Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:28

Хитой лидери Марказий Осиёга сафар қилмоқда


ХХР раиси Си Цзинпин.
ХХР раиси Си Цзинпин.
Сешанба куни Марказий Осиё бўйлаб сафарини бошлаган ХХР раиси Си Цзинпин 3 сентябрдан 13 сентябргача Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистонга бориши ва Россия ўтказилажак G20 саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

Си Цзинпин 3-4 сентябр кунлари Туркманистонга давлат ташрифи билан келади. Туркманистон агентликларининг ёзишича, икки давлат раҳбари музокаралари чоғида Хитой ва Туркманистон ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масаласи кўриб чиқилади, учрашув якунида қатор иккитомонлама ҳужжатлар имзоланади.

ХХР раиси Туркманистонга сафари чоғида президент Қ. Бердимуҳаммедов билан биргаликда Мари вилоятида жойлашган Галқиниш (Уйғониш) газ конидаги ишлаб чиқариш объектлари мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.

Мутахассислар баҳосича, мазкур конда 26 триллион куб метр газ мавжуд бўлиб, у дунёдаги иккинчи йирик газ конидир. Туркманистон конларни ўзлаштиришга 10 миллиард АҚШ доллари ажратган, бу маблағнинг 8 миллиарди Хитой томонидан берилган. Ашхобод билан Пекин ўртасидаги шартномаларга мувофиқ, Туркманистон Хитойга йилига 65 миллиард куб метр газ етказиб берган.

5-6 сентябр кунлари Си Цзинпин Санкт-Петербургда ўтказиладиган G20 саммитида иштирок этади, сўнгра минтақа мамлакатлари бўйлаб сафарини давом эттириб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга сафар қилади.

ХХР раисининг минтақага сафари арафасида айрим нашрлар Хитой молия вазирлигига таянган ҳолда Хитой томонидан Ўзбекистонга қарз бериш кескин озайтирилиши тўғрисида хабар қилган эди.

Бироқ бу маълумот Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Чжан Сяо томонидан рад этилди. Элчига кўра, Ўзбекистонга киритиладиган инвестициялар ва кредитлар миқдори озайиши тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, аксинча, Пекин Ўзбекистонга киритилажак сармоя ва қарз миқдорини кўпайтиришни режаламоқда.

Чжан Сяо сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 50 маротаба кўпайганини таъкидлади. Хусусан, элчига кўра, 2013 йилнинг 7 ойи мобайнида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги мол айирбошлаш 2 миллиард 540 миллион долларга етган.

Си Цзинпин Ўзбекистонга 8 сентябр куни келиши кутилмоқда.

ХХР раисининг Марказий Осиё сафари 13 сентябр куни Бишкекда ўтказилажак ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари йиғинида иштирок этиш билан якунига етади.
XS
SM
MD
LG