юритиш учун андижонлик 51 ёшли кутубхоначи Ҳавасхон опа, Россиядаги меҳнат муҳожири 25 ёшли фарғоналик Нортой, хоразмлик 50 ёшли ўқитувчи Эрниёз ва Москвадаги меҳнат муҳожири, 38 ёшли собиқ журналист Саидбек иштирок этади.

Баҳслда Ҳавасхон опа билан Нортой ҳашар борасида ҳукумат олиб бораётган сиёсатни қўллаб қувватлаган бўлса, Қаҳрамон билан Саидбек эса ҳокимиятлар ўзбекларнинг бу удумини суиистеъмол қилиб, одамларни текин мардикорга айлантириб қўйди деган фикрни асослашга ҳаракат қилдилар.

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG