Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Тамбовда илк муҳожирлар адаптация маркази ишга тушди


Ижтимоий адаптация лойиҳаси доирасида меҳнат мигрантларига ишга кириш ва рухсатнома олишда имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.
Ижтимоий адаптация лойиҳаси доирасида меҳнат мигрантларига ишга кириш ва рухсатнома олишда имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.

3 сентябр куни Россия Федерал миграция хизмати Тамбов вилоятида муҳожирларга мўлжалланган илк ижтимоий адаптация марказини ишга туширди. Лойиҳада иштирок этаётган меҳнат мигрантларига ишга киришда ва рухсатнома олишда имтиёзлар берилиши айтилмоқда.


Федерал миграция хизмати сешанба куни Тамбовдаги Маяковский кўчаси 3-уй манзили бўйича жойлашган кўчирилганлар ва қочқинлар маркази ўрнида меҳнат муҳожирлари учун Ижтимоий мослашиш марказини ишга туширди.

Бу Россия ҳудудида биринчи синов лойиҳасидир, дейди ФМСнинг Тамбов вилояти бўйича бошқармаси расмийси Мария Вертман Озодлик билан суҳбатда.

- Лойиҳанинг мазмуни шундан иборатки, мигрантлар бу ерда ҳам яшайди, ҳам ўқийди. Яъни, 10 ой давомида аллақачон ишлаётган, Россия қонунчилигини бузмаган, истиқболли, шунингдек иш берувчи томонидан қадрланадиган хориж фуқароси шу ерда яшаб, кечки пайт – ишдан кейин – ҳафтасига уч маротаба рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигидан сабоқ олади,- дейди Мария Вертман.

Марказ очилишида Россия Федерал миграция хизмати, Тамбов вилоят ва шаҳар ҳокимияти аъзолари иштирок этди.

Тамбов вилоят миграция бошқармаси вакили лойиҳада иштирок этишга 20 дан 30 ёшгача бўлган, ўрта маълумотли ва Тамбов минтақасида ишга рухсатномаси бор хориж фуқаролари таклиф этилганини қўшимча қилди.

Ижтимоий адаптация дастури рус тилини бироз бўлсада биладиган муҳожирларга мўлжаллангани айтилмоқда.

Шунингдек, Адаптация марказида яшаб, машғулотларга қатнаётган муҳожирлар турли маданий-тарғибот тадбирларига жалб қилиниши кўзда тутилган экан.

Машғулотлар мажмуасини муваффақиятли якунлаган мигрант-ўқувчилардан тест олинади ва уларнинг олган билим савияси текширилади.

Лойиҳа ташаббусчилари Тамбов Ижтимоий адаптация маркази сертификатини қўлга киритган хорижликларга қатор имтиёзлар берилиши масаласини ҳам кўриб чиқмоқда, дея давом этади Мария Вертман.

- Жумладан, муҳожир ёшларга Россия ўрта махсус ва олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш, Россия армияси таркибида хизмат ўташни истаган муҳожирларга эса кейинчалик мамлакат фуқаролиги имконияти берилиши кўриб чиқилмоқда. Ҳозирча бу таклифларимиз қонуний кучга кирмаган, аммо ўйлайманки, булар албатта жорий қилинади, дейди ФМС бошқармаси расмийси.

Мария Вертман марказ битирувчиларига ФМСда ишга рухсатнома ва вақтинчалик яшаш ҳуқуқини осонлаштирилган тарзда олишда имконият берилишини ҳам ваъда қилди.

Тамбов ўлкасида ишга туширилган меҳнат муҳожирлари учун илк тажрибавий адаптация маркази ўзини оқласа, бундай муассасаларни Россиянинг барча минтақаларида очиш Федерал миграция хизмати режасида экани билдирилди.

Россияда “ноқонуний миграция” ва “этножиноятчиликка қарши кураш” байроғи остида олиб борилаётган полиция ва ОМОНнинг “тозалаш” амалиётлари кучайиб бораётган бир пайтда, Россия ҳукумати муҳожирларни депортация қилиш муассасаларига катта маблағ ажратишни давом этмоқда.

Бу шахсларни ушлаб туришга 22 минтақада Россия Ички ишлар вазирлиги қарамоғида бўлган Хориж фуқароларини сақлаш марказлари ишга туширилган. Россия полиция бошқармаси тарқатган маълумотга биноан, бундай махсус приёмниклар яқин келажакда яна 22 минтақада ишга туширилади.

2014 йил 1 январдан Хориж фуқароларини сақлаш марказлари Федерал миграция хизмати қарамоғига ўтказилади.
XS
SM
MD
LG