Линклар

Ўзбек зобитлари "уй"ни "сарой"га алмаштирди


Тошкентдаги Авиасозлар Маданият саройи.

Тошкентдаги Авиасозлар Маданият саройи.

Чкалов номидаги ишлаб чиқариш бирлашмаси мулки бўлган Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройи Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига бадалсиз ўтказилди.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 29 августдаги қарорида Авиасозлар маданият ва техника саройи бинолари, иншоотлари ва мол-мулки Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳисобига ўтказилгани айтилади.

Шу билан бирга, Авиасозлар маданият саройига ëндош 2,16 гектарли ҳудуд ҳам Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтиши билдирилди.

Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройининг исми айтилишини истамаган мулозими саройнинг ҳарбийларга “совға” қилинишидан норозилигини билдирди:

- Биз ҳам сизга ўхшаб саройнинг эгаси ўзгарганини матбуотдан билдик. Лекин бизга ҳеч қандай фармойиш келгани йўқ. Ҳозирги пайтда меъмор Сивец номидаги Авиасозлар маданият ва техника саройи "Узавтопром" балансида турибди. Биз ўз даврида меъморлик намунаси сифатида 15 йил давомида қурилган сарой мулкининг талон-тарож қилинаëтганидан норозимиз¸ - деди исми ошкор қилинишини истамаган мулозим Озодлик билан суҳбатда.

Сиздан угина, биздан бугина

Суҳбатдошга кўра, саройнинг Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига “тортиқ” қилиниши яна бир адолатсизликни хаспўшлаш учун қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига тегишли Округ офицерлари уйи биноси Тошкент Давлат Юридик университетига “совға” қилинган эди.

1885 йилдан бери Тошкент зобитларига тегишли бўлган шаҳар марказидаги Округ офицерлари уйи биносининг Юридик университетга берилиши ҳарбийлар орасида яширин норозиликни келтириб чиқаргани айтилган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон бошқарув элитасидаги Тошкент Давлат Юридик университетининг “яширин ҳомийлари” шаҳар марказидаги тарихий бинони асл эгаси бўлган ҳарбийлардан сўрамасдан “ўзлаштиришга” муваффақ бўлишган.

Айни бошқарув элитасидаги ҳарбийлар эса мамлакат раҳбариятига бу қарорнинг адолатсиз бўлгани ҳақида “ишорат” беришган.

Озодликнинг зобитлар орасидаги манбасининг хулосасига кўра¸ ҳарбийларнинг эҳтимолий норозилигига барҳам бериш учун Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройи Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига бадалсиз ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Озодлик Ўзбекистон бошқарув тизими деб аталган ëпиқ тизим ичидаги “мол талашиш” борасидаги бу иддаони расмий манбалардан тасдиқлата олмади.

Озодлик боғланган ўзбек расмийлари қарорни синчиклаб ўқишни тавсия қилишди.

Вазирлар маҳкамаси қарорида Авиасозлар саройидан Мудофаа вазирлиги самарали ва мақсадли фойдаланиши кераклиги таъкидланади ва ушбу сарой ўзбек ҳарбийларининг маданий-маърифий ҳамда маданий-кўнгил очиш ишларини такомиллаштириш мақсадида вазирликка берилгани билдирилади.

Сарой ва уй ҳақида

Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройи 1980 йилда фойдаланишга топширилган.

15 йил мобайнида улкан сармоя ва юқори меъморий тарх асосида қурилган бу саройни 1982 йилнинг 23 мартида Совет Иттифоқининг раҳбари Леонид Брежнев бориб кўрган эди.

Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройидаги рассомлик курсида 1983 йили таълим олган ва ҳозир АҚШда истиқомат қилувчи рассом Фарид Ризаевнинг Озодликка айтишича¸ бу сарой ички безаклари ўта муҳташам тарзда бажарилган.

"Бино пештоқида эса қанот ясаб самога учган афсонавий Икарнинг бронза ҳайкали ўрнатилган", дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра, бу Икар ҳайкалининг бино пештоқига ўрнатилиши мураккаб ва серҳаражат жараëн бўлган.

"Ўша пайтдаги кранлар Икар ҳайкалини кўтаришга дош бера олмаган. Совет иттифоқининг машҳур муҳандислари машварат қилиб, ҳарбий вертолетлар кўмагида Икарни пештоққа илишган эди", дейди суҳбатдош.

Шунингдек, бино ичкариси таниқли совет рассомлари тарафидан махсус мозаика паннолари ва биллур қандиллар билан безатилган.

2010 йилнинг 30 сентябрида Чкалов номли Тошкент авиация бирлашмаси банкрот бўлгани ортидан сарой ҳам талон-тарож объектига айлангани кузатилди.

Тошкентдаги Авиасозлар маданият саройи моҳиятан совет обидаси ҳисобланса, Тошкент марказидаги Округ Офицерлар Уйи биноси колониал меъморчилик намунасидир.

Бу бино Туркистон мустамлакаси даврида руслар тарафидан қурилиб, бизнинг кунларимизгача сақланган обида сифатида кўрилади. Унинг бош биноси 1885 йил қурилган.

Россиядаги 1917 йил инқилобига қадар ООУ биносида Ҳарбий кенгаш жойлашган.

1924 йилдан бошлаб у ерда Офицерлар уйи жойлашди (дастлабки номи – Қизил армия уйи). 1945 йили у "Округ офицерлар уйи" деб номланди.

1991 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан бу бино "Марказий офицерлар уйи" деб қайта номланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG