Линклар

Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва Тошкент вилояти расмий идоралари кейинги ҳафтадан пахта теримига оммавий сафарбарликни бошлашга ҳозирлик кўрмоқдалар. Мутасаддилар терим бошланадиган кунни аниқ айта олмаётган бўлса-да, аҳоли орасида бу йилги мавсум 5 сентябрь, айрим ҳудудларда эса 10 сентябрдан бошланади, деган маълумот тарқалган.



Озодликка турли манбалардан келаётган маълумотларда Ўзбекисто вилоятларида пахта теримига ҳозирлик бошлангани, асосий эътибор катта ёшли аҳолини теримга жалб қилишга қаратилгани айтилмоқда.

Хусусан, куни кеча Озодлик электрон манзилига йўлланган мактубда бу йил ишчиси сони 10 кишигача бўлган кичик хусусий корхоналарга ҳам икки-беш нафарга қадар теримчини пахтага чиқариш мажбурияти юклангани ҳақида ёзилди.

Яна бир манба эса Сурхондарё вилоятида пахта терими бошлангани, пахта кутилганидан кўра эртароқ етилгани учун теримга барча ташкилотлардан ходимлар жалб этилиши кутилаётгани ҳақида ёзди.

Озодлик мухбири турли минтақалардан келаётган бу хабарлар ортидан республиканинг бир неча вилояти - Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё вилоятларидаги ҳокимиятлар ҳамда бошқа мутасадди идораларга боғланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, вилоятнинг айрим туманларидаги хусусий фермер хўжаликларида пахта терими бошланган.

"Фермерлар бошлаб юборган бўлиши керак. Лекин ҳали бундай официалний терим бошлангани йўқ, қачон бошланишиям номаълум. Командани кутиб турибмиз", деди вилоят ҳокимлигининг исмини очиқламаган ходими.

Бу ходимдан олинган маълумотга кўра, 3 сентябр оқшомида республика миқёсида ҳокимликлар мутасаддиларини жам қиладиган селектор йиғилиши белгиланган.

Тошкент вилоятидаги бир қатор туманлар мутасаддиларидан эса Озодлик мухбири бу йилги йиғим-терим мавсуми 5 сентябрдан бошланади, деган маълумотни олди.

Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими: "5-дан бошланади, деган гап бўлган. Лекин ҳали далалар тайёрмас-ов! Бировлар пахта очилиб кетган, деяпти, бировлар далани ичига кирсангиз, ҳали кўм-кўк, очилмаган, деяпти. Хуллас, ҳали номаълум, лекин отрядлар тайёр қилиб қўйилган. Табелчилар, торозидагилар - ҳаммаси тайёр", деди.

Сирдарё вилоятидаги мутасадди идоралар эса пахта теримига оммавий сафарбарлик 10 сентябрдан бошланишини кутмоқдалар.

Шу тариқа расмий ва норасмий маълумотлардан тушунилишича, бу йилги пахта йиғим-теримига тайёргарлик шитоб билан бормоқда. Барча ташкилотлар ва мутасаддилар республика марказидан келадиган "команда"ни кутиб турибди.

Буйруқни қабул қилиб олишга шай турган теримчилар сафи эса бу йил ҳам, асосан, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда талабалардан иборат бўлиши айтилган.

Тўйтепа туманидаги банклардан бирининг ходимига кўра, банк ходимларига бу йил терим давомати ўтган йилгидан ҳам қаттиқ бўлиши айтилган.

"5-дан пахтага деган гап бор. Лекин бизда алоиҳада айтилмади ҳали. Лекин бу йил анча строгий бўлади, дейишяпти. Ўтган йили ҳам ўз ёнимиздан йўл пули тўлаб, Ўртачирчиққа 2 ой пахатага чиққанмиз. Бу йил ҳам тайёр турибмиз энди", Тошкент вилоятининг Тўйтепа туманидаги банклардан бирининг ходими.

Бўка туманидаги мутасадди идоралардан бирининг ходими бу туманда ҳар бир маҳалладан 5 тадан теримчини пахтага ҳозирлаш топширилганини айтди.

"Лекин шунақа қаттиқ турибди. Бизгаям ҳар бир маҳаллага бештадан одам бергану. Қийин бўладида, чунки биздагиларам ёш болаликда. Шу, бола пули бўлмайди, бошқа, деб бир амаллаб олиб чиқамизда энди! Бу йил қаттиқ бўлади, деяпти бир амаллаб бир ой чидасак, ўтиб кетади", деди Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги мутасадди идоралардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Расмий идоралар ва Озодлик манбалари йўллаган хабарлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда бу йилги пахта ҳам, асосан, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий корхоналар ва айниқса, таълим муассасалари ходимлари, талабалари қўли билан териб олинадиган кўринади.

Йиллар давомида пахта мавсумида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиб келган Ўзбекистон ҳукумати сўнгги бир неча йилдан буён мактаб ўқувчиларини пахта теримига чиқаришдан бутунлай воз кечишга уриниб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда Болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган. Бундан ташқари 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш қаттиқ тақиқланди.

Бундай чора-тадбирлар ортидан Ўзбекистон мактабларида ўқиётган 4 ярим миллиондан ортиқ ўқувчининг текин меҳнатидан мосуво бўлган маҳаллий ҳокимиятлар катталарни далага мажбуран сафарбар қилишга зўр бермоқдалар.

2011-2012 йиллардаги пахта йиғим-терими мавсумида, ҳатто, Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалар, клиникалар, савдо муассасалари зиммасига ҳам пахтага теримчи йўллаш топшириғи юкланди. Теримчи йўллай олмаганлар эса бир кунда териладиган пахта нормаси суммаси миқдорида пул беришга мажбурланган ҳоллар ҳам кузатилди.

Шунга қарамай, ўтган йили Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида мактаб болаларининг пахта чиқарилгани кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG