Линклар

logo-print
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Сурияда Ассад режими томонидан кимёвий қурол қўлланганини таъкидлади ва дунё ҳамжамиятини бунга қарши кескин зарба беришга чақирди. Бироз олдин Россия томони Ассад режимининг ўз фуқароларига қарши кимёвий қурол қўллагани ҳақида Ғарб давлатлари келтирган далилларга шубҳа билдирган эди.


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Сурияда ҳукмрон режим томонидан кимёвий қурол қўлланганини таъкидлади ва дунё ҳамжамиятини бунга қарши кескин зарба беришга чақирди.

Душанба куни Брюсселда ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Расмуссен 21 август кунги ҳужумда Ассад режими жангчиларининг кимёвий қурол қўллаганидан далолат берувчи далилларни кўрганини айтди.

Дамашқ яқинидаги туманлардан бирида ҳукумат қўшинлари амалга оширган ҳужум натижасида 1 минг 400 нафардан ортиқ одам ўлган эди.

Дунё ахборот воситалари берган видеохабарларда ушбу ҳужумлар чоғида инсон асабига таъсир қилувчи зарин гази қўллангани айтилди. Бу борада якшанба куни берган баёнотида АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Вашингтон бу борада жиддий далилларга эга эканини айтди.

Дунё давлатларини яна икки сиёсий қутбга ажратган Сурия бўҳрони борасида душанба куни чиқиш қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса президент Башар Ассад режимининг ўз фуқарларига қарши кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги далилларга шубҳа билдирди.

Душанба куни Москвадаги Халқаро муносабатлар институтида чиқиш қилган Лавров АҚШ, Буюк Британия ва Франция ҳукуматлари томонидан тақдим қилинган далиллар "жиддий шубҳалар"ни туғдираётгани ҳақида гапирди.

- Бу ҳолнинг, биз одатда "қўшстандарт" деб атайдиган ҳол экани шундоқ кўриниб турибди. Бу ўринда шахсий қарашлар устунлиги - қайсидир шахснинг қайсидир авторитарни ёқтирмаслиги ҳар қандай йўл билан бўлсада уни ҳокимиятдан олишгача боришининг гувоҳи бўлиб турибмиз, - деди Сергей Лавров.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири ташқи кучларнинг ҳарбий аралашуви юз берган тақдирда Сурия муҳолифати низонинг сиёсий ечимини қувватлашига ҳам шубҳа билдирди.

31 август куни чиқиш қилган АҚШ Президенти Барак Обама Ассад режимининг 21 август куни Дамашқ яқинидаги туманлардан бирида уюштирган ҳужумида кимёвий қурол қўллаганига ишончи комил эканини айтган.

Муҳими, ҳозирга келиб Араб давлатлари лигаси ҳам кимёвий ҳужум уюштирганликда гумон қилинаётган Сурия ҳукуматига қарши ҳарбий ҳаракатларни қувватлашга қарор қилгани хабар қилинган эди.

Аммо Лига аъзоларининг Қоҳирада ўтган 140-сессияси натижаларига 2 сентябр куни аниқлик киритган Лига Бош котиби Набил Арабий бу можарога сиёсий ечим топилиши шарт, деган қарорга келинганини таъкидлади.

- Ҳарбий куч қўллаш масаласи кун тартибига қўйилмаган. Бу бўҳронга сиёсий ечим топилиши шарт. 18 давлат томонидан қилинган баёнотда айтилган умумий фикр – кимёвий қурол қўллаш жиноятини содир қилаётганларга қарши бу ҳаракатларнинг олдини олувчи чоралар кўрилиши керак, деган фикр эди, деди Набил Арабий.

Шу тариқа айни дамда ғарб ҳукуматлари Сурия ҳукуматига қарши челанган ҳарбий ҳужум ҳақида Барак Обама киритган таклиф бўйича АҚШ Конгресси беражак қарорни кутмоқда.

Обама мурожаати АҚШ конгрессида 9 сентябрдан кейин – Конгресс ёзги таътилдан қайтганидан сўнг кўриб чиқилади.

Эслатиш керак, АҚШнинг Сурия ҳукуматига қарши чекланган ҳарбий чора кўриш таклифи ўртага ташланишига 21 август куни Дамашқ яқинидаги аҳоли пунктида амалга оширилган ҳужумларда кимёвий қурол қўллаганига оид айбловлар сабаб бўлди.

Бу ҳужумда нобуд бўлган 1 минг 400 ортиқ одамнинг 400 нафарга яқини болалар экани айтилган.

Расмий Дамашқ бу ҳужумга алоқадорлик юзасидан ўзига нисбатан билдирилган барча айбловларни рад қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG