Линклар

logo-print

Араб давлатлари лигаси Сурияга ҳужумни қўллайди


Араб давлатлари лигаси аъзоларининг байроқлари.

Араб давлатлари лигаси аъзоларининг байроқлари.

Араб давлатлари лигаси кимёвий ҳужум уюштирганликда гумонланаётган Сурия ҳукуматига қарши ўтказилажак халқаро ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.

Қоҳирадаги учрашувда қабул қилинмиш резолюцияда 21 август кунги ҳужум учун масъулият тўлалигича Сурия режими зиммасига тушиши ва бу ишга алоқадор барча кишилар халқаро трибуналга топширилиши лозимлиги қайд этилган.

Мазкур баёнот АҚШ президенти Барак Обама Дамашқ яқинида кимёвий қуроллар қўллагани иддао қилинмиш Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба беришга рухсат сўраб, Конгрессга мурожаат қилганидан сўнг берилди.

Обама мурожаати АҚШ конгрессида 9 сентябрдан кўриб чиқилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри якшанба куни Вашингтон Сурияда асабга таъсир этувчи зарин гази қўлланилгани ҳақида далилларга эга эканини айтди ҳамда Конгресс аъзолари Сурияга ҳарбий зарба беришга рухсат этишига ишончи комил эканини урғулади.

Маълумотларга кўра, 21 август куни Дамашқ яқинида уюштирилган кимёвий ҳужумда 1400 киши нобуд бўлган.

Расмий Дамашқ бу ҳужумга алоқадорлик юзасидан ўзига билдирилган барча айбловларни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG