Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:24

ШҲТ:Бишкек саммит учун Хитой ва Россиядан машина сўради


Қирғизистон ҳукумати 13 сентябрда Бишкекда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини тўла молиялаштира олмагани туфайли Россия ва Хитойдан ёрдам сўради. Хабар берилишича, Хитой ва Россия саммитга келадиган олий даражали меҳмонларга хизмат кўрсатадиган автомашиналар ва хавфсизликни таъминлаш воситаларини Қирғизистонга совға қилган.

Бишкекда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг олий даражада бўлишини таъминлаш учун Хитой Қирғизистонга 50 та “Кадиллак” русумидаги автомашина совға қилди. Россия томони эса 7 та “БМВ” енгил машинасини, 10 та кичик автобус ва Ми-8 русумидаги битта вертолётни берган.

Мазкур ахборотнинг пайдо бўлиши қирғиз жамиятида ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини пайдо қилди. Сиёсатшунос Марс Сариевнинг айтишича, саммитга келган олий даражали меҳмонларни автомобил хизмати билан таъминлаш учун ҳам Бишкек расмийлари қўшни давлатлардан ёрдам сўрагани уятли иш бўлган.

-Саммит Қирғизистонда ўтаётганидан сўнг унга 10 миллион доллар пулни ажратиб қўйишса бўлар эди. Бу каби майда-чуйда илтимослар ва сўровлар билан давлатимиз обрўсини тўкиб олганимиз қолди, холос. Бошқа давлатлар Қирғизистонга олий даражадаги учрашувларни ўткиза олмайдиган мамлакат сифатида баҳо беришмоқда, -деди Марс Сариев.

Айни пайтда Бишкек саммити муҳим учрашув бўлиши ҳам айтилмоқда. Саммит доирасида Эроннинг янги президенти Ҳасан Руҳоний россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашув ўтказади. Бундан ташқари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг ўзаро учрашуви ҳам режалаштирилган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев август ойи охирида Ўзбекистон президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига келишга розилик берганини айтган ва бу учрашув чоғида сўнгги пайтларда ёмонлашиб бораётган сиёсий-иқтисодий алоқаларни жонлантириш масаласини муҳокама қилишига умид билдирган эди.

-Албатта, Ўзбекистон билан муносабатларимиз кўнгилдаги даражада эмас. Буни мен бўйнимга оламан. Мен бир неча маротаба ҳурматли Ислом Абдуғаниевич билан учрашганман, Москвада ҳам, Пекинда ҳам. У кишини қаерда кўрсам, албатта, учрашишга ҳаракат қиламан. У киши, Худо хоҳласа Қирғизистонга келишини айтди. Келса, яна учрашамиз. Аммо, гапнинг очиғини айтадиган бўлсам, қўшни давлат билан муомилани яхшилайман деб, Қирғизистон манфаатларини унута олмайман, –деган эди Алмазбек Атамбаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида.

13 сентябрда ўтадиган Бишкек саммитида иқтисодий масалалар билан бир қаторда 2014 йилда Афғонистондан НАТО ҳарбийлари олиб чиқиб кетилгач минтақа хавфсизлигини таъминлаш муаммоси ҳам муҳокама қилиниши айтилмоқда.

-Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ички низоми, иқтисодий лойиҳалар муҳокама қилинади. Президентлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Тараққиёт банкини ташкил қилиш масаласини ҳам кўриб чиқадилар. Кун тартибидаги энг асосий масала эса хавфсизликни таъминлаш масаласи бўлади. Кейинги йилда НАТО Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетади. Шу муносабат билан минтақада хавфсизликни ва барқарорликни сақлаш муаммоси пайдо бўлмоқда, -деди Қирғизистон президенти маъмурияти расмийси Сапар Исақов.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон, Қирғизистон,Тожикистон, Қозоғистон, Хитой ва Россия аъзо давлатдир. Хиндистон, Эрон, Монголия, Покистон, Афғонистон ташкилотда кузатувчи давлат ҳисобланади. Туркия, Белорус ва Шри-Ланка эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг диалог бўйича ҳамкори мақомига эга.
XS
SM
MD
LG