Линклар

logo-print

Самарқандда 27 август куни “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг очилиш маросимида мушакбозликдан ёнғин келиб чиққани ёнғиндан жароҳат олгани ҳақида жамоатчилик энди хабар топди.


Маълум бўлишича, 27 август куни фестивал очилиш маросими пайти отилган мушканинг бири Регистон майдонида, ерга тушиб портлаган. Портлаш учқунидан арчазорга ўт кетган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этган маросимда содир бўлган ушбу ҳодиса ҳалигача жамоатчиликдан сир тутилмоқда.

Зеро, ёнғин Регистон майдонига йиғилган фестивалнинг юзлаб қатнашчилари кўз олдида рўй берди, дейди Озодлик суҳбатлашган самарқандликлардан бири.

- Мушак отадиган мослама нотўғри ўрнатилганми, отилган мушканинг бири Регистон майдонида, ерга тушиб портлади, портлаш учқунидан арчалар ёниб кетди. Ўт ўчирувчилар келиб, зудликда ёнғинни ўчиришди,- дейди фестивални томоша қилган самарқандликлардан бири Озодлик мухбирига.

“Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг очилиш маросимида ёнғин содир бўлгани ҳақда Uznews.net нашри ҳам хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, мушак портлашидан жабр кўрган камида саккиз одам тез ёрдам машинасида олиб кетилган.

Аммо, Озодлик суҳбатлашган самарқандликлардан бири мушакбозлик оқибатида келиб чиққан ёнғиндан ҳеч кимга шикаст етмаганини айтди.

- У ерда Регистон майдонидан 20 метр узоқликда арча ёнди, ёнғиндан ҳеч кимга шикаст етгани йўқ. Лекин ўт ўчирувчилар ҳам тез ёрдам машиналари ҳам етиб келганини кўрдик,- деди исмини айтмаган самарқандликлардан бири.

Фестивалнинг очилиш маросимида президент Ислом Каримов ҳамда ЮНЕСКО Бош директори Ирина Боковалар қатнашди.

Фестивал очлиш маросимининг сўнггида Ислом Каримов ва Ирина Боковалар Хоразм лазгисига рақсга тушишди.

Ўша вақтда Ўзбекистон телевидениеси эфири бир неча дақиқага узилиб қолгани ҳақида Озодлик манбалари олдинроқ маълум қилган эди. Лекин бошқа томошабинлар бундай хол бўлмаганини айтишган.

27 август куни Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросими ўтаётган маҳал шаҳарнинг айрим жойларида аҳоли светсиз ўтиргани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

Самарқанддаги Регистон майдонида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига бу йил 60га яқин мамлакатдан машшоқлар келишди.

Самарқанднинг қадимий Регистон майдонига фестивал саҳнаси ва амфитеатр қурилган, улкан овоз кучайтиргичлар ўрнатилди.

Самарқанднинг ноёб тарихий обидалари марказида мусиқа фестивали ўтказилаётгани санъатшунослар тарафидан танқид остига олиниб келинади.

Мутахассислар фикрича, Регистон майдонига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар атроф биноларга салбий таъсир ўтказмай қолмайди.

Эндиликда, қадимий Регистон қўйнида отилган мушакнинг портлаши ва буни оқибатида ёнғин келиб чиқиши Самарқанднинг қадимий обидалари ҳимоячиларини яна ҳам ҳушёр торттирса ажаб эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG