Линклар

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Ақчечек қишлоғи ҳудудида 1 сентябр куни тушдан кейин ўқотар қуролли тожикистонлик 4 киши қўлга олинди.


Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизматининг матбуот хизмати маълум қилади.

Дастлабки сўроқ пайтида қўшни мамлакат фуқаролари ов қилиб юриб, Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетишганини айтганлар.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати вакиласи Сажида Чўқўлўева Озодликнинг қирғиз хизматига Боткенда қўлга олинган кишилар тинтилганда ҳужжатларидан уларнинг тожикистонлик эканлари аниқланганини, уларнинг ёнидан бир неча турдаги ўқотар қурол, шу жумладан, иккита снайперлик милтиғи чиққанини айтган.

- Ундан ташқари, улар ёнидан учта силлиқ стволли қурол топилган. Шулар билан қўшиб ҳисоблаганда, бешта қурол бўлаяпти – икки снайперлик милтиғи ва уч силлиқ стволли қурол, - дейди Сажида Чўқўлўева.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати вакиласи кеча тушдан кейин қўлга олинган тожикистонликнинг ҳаммаси одатда ҳарбийлар киядиган камуфляж (ола-була) кийим кийганини қўшимча қилди.

Боткенда ушланган тожикистонликлар ҳозирча давлат чегарасидан ноқонуний равишда ўтганлик ва қонунга хилоф тарзда ов қилганликда айбланаяпти. Уларнинг ишлари билан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси шуғулланаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG