Линклар

logo-print

Россия Федерацияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Роспотребнадзор ташкилоти Липецк вилояти бошқармаси ходимлари вилоят бўйлаб ўтказган текширув натижасида тўртта мева-сабзавот дўконидаги Ўзбекистондан келтирилган қовунларни сотувдан олиб ташлади. Роспотребнадзор расмийси Озодликка таркибида нитратлар миқдори нормадан юқори бўлгани сабабли қовунларни сотиш ман қилинганини айтди.


Роспотребнадзор ташкилоти Липецк вилояти бошқармасининг Санитария назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Елена Хвенчук Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондан келтирилган қовунлар сотувдан олиб ташлангани сабабини маҳсулот санитария талабларига жавоб бера олмагани билан изоҳлади:

- Бу йил Ўзбекистондан келтирилган қовунлар уч марта текширилганида уларнинг сифати стандартга мос келмаслиги аниқланди. Ўша партиядаги қовунлар сотувдан олиб ташланди ва савдо шоҳобчаларида сотиш тақиқланди, деди Елена Хвенчук.

Роспотребнадзор расмийси Липецк вилоятида нафақат Ўзбекистон¸ балки бошқа жойлардан келтирилган барча полиз ва мева маҳсулотлари сифати текширилаётганини урғулади:

- Липецк вилояти ҳудудида сотилаётган полиз маҳсулотлари сифати режага мувофиқ текширилмоқда. Нафақат Ўзбекистон, балки, Волгоград, Астрахан ва бошқа жойлардан ҳам келтирилган қовунлар ҳам сотувдан олиб ташланди¸ деди Озодлик суҳбатлашган расмий.

Елена Хвенчук бу жорий йилда Ўзбекистондан келтирилган полиз маҳсулотларининг биринчи марта сотувдан олиб ташланиши эканини қўшимча қилди.

Унга кўра, санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот сотган дўконларга 6000 рублдан жарима солинган.

Роспотребнадзор расмийси Липецк вилоятига сифатли полиз ва мева маҳсулотлари олиб келинишини назорат қилиш мушкул эканидан шикоят қилди:

- Корхоналар нималарни олиб келмаяпти! Ҳозир ҳар бир корхона алоҳида юридик шахс ҳисобланади. Марказлашган тартибда таъминот йўлга қўйилмаган. Ким қаердан нимани сотиб олса, ўшани келтириб сотаяпти. Улар келтирган маҳсулотини, унинг саломатлик учун хавфсиз эканини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган ҳолда сотишлари керак.

Масалан, Ўзбекистон қовунларида нитратлар миқдори юқори бўлган. Нитратлар одам саломатлиги учун хавфли. Шу боис уларни савдодан олиб ташладик. Аммо бунга қадар қанча қовун сотилганини биз билмаймиз, деди Елена Хвенчук .

Ўзбекистон азалдан Россияга мева-сабзавот етказиб берадиган етакчи давлатлардан биридир.

Fruit-inform.com нашри хабарига кўра, 2013 йилда Россия Ўзбекистондан ўрик импортини ҳам кўпайтирган.

Нашрга кўра, жорий йил июнида Ўзбекистоннинг Россияга ўрик экспорти ҳажми 2012 йил июн ойига нисбатан уч баробар кўпайган.

"Бу билан Ўзбекистон Туркия ва Арманистон каби асосий рақобатчиларини ортда қолдириб, Россия бозорига ўрик етказиб берувчи етакчи таъминотчига айланди"¸ деб ёзди Fruit-inform.com нашри.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2012 йилда мамлакатда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2011 йилга нисбатан 107 фоизга кўпайиб, 3,9 миллиард еврони ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG