Линклар

Россия Федерал Миграция хизмати 3 йилдирки Кемерово махсус приёмнигида сақланаётган ва самарқандлик экани айтилаётган Улуғбек Ўктамовни депортация қила олмаяпти. Ўзбекистон расмийлари эса бу шахс ўзи тўғрисида нотўғри маълумот бераётгани ва бундай шахс Самарқандда яшамаганини таъкидламоқда.


“Мени нега қўйиб юборишмаяпти?”

Уч йилдирки Кемерово вилоят Федерал миграция хизмати Кемерово изоляторида қолаётган ўзбек муҳожири масаласи устида Россия ва Ўзбекистоннинг қатор идоралари билан ёзишма олиб бормоқда.

Улуғбек телефон орқали Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларда ўзи тушиб қолган вазият тўғрисида ёза бошлади.

“Мен, Ўктамов Улуғбек Икромович, Кемерово шаҳар махсус приёмнигида 3 йилдан буён сақланиб келмоқдаман, чунки менинг паспортим йўқ. Мен сақланаётган махсус приёмникда ҳеч қандай шароитлар йўқ ва нима сабабдан ва қандай қонун асосида мени УФМС панжара ортида ушлаб турибди? Ҳақиқат қани?”, деб ёзади 34 ёшли Улуғбек Ўктамов “ВКонтакте”даги шахсий саҳифасида.

Озодлик билан суҳбатда Улуғбек Самарқандда туғилиб ўсгани, ўша ерда болалар уйида катта бўлгани, лекин ўтган асрнинг 90 йиллари бошида Россияга қочиб келганини гапириб берди.

- Мен туғилган жойимни билмайман. Биламанки, 10 ёшимгача Самарқанд детдомида катта бўлганман. Кейин детдомдан қочиб кетганман, ака. Тахминан 91 йил бошларида кетганман. Вокзалда ётиб юриб, проводник билан танишиб қолдим ва 1994 йилда “Андижон-Самара” поездида Волгоградга келворганман. Ўшанда тўлиқ 14 ёшда эдим. 1997 йилгача колхозда трактор ҳайдаб ишлаб юрдим. У ердан кейин Сургутга кетдим ва у ерда дачаларда қоровуллик қилдим,- деб эслайди Улуғбек.



2005 йилда у шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмагани учун Сургутда қўлга олинган. Унинг айтишича, роппа-роса бир йил махсус приёкникда ушлаб турилганидан ва Ўзбекистонга депортацияси амалга ошмаганидан кейин, у қўйиб юборилган.

“Иккинчи сафар ҳибсдан чиққанимдан кейин туҳмат орқасидан 3,5 йилга қамалиб кетдим”, дейди Улуғбек.

- Нефтеюганскда мелисани хотини билан уриб қўйсам, “Мени телефонимни тортиб олмоқчи, хотинимни нима қилмоқчи эди”, деб қаматворди улар. 2010 йил чиқдим, 1 декабр куни УФМСга қўлга тушиб қолдим. Жами 2005 йилдан бери ўтирган бўлсам, паспортим йўқлиги учун мана 5 йилдан бери турмадаман. Осмон ва ер ўртасида муаллақ қолдим,- дейди Улуғбек.

Суҳбатдош Самарқанддаги болалар уйидан қочиб кетганидан кейин унга тегишли бўлган ҳужжатларни биров йўқ қилиб юборган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Улуғбек Россия Миграция хизматида унга “Ўзбекистон сендан расман воз кечса, биз сенга паспорт расмийлаштиришга мажбур бўлардик”, дея билдиришганини ҳам маълум қилди.

“Бундай одам бўлмаган!”

Кемерово вилояти бўйича Федерал миграция хизмати 2010 йилда “зўрлаш” ва “ўғирлик” моддалари асосида ўтириб чиққан Улуғбек Ўктамов масаласида бир неча маротаба Ўзбекистон элчихонаси ва расмий идораларига сўровнома юборганини маълум қилди.

Оғир жиноятларда айбланаётган одамни қўйиб юборишдан хавфсираётган Кемерово миграция хизмати матбуот маркази тарқатган хабарга кўра эса, Улуғбек аввалига ўзи Ўзбекистонга қайтишдан бош тортган ва жонига қасд қилишини билдирган. “У бир неча маротаба турли темир буюмларни ютиб, ўз жонига қасд қилган, лекин жарроҳлар ёрдамида тирик қолган”, деб хабар қилади вилоят ФМСи ўз сайтида.

Ҳужжатни Озодликка "Комсомольская правда" мухбири тақдим этди.

Ҳужжатни Озодликка "Комсомольская правда" мухбири тақдим этди.

Ўзбек дипломатлари Самарқанд вилоятида бундай одам мутлақо яшамагани, у ҳақда вилоят ва шаҳарнинг бирор ФҲДЁ бўлими ёки болалар уйида ҳеч қандай маълумот акс этмаганини маълум қилишмоқда.

Шу сабабли Ўзбекистон томони “12.07.1979 йилда туғилган У.И.Ўктамовга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти берилмаган” ва “унга Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатни бериш имкони йўқлиги” тушунтирган.

Озодлик олган ҳужжатлардан бирида Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консули Абдураҳим Қаюмов “фуқаро У.И. Ўктамов” масаласини “2007.04.07 й. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида имзоланган Реадмиссия тўғрисидаги Келишув асосида ҳал этиш”ни тавсия қилган.

Россия Миграция хизмати ходимлари ҳам 34 ёшга кирган Улуғбек аввалига ўзи ҳақида бирор маълумот беришдан бош тортиб келгани, кейинроқ мутлақо тасдиқлаб бўлмайдиган маълумотларни бера бошлаганини айтмоқда.

Шу тариқа, СССРда туғилиб, на Ўзбекистон ва на Россияга фуқаролигига олинган Улуғбек Ўктамов масаласи очиқлигича қолмоқда.

Суҳбатимиз сўнггида Улуғбек айнан турмада унутиб юборган ўзбек тилини тиклаб олганини айтади:

- Мен умуман ўзбек тилини эсимдан чиқариб қўйган эдим. Уч йилдан бери ўзбек-тожиклар билан ўтирибман-ку. Детдомда ҳам русча, мактаб ҳам русча бўлган. Ўзбек-тожиклар билан яшаб яна ўрганиб оляпман тилни: она тилимку, вақти келса барибир қайтиб бораманку Ўзбекистонга,- дейди фуқаролиги йўқ шахс Улуғбек Ўктамов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG