Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Навоий КМКда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланди


Навоий КМКи ҳудудидада мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги қарор. Узметрономдан олинди.
Навоий КМКи ҳудудидада мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги қарор. Узметрономдан олинди.

Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти ўз ишчиларига мобил телефонлардан корхона ҳудудида фойдаланишни тақиқлади. Энди комбинат ишчилари мобил телефонларини уйида қолдириб ишга боришлари керак. Корхона маъмурияти бу чекловнинг сабабини изоҳламаган.



Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов жорий йилнинг биринчи сентябридан бошлаб комбинатнинг барча ҳудудларида мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган комбинат ишчиларидан бирига кўра, раҳбарлар корхонадан сизиб чиқаётган ахборотларни чеклаш учун шундай қарорга келган кўринади:

- Комбинатнинг кон қазийдиган бир қанча ҳудудлари бор. Барчасига телефон олиб киришни ман қилинди. Дарвозадан текширишяпти, телефони бўлса, киргани қўймаяпти. Бирор нарса ҳақида хабар беради деб қўрқишаётган бўлса керакда,- деди комбинат ишчиси.

Исмини ошкор қилмаган бошқа бир ишчига кўра, комбинат идорасида ишлайдиган хизматчиларга фото ва видио камералари бўлмаган телефонлардан фойдаланишга рухсат берилган:

- Кон қазиш билан шуғулланадиган корхоналар ҳудудига ҳар қандай телефонни олиб кириш тақиқланган. Бироқ, управленияда ишлайдиган ходимлар Интернетга улана олмайдиган телефонлардан фойдаланишлари мумкин,- деди комбинат ишчиси.

Комбинат бош директори Қувондиқ Санақулов мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги қарорда бу чекловнинг сабабларини изоҳламаган.

Озодлик бунга изоҳ олиш мақсадида комбинат матбуот хизмати билан боғланди. Хизмат раҳбари Низомиддин Садриддинов саволларга фақат мактуб орқали жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда мобил технологиялар ривожланиб, телефон ёрдамида олинган сурат ва видео тасвирлар Интернет орқали тез тарқалаётгани боис, комбинат раҳбарияти ўз ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган турли воқеа ва ҳолатларга оид ахборот ташқарига сизиб чиқишнинг олдини олиш мақсадида шундай чекловларни жорий қилган бўлиши мумкин.

Навоий кон-металлургия комбинатининг бўлимлари республиканинг еттита ҳудудида жойлашган. Корхона меҳнат жамоасида 67 мингдан зиёд одам ишлайди.

Комбинат асосан олтин ва уран ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бундан ташқари корхона фосфорит хом ашёсини қазиб олиш, сульфат кислота ва олтин, кумуш буюмларини ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади.
XS
SM
MD
LG