Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:24

Президент сўрамоқда: Ким эдигу, ким бўлдик?


Gulnara Karimovaнинг Twitterдаги саҳифасидан олинган сурат.
Gulnara Karimovaнинг Twitterдаги саҳифасидан олинган сурат.
Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан табрик нутқини сўзлаган президент Ислом Каримов ўз халқига савол билан юзланди: "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" Саволига ўзи жавоб берар экан, президент Каримов, бугунги ўзбек халқини "эркин фикрлайдиган", "онгли яшайдиган" ва "ўз келажагини" аниқ тасаввур қилаётган халқ, деб таърифлади.


Тошкентдаги Алишер Навоий номли миллий боғда Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан 31 август куни ўтказилган байрам тадбирида сўзлаган президент Ислом Каримов бу галги нутқи аввалида "мустақиллик" сўзига изоҳ берди.

"Мустақиллик деганда, унинг маъно-мазмунини биз аввало ҳуқуқ деб қабул қиламиз", деди Ислом Каримов.

Кейин эса, одатий байрам табрикларидаги каби, ҳуқуқи ўз қўлида бўлган Ўзбекистоннинг 22 йил давомида эришган ютуқларини бир-бир санаган президент яна қатор рақамларни тилга олди.

Аввалги нутқларидан фарқли ўлароқ янада умумий, янада мавҳум рақамларда Ўзбекистоннинг "ялпи ички маҳсулоти 3,1 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,6 карра ўсгани, экспорт ҳажми 4,4 баробар, номинал иш ҳақи солиштирма нархларда 22 марта, пенсияларнинг ўртача миқдори 12,7 баробар ошгани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромад эса 8,4 баробар кўпайгани" тилга олинди.

Шунингдек, "аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга узайгани" сўнгги йиллар давомида эришилган энг муҳим ютуқлар сифатида саналди.

Бу йилги табрик нутқида Ислом Каримов ҳар байрамда "чуқур ҳурмат" ва "самимий меҳр-муҳаббат билан" бағрига босадиган халқига савол билан юзланди:

"Барчани ҳайратда қолдираётган бундай улкан ўзгаришларни сарҳисоб қилишда табиий бир саволга мурожаат қилсак ўринли бўлади: яъни, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?"

Бу саволига жавоб берар экан, президент Каримов, бугунги ўзбек халқига шундай баҳо берди:

"Биз бугун эркин фикрлайдиган, онгли яшайдиган, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий савияси тобора ўсиб бораётган, ўз келажагини, ким учун ва нима учун меҳнат қилаётганини ўзига аниқ тасаввур этаётган халқмиз".

Шу каби оташин, баландпарвоз руҳдаги байрам нутқини гулдурос қарсаклар остида сўзлаган давлат раҳбари, қизи Гулнора Каримова Twitter саҳифасида ёзишича, тадбир давомида кўтаринки руҳда бўлган.

Гулнора Каримованинг ўзи олган ва эълон қилган суратда Ислом Каримов рақсга қўл кўтарган ҳолда акс этган.

Бу суратга изоҳ ёзган Каримова хоним отасининг: "Фарзандларимиз учун жоним(ни - Таҳр.) беришга тайёрман!" деган сўзларини иқтибос келтирди.

Gulnara Karimovaнинг Twitter саҳифасидан олинган сурат.
Gulnara Karimovaнинг Twitter саҳифасидан олинган сурат.
Яна бир ўринда эса, афтидан отаси Ислом Каримовнинг саломатлигига урғу берган Гулнора Каримова, президентнинг тонгги соат 5 дан буён тик оёқда экани ва байрам тадбиридан аввал 3 кун мамлакат бўйлаб сафарда бўлганини қўшимча қилди.

Бу байрам тадбирини Россиядан туриб кузатган ва президент Каримов сўзларидан руҳланган 17 ёшли самарқандлик йигит Ўзбекистоннинг мустақил давлат эканидан фахрланишини айтди.

Ўзи учун йилнинг энг муҳим байрамларидан бири Мустақиллик байрами эканини урғулаган ёш тингловчи яна 15-20 йилдан сўнг президенти ваъда қилган "буюк келажак" келишига ишонч билдирди.

Мустақил Ўзбекистонда туғилган, улғайган ва ҳунар эгаллаган, аммо шу кунларда Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрсада, "буюк келажак"ка етишига астойдил умид қилаётган ёш тингловчи билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

(Мустақил юрти шаънига мақтовлар ва юртдошлари номига табриклар йўллаган ёш ўзбекистонлик исми-фамилиясини очиқлашимизни истамади.)


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:17 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG