Линклар

Ахборот воситалари миллий уюшмаси эркин жамият фаолларини нишонга олмоқда


Ўзбекистондаги нодавлат телерадиоканалларни ривожлантириш учун халқаро грантлар ҳисобидан ташкил қилинган уюшма эркин жамият фаолларини қоралаш маъракасида иштирок этмоқда.



Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосацияси таркибига кирувчи Фарғона вилоятидаги Рухсор-ТВ жума ва шанба кунлари Озодлик мухбири қораланган “Чириëтган одам” кўрсатувини эфирга узатди.

Кўрсатувда бир вақтлар Фарғонада истиқомат қилган ва ҳозир Прагада фаолият олиб бораëтган Озодлик мухбири Фаррух Юсуфий "кўрнамаклик"да айбланди.

Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосациясининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда “Чириëтган одам” номли кўрсатув махсус буйруққа кўра нодавлат телестудиялар тармоғидаги фақат битта студия тарафидан эфирга узатилганини айтди.

Кўрсатув муаллифи бўлган Рухсор-ТВси раҳбар ўринбосари бу телелавҳани изоҳлашдан бош тортди.

Кўрсатувни томоша қилган Марғилондаги манбамизга кўра¸ “Чириëтган одам” телелавҳаси Озодлик мухбирининг Фарғонада яшайдиган яқинларига руҳий тазйиқ ўтказишни мақсад қилган.

Бу кўрсатув эркин матбуотга қилинган ҳужумлар занжиридаги навбатдаги ҳалқа дея қабул қилинди.

Жорий йилнинг 17 июл куни Фарғона телеканалида Озодлик мухбири Меҳрибон Бекиева танқид қилинган “Нонкўрлик” деган кўрсатув эфирга узатилган эди.

Бундан олдин эса Ўзбекистондаги нодавлат телестудиялар тармоғига кирувчи телестудиялар инсон ҳуқуқлари фаоли Надежда Отаеванинг оила аъзоларига қарши “Ҳақиқат уруғи” ("Зерно правды") филмини намойиш қилган эди.

Бу эшиттиришларга журналист ва ҳуқуқ фаоллари номини қора қилиш уринишлари сифатида қаралмоқда.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” вакили Надежда Отаеванинг айтишича, кейинги пайтда Ўзбекистон мухолифати ва фуқаролик жамияти фаолларига қарши бир нечта кўрсатув Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосацияси таркибига кирувчи телеканаллар тарафидан эфирга узатилган.

- Тасарруфимиздаги маълумотларга кўра¸ бу филмларда мамлакат ташқарисига чиқиб кетган 58 кишига қарши ахборотлар бор. Бу 58 киши Ўзбекистон ҳақида танқидий фикрни ифода қилаëтгани боис тазйиқ нишони бўлди. Бу кишиларни жамоатчилик олдида изза қилиш учун ошкора тухмат маъракаси олиб борилмоқда. Ҳозир мамлакатга экстрадиция қилинган диний фаолларнимнг рафиқалари иштирокидаги филмлар намойиш қилинмоқда. Бу филмларда диндорларнинг рафиқалари босим остида ўз эрларига қарши гапиришга мажбурланмоқда¸- дейди суҳбатдош.

Отаеванинг таъкидича¸ расмий Тошкент шу йўл билан фуқароларнинг сиëсий фаоллигини сўндирмоқчи.

Кейинги икки-уч ой ичида Ўзбекистон мухолифат арбоблари ва фуқаровий жамият фаолларига қарши бир неча филмлар Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосацияси таркибига кирувчи телеканаллар тарафидан эфирга узатилган.

Бу филмларда Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ¸ муҳожиратдаги имом Муҳаммадсолиҳ Абутов. "Бирдамлик" ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевлар қораланмоқда, дейди Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовга кўра, бу ташвиқот филмлари кишиларнинг тамал ҳуқуқи бўлган “айбсизлик презумпциясига” зид келмоқда.

- Айбсизлик презумпциясига мувофиқ¸ у ëки бу шахснинг у ëки бу жиноятни содир этгани судда ўз исботини топиб¸ маҳкама уни жиноятда айбдор деб ҳукм чиқармагунча¸ бу шахсни айбдор, дейиш ëхуд уларни жамоатчилик олдида қоралашга ҳеч ким ҳақли эмас¸- дейди суҳбатдош.

Сурат Икромовга кўра, Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосацияси таркибига кирувчи телеканаллар тарафидан қайта – қайта намойиш қилинаëтган "Хунрезлик" деб номланган ташвиқот филми айбсизлик презумпциясиниинг бузилишига яққол намуна бўла олади.

Бу филмда қамоқхона камерасидан туриб, “тазарру” қилаëтган “жиҳодчилар” акс этган.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” вакили Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосациясини қўллаб-қувватлаëтган ЕҲХТ¸ БМТ тараққиëт дастури¸ ЮНЕСКО¸ Конрад Аденаур жамғармаси каби ташкилотлар маъсулияти ҳақида ҳам тўхталди.

- Бу обрўли ташкилотлар Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосациясини қўллаб-қувватлаш асносида ассосация олиб бораëтган тухмат маъракасига шерик бўлмоқда¸- дейди суҳбатдош.


Эркин сўзга қарши таҳдидлар

2008 йилнинг 26 июнида Ўзбекистон телевидениеси ва Ўзбекистондаги нодавлат телевидениелар тармоғи орқали Озодлик радиосига қарши кўрсатув намойиш қилинган эди.

“Журналистик суриштирув” номи остида тақдим этилган кўрсатувда "Озодлик" ходимлари, "халқ душманлари" ва "жиноятчилар" сифатида тасвирланади.
Кўрсатувда Озодлик мухбирлари Ҳурмат Бобожон¸ Замира Эшонова¸ Феруза Жўраева¸ Адолат Малик¸ Барно Исҳоқова ва Абдулла Искандарлар бадном қилинган эди.

Бу ҳол “Озодлик” радиоси раҳбариятининг, жумладан, унинг ўша пайтдаги президенти Жеффри Гедмин (Jeffrey Gedmin)нинг радио журналистлари ҳаёти учун ташвишланишига олиб келди, кўрсатув намойишидан кейин у ўзбек ҳукумати билан музокаралар олиб бориш учун Тошкентга борди.

“Озод Европа/Озодлик Радиоси” президенти Жэфри Гедмин Фарғона вилояти телевидениесида намойиш этилган Озодлик радиоси мухбирлари ҳақидаги кўрсатувни радио журналистлари учун тўғридан-тўғри таҳдид деб атаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG