Линклар

Қирғиз махсус хизмати мухолифат фитнаси фош этилганини иддао қилмоқда


Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мухолифат сентябрь ойида мамлакатда тартибсизликлар уюштиришни режалаштираётгани тўғрисидаги видеолавҳани жамоатчиликка ошкор қилди. Мухолифат вакиллари эса видеолавҳа ёлғон маълумотлардан иборат эканини билдирмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тақдим этилган видеолавҳа 2 сентябрь куни кечқурун Қирғизистон Миллий жамоатчилик телеканали орқали намойиш этилди.

Лавҳада ўзини Эрланбек Ўмуралиев деб таништирган мухолифат вакили мухолифатнинг таниқли намоёндалари Аликбек Жекшенкулов, Кубаничбек Кадиров, Садир Жапаров ва Талант Мамитов 8-10 сентябрь кунлари Қирғизистон ҳудудида тартибсизликларни уюштириш ва шу орқали ҳокимиятни эгаллаш тадоригини кўраётганини айтиб берган. Миллий хавфсизлик хизматининг иддао қилишича, мазкур баёнот камерага яширин равишда ёзиб олинган.


Эрланбек Ўмуралиев ўз баёнотида мухолифатчилар тартибсизликларни уч босқичда амалга оширишни режалаштирганини айтган. Унга кўра, шартли равишда “Куваки” деб номланган биринчи босқичда 8 сентябрдан бошлаб норозилик намойишларини бошлаш, бир қатор автомобил йўлларини тўсиб қўйиш режалаштирилган.

“Юпи” деб номланган иккинчи босқичда эса Норин дарёсини кимёвий модда билан заҳарлаш, заҳарланган балиқни дарёга оқизиш ва шу орқали аҳоли норозилигини кучайтириш режаланган.

Ўмуралиевнинг айтишича, бундан мақсад, аҳолига Канада ширкати ўзлаштираётган “Қумтор” олтин конининг мамлакат экологиясига салбий таъсирини "исботлаб бериш" бўлган. Бунинг ортидан қирғизистонликлар мамлакат бюджетининг асосий даромадини бераётган “Қумтор” олтин конини ёпиш талаби билан норозилик намойишига чиқиши кутилган.

Ўмуралиев учинчи босқич нимадан иборат эканини билмаслигини, бироқ бу режаларнинг амалга оширилиши учун “Ҳизбут Таҳрир” партияси аъзолари жалб қилинишини билдирган.

Қирғизистон мухолифати эса мазкур видолавҳа ёлғон маълумотлардан иборат эканини билдирди. 3 сентябр куни Озодлик радиосига суҳбат берган мухолифатчи Садир Жапаровнинг айтишича, “ҳукумат бундай йўл билан мухолифатнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилмоқда”. У видеолавҳани фитна дея баҳолади.

Мухолифатдаги “Ата Журт” партиясидан парламент депутати Қурманбек Осмонов эса Миллий телеканал орқали намойиш этилган видеолавҳа юзасидан парламент комиссияси ташкил қилиш талаби билан чиқмоқда.

31 августда нишонланган Қирғизистон мустақиллиги куни арафасида Озодлик радиоси қирғиз хизматига суҳбат берган президент Алмазбек Атамбаев ҳам кузда мамлакатда тартибсизликлар уюштиришдан манфаатдор бўлган кучлар борлигини билдирган, лекин уларнинг ким эканини айтишдан тийилган эди.
XS
SM
MD
LG