Линклар

logo-print

Дубайда "худкушликка" уринган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди


Дубай Бош прокуратурасининг кузатув камерасида қайд қилинган тасвир (Сурат Gulfnews.com сайтидан олинди)

Дубай Бош прокуратурасининг кузатув камерасида қайд қилинган тасвир (Сурат Gulfnews.com сайтидан олинди)

Дубайда Бош прокуратура биносини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик 32 яшар аёл ҳибсга олинди. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, аёл ушланган пайти унинг ёнидан ҳеч қандай бомба топилмаган.



2 сентябр куни маҳаллий вақт билан тунги соат 1:20да Дубай полициясининг 13 соатлик амалиётидан сўнг 32 ёшли ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди.

Дубай полицияси Озодликка аёлнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади, бироқ воқеа билан боғлиқ тафсилотларни очиқламади.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, аёл ушланган пайти унинг ёнидан ҳеч қандай бомба топилмаган.

Gulfnews.com сайти аёлнинг исми Зелева Ҳимравия (Zeleva Himravia) экани ҳақида ёзди.

Ўзбекистонлик экани айтилаётган ушбу аёл 1 сентябр куни соат 12:15 да Дубай Бош прокуратруаси биносида одам гавжум пайти 5 ёшли боласи билан кириб, Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум билан учраштиришни талаб қилган, акс ҳолда, белидаги портловчи модда билан тўла камарни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган.

Аёл бинога кирган пайти қора чодра ёпинган бўлган, кейинчалик чодрани ечиб, белига боғланган камарни кўрсатиб, унинг бомба экани, талаби бажарилмаса, уни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган.

Шундан кейин полиция бош прокуратура биносининг ичкариси ва бино атрофидаги одамларни эвакуация қилган.

Генерал майор Ҳамис Маттар Ал-Мазейна бошчилигидаги полиция гуруҳининг аёл билан музокаралари 13 соат давом этган.

Ушбу амалиёт учун 20 дан зиёд машинада келган полициячилар гуруҳи жалб қилинган.

Дубай матбуотига кўра, аёлнинг қўлида пульт бўлган ва у вақти-вақти билан пульт тугмасини босиш билан таҳдид қилган.

Музокаралар натижасида аёл полицияга таслим бўлган ва белидаги камарини топширган. Камар олинган пайти унинг ичида ҳеч қандай бомба йўқлиги маълум бўлгани айтилаяпти.

Дубай матбуотининг ёзишича, рус тилида сўзлаган аёл ёнидаги боланинг отаси Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси эканини, унинг ўз фарзандини тан олишини талаб қилаётганини айтиб, бу борада Дубай расмийларидан ёрдам сўраган.

Айрим сайтлар хабарига кўра, боланинг отаси Дубай марказий қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Айни пайтда унинг қамоққа олингани сабаблари маълум эмас.

Аёл эри билан боғлиқ оилавий муаммолар борасида аввал ҳам бир неча бор БАА Бош прокуратурасига мурожаат қилгани айтилаяпти.

Полиция маълумотига кўра, аёл Дубайда 10 йил давомида ноқонуний равишда яшаб келган ва 5 ёшли боласи ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжатга эга эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG