Линклар

logo-print

“Dori-darmon” раҳбари ишдан олинди, лекин дори тақчиллиги давом этаяпти


Ўзбекистон фармацевтика соҳасидаги асосий монополист ширкатлардан бири бўлган “Dori-darmon” компанияси раҳбари Умида Солиҳбоева ишдан олиниб, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланаяпти. Айни пайтда фармацевтика ширкатларидаги текширувлар ортидан мамлакат аптекаларида юзага келган зарурий дори-дармонларнинг тақчиллиги барҳам топмади.



Бутун Ўзбекистонни фармацевтика маҳсулотлари билан таъминловчи “Dori-Darmon” AK ширкати бошқарув раиси Умида Солиҳбоева текширувлар ортидан ишдан олинди. Ҳозирда ширкатга вақтинчалик раҳбар сифатида Мақсуд Файзиев тайинланган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган фармацевтика ширкатлари фаолиятидан хабардор манбага кўра, “Dori-Darmon” бошқарувига Тошкент фармацевтика институти ректори Аҳмадхўжа Юнусҳўжаевни тайинлаш кутилаяпти.

“Dori-Darmon” ширкатининг исмини очиқламаётганимиз масъули Умида Солиҳбоева ишдан олингани ва ширкатни Мақсуд Файзиев вақтинчалик бошқараётганини тасдиқлади.

Лекин ширкатга ким доимий раҳбар этиб тайинланиши ҳали номаълумлигини айтди.

Тошкент фармацевтика институти мулозимлари Аҳмадхўжа Юнусхўжаев ҳозирда институт ректори экани ва унинг бу лавозимдан кетиши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтишди.

Умида Солиҳбоева ширкатда бошланган молиявий-хўжалик текширувлари бошланиши боис мамлакатдан қочиб кетгани хабар қилинганди.

Озодлик Солиҳбоеванинг кейинги тақдири борасида бирор маълумотга эга эмас.

Мамлакат фармацевтика ширкатларида прокуратура ва солиқ ходимларидан иборат махсус гуруҳ жорий йилнинг феврал ойида бошлаган текширув ёз ўрталарида ниҳоясига етди.

Матбуотга сиздирилган маълумотларга кўра, ушбу текширув натижасида Ўзбекистонга хориждан дори-дармонларни импорт қилиш ва мамлакат ичкарисида тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича жами 13 та жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистондаги энг йирик фармацевтика ширкатлари бўлган “Dori-darmon” ва “Pharmed” компанияларининг 16 нафар мулозимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Озодлик манбасига кўра, текширувлардан барча мулозимлар ҳам жабр кўрмаган. Жумладан, манбага кўра, парламент спикери Дилором Тошмуҳаммедова назоратида экани айтиладиган “Pharmed” ширкати "сувдан қуруқ чиқиш"га эришган.

- “Pharmed” ширкати Дилором Тошмуҳаммедовнинг эри Равшан Тошмуҳаммедовга тегишли. Фармацевтика институти ректори Аҳмад Юнусхўжаев Тошмуҳаммедовлар оиласига куёв бўлади. Аҳмад Юнусхўжаев яқин кунлар ичида “Dori-darmon” ширкатига бошлиқ этиб тайинланади. Юнусхўжаев яқинда фармацевтика институтида бўлган текширувлардан ҳам қутилиб чиқди. Институт ходимлари унинг устидан ариза берган эди. Энди уни “Dori-darmon”га тайинлашмоқчи, дея хабар қилди Озодлик манбаси.

Йирик фармацевтика ширкатларидаги текширувлар ортидан жорий ёз ойида мамлакат аптекаларида зарурий дори-дармонларнинг тақчиллашиб кетгани кузатилган эди.

Озодлик мухбири 2 сентябр куни Тошкент аптекаларига қўнғироқ қилганида дори-дармонлар ассортиментидаги тақчиллик ўнгланмаганига гувоҳ бўлди.

Жумладан, Озодлик мухбири Тошкентдаги “Dori-darmon” ширкатига қарашли ўнта аптекага мижоз сифатида қўнғироқ қилиб, навакаин дориси билан қизиқди.

Ўнта аптеканинг тўққизтасидан "Бизда навакаин йўқ", деган жавоб олдик.

Фақат битта аптека - “Dori-darmon” ширкатига қарашли Чилонзор тумани Обиназар кўчасидаги 3-рақамли аптекада 100 миллиграмлик навакаин борлиги ва 2100 сўмдан сотилаётганини аниқладик.
XS
SM
MD
LG