Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:44

Россия: Ассад режими кимёвий қурол қўллаганига оид далиллар шубҳали


Келажаги дунё ҳукуматлари қарорига қараб қолган дамашқлик оила АҚШ Президенти Барак Обамани тингламоқда.
Келажаги дунё ҳукуматлари қарорига қараб қолган дамашқлик оила АҚШ Президенти Барак Обамани тингламоқда.
Россия томони Ассад режимининг ўз фуқароларига қарши кимёвий қурол қўллагани ҳақида Ғарб давлатлари келтирган далилларга шубҳа билдирмоқда. Айни дамда ғарб ҳукуматлари Сурия ҳукуматига қарши челанган ҳарбий ҳужум қилиш ҳақида Барак Обама киритган таклиф бўйича АҚШ Конгресси беражак қарорни кутмоқда.

Дунё давлатларини яна икки сиёсий қутбга ажратган Сурия бўҳрони борасида яна бир бор чиқиш қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Башар Ассад режимининг ўз фуқарларига қарши кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги далилларга шубҳа билдирди.

Душанба куни Москвадаги Халқаро муносабатлар институтида чиқиш қилган Лавров АҚШ, Буюк Британия ва Франция ҳукуматлари томонидан тақдим қилинган далиллар "жиддий шубҳалар"ни туғдираётгани ҳақида гапирди.

- Бу ҳолнинг, биз одатда "қўшстандарт" деб атайдиган ҳол экани шундоқ кўриниб турибди. Бу ўринда шахсий қарашлар устунлиги - қайсидир шахснинг қайсидир авторитарни ёқтирмаслиги ҳар қандай йўл билан бўлсада уни ҳокимиятдан олишгача боришининг гувоҳи бўлиб турибмиз, - деди Сергей Лавров.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири ташқи кучларнинг ҳарбий аралашуви юз берган тақдирда Сурия муҳолифати низонинг сиёсий ечимини қувватлашига ҳам шубҳа билдирди.

31 август куни чиқиш қилган АҚШ Президенти Барак Обама Ассад режимининг 21 август куни Дамашқ яқинидаги туманлардан бирида уюштирган ҳужумида кимёвий қурол қўллаганига ишончи комил эканини айтди.

Бу ҳужум натижасида 1 минг 400 одам ўлган эди.

Вашингтоннинг мазкур айбловига муносабат билдирган Россия Президенти Владимир Путин ҳам мавжуд далилларни зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлаган.

АҚШ президенти Барак Обама Дамашқ яқинида кимёвий қуроллар қўллагани иддао қилинган Сурия ҳукуматига қарши “чекланган” ҳарбий зарба беришга рухсат сўраб, Конгрессга мурожаат қилган.

Айни дамда Обама мурожаати АҚШ конгрессида 9 сентябрдан кўриб чиқилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри якшанба куни Вашингтон Сурияда асабга таъсир этувчи зарин гази қўлланилгани ҳақида далилларга эга эканини айтди ҳамда Конгресс аъзолари Сурияга ҳарбий зарба беришга рухсат этишига ишончи комил эканини урғулади.

Маълумотларга кўра, 21 август куни Дамашқ яқинида уюштирилган кимёвий ҳужумда 1400 киши нобуд бўлган.

Расмий Дамашқ бу ҳужумга алоқадорлик юзасидан ўзига билдирилган барча айбловларни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG