Линклар

logo-print

Россиянинг Божхоналар Иттифоқи истиқболи шубҳа уйғотмоқда


Бир неча ойлик иккиланишдан сўнг Арманистон Россия етовидаги Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлди. Айни пайтда¸ Украина ҳукумати ноябр ойида Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик келишувини имзолашга қарор берди.

Постсовет ҳудудидаги аксар ҳукуматлар бир-бири билан рақобатчи бу икки иттифоқдан қай бири билан ҳамкорликни танлаш борасида айни шундай дилеммага дуч келмоқда¸ дейди Озодлик мухбири суҳбатлашган АҚШдаги Демократия учун Миллий жамғарма вице-президенти Жуди Шелтон.

Россия етовидаги Божхоналар иттифоқининг илк аъзолари унга 2010 йилда қўшилган Беларус ва Қозоғистондир. Постсовет ҳудудида Европа Иттифоқига рақобатчи иқтисодий ҳудуд яратишга уринаëтган Кремл бу иттифоқни кенгайтириш иддаосида. Жуди Шелдон таъбирича¸ Путин раҳбариятининг асл иддаоси аслида иқтисодий амбициялар билангина чекланиб қолмайди:

- Москва ўтмишда ўз назоратида бўлган постсовет ҳудудларида нафақат иқтисодий¸ балки сиëсий бошқарувни қайта ўрнатиш илинжида. Аммо собиқ иттифоқни тиклаш уринишлари Россия иқтисодий модели ҳеч бир давлат учун жозибадор бўлмай қолган бир даврга тўғри келмоқда. Айни кунларда Россия иқтисодининг асосан хом ашë¸ биринчи галда¸ нефт ва газ сотишга қарам бўлиб қолгани¸ коррупция улкан муаммога айлангани¸ аксарият фуқаролар зарари эвазига мамлакатда бир гуруҳ ўта бой олигархлар табақаси пайдо бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис¸ собиқ иттифоқдошларни Божхоналар Иттифоқига жамлаш орқали улар тараққиëти учун модел бўламан¸ дейиш Москвадагилар хом-хаëлидан бошқа нарса эмас¸ дейди америкалик таҳлилчи.

Россиянинг постсовет ҳудудларини ҳам иқтисодий¸ ҳам сиëсий жиҳатдан ўз назоратига олиш уринишларини мураккаблаштирадиган жиҳатлардан яна бири¸ кузатувчи фикрича¸ Хитойнинг бу минтақада ошиб бораëтган иқтисодий ролидир:

- Россиянинг ўзи ташкил қилган иттифоқ ва келишувларга Хитойни ҳам тортиш уринишлари бироз кулгилик. Зотан Хитойнинг иқтисодий ўсиш модели Россияникидан анча яхши экани очиқ кўриниб қолди. Постсовет республикалари¸ хусусан¸ Марказий Осиë минтақаси олдида эса¸ бу икки моделдан бирини танлаш имкони турибди. Улар ўзлари учун энг яхши савдо шериги ким бўлиши масаласида¸ Европа Иттифоқини ҳам қўшган ҳолда¸ танлов имконига эгалар.

Россия билан иттифоқнинг қандай бўлишини улар яқин ўтмишдан яхши биладилар ва Божхоналар Иттифоқининг ана шу ўтмишдан келаëтган садо эканига кўпчиликда шубҳа йўқ¸ дейди Шелтон.

Европа Иттифоқи билан сиëсий¸ қолаверса яқин иқтисодий иттифоқчилик ўрнатиш учун¸ муайян талаблар бор. Бошқарувни шаффофлаштириш¸ қонун устиворлигига амал қилиш¸ коррупцияни жиловлаш¸ сармоя учун қулай муҳит яратиш¸ шундай талаблардандир.

Айни пайтда¸ Россия ўзи билан иттифоққа бирлашиш учун бундай талабларнинг бирортасини ўртага қўймайди. Айни шу жиҳат¸ оддий аҳоли ишончига кўра¸ коррупция авж олган собиқ иттифоқдошларни Москва билан яқинлаштирмай қолмайди.

Аммо АҚШдаги Демократия учун Миллий жамғарма вице-президенти Жуди Шелдон¸ бундай яқинликка боришдан аввал “арзоннинг шўрваси татимас” нақлини эслаб қўйиш лозимлигини таъкидлайди:

- Россиянинг ўзи тузган иттифоқларга қўшилишни ниҳоятда осон қилиб қўйганига собиқ иттифоқдошлар жиддий шубҳа билан ëндашишлари керак. Содда қилиб айтганда¸ Россия уларга “Бизда ҳеч қандай стандарт¸ ҳеч қандай қадрият йўқ¸ ëнимга қўшилсанг¸ бўлди¸ етади”¸ демоқда. Менимча¸ у ëки бу давлат демократия¸ инсон ҳақлари¸ сиëсий эркинликлар ва иқтисодий имкониятларга ҳурмат кўрсатмайдиган иттифоқларга қўшилишдан тийилиши лозим¸ дейди Жуди Шелтон.
XS
SM
MD
LG