Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

Банк ходимлари қарз ундиришга масъул қилиб қўйилди


Тошкентдаги тижорат банклари ходимлари аҳолининг коммунал хизматлардан қарзларини ундириш учун уй-жой мулкдорлар ширкатларига масъул қилиб қўйилди. Ҳар бир тижорат банкидан бир неча нафар ёки бир гуруҳ банк ходими УЖМ ширкатларига бориб, қарздорликни камайтириш учун керакли молиявий маслаҳатларни беришлари ва уйларни қишки мавсумга тайёрлашда фаол иштирок этишлари лозим. Бу жараёнда қатнашаётган банк ходимлари бевосита ўз вазифасига кирмаётган ишларни қилишга мажбур бўлишаётганидан нолимоқдалар.


Тошкент шаҳридаги тижорат банклари ходимлари аҳолининг коммунал тўловлардан қарзини ундириш учун уй-жой мулкдорлар ширкатларига сафарбар этилди.

Бу ҳақда Озодликка пойтахтдаги банклардан бирида ишлаётган ходим мактуб ёзди:

“Тошкент шаҳар ҳокимияти банклардан ўз ходимларини коммунал қарздорликни ундиришга сафарбар этишни талаб қилмоқда. Гарчи бу иш банк ходимининг вазифасига кирмаса-да, ҳар бир банк камида икки ходимини бу иш учун ажратишга мажбур. Норози бўлганларга “бу давлат сиёсати, ёқмаса ана катта кўча, ишдан бўшайсан”, дейилаяпти”, деб ёзади тижорат банки ходими.

Тошкентдаги “Агробанк” тижорат банкининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда банкирларга шундай вазифа қўйилаётганини тасдиқлади. Унга кўра, банкирларга уй-жой мулкдорлар ширкатларини соғломлаштириш вазифаси юклатилаяпти:

- Банкирлар коммунал ширкатларга бориб, дебиторлардан қарздорликни ундириш, қишки мавсумга қанақа тайёргарликлар кетаяпти, томлар ёпилганми, подвалда сув йўқми - ишқилиб, ҳаммасини текшириб чиқиши шарт. Хуллас, коммунал ширкатларни полний текшириб чиқишимиз ва қарздорликни ундириш учун ҳаракат қилишимиз керак экан. Аслида бу бевосита бизнинг вазифамизга кирмайди, лекин қилишга мажбурмиз, дейди банк ходими.

Тошкентдаги банклардан бирининг бошлиғи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳақиқатан шундай топшириқ борлигини тасдиқлади:

- Бу тўғри, банк ходимлари аҳолининг дебиторлик қарздорлиги ундириш бўйича уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан шуғулланаяпти. Бош вазирнинг биринчи талаблари, кузги-қишки мавсум олдидан аҳолининг кайфиятини ўрганиш, кейин иккинчидан, банкларга муамоларни ҳал қилишда ёрдам берилсин, кредит берилсин, деган топшириқ берилган. Биласиз, ширкатларнинг кўпи картотекада ўтирибди, ремонтига пули йўқ. Асосий мақсад - қишга пухта тайёргарлик кўриш, дейди банк бошлиғи.

Унга кўра, баъзи банклар бу иш учун 10-15 нафардан ходимини сафарбар қилган:

- Бир хил банклар 10-15 тадан ходимини беришаяпти. Асосан касса ходимлари. Домларга юриб, қарздорликни йиғаётганда битта кассада 20-30 та одам бўлиб кетмасин, балки кассаларни кўпайтириб, ишни енгиллаштириш мақсадида қилинаяпти. Яна бир марта айтаман, бундан асосий мақсад қарздорликни ундиришда ёрдам беришга қаратилган, деди тижорат банклардан бирининг директори.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, тахминий ҳисобларга кўра, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги 500 миллиард сўмдан ошиб кетган ва ҳукумат қарздорликни камайтириш учун шундай чоралар қўллашга мажбур бўлаяпти:

- Бу тажриба янгилик эмас, икки йилдан бери қўллашаяпти. Тўғри, бу тадбирлар муаммони ечмайди, лекин шунга ҳаракатлар бўлаяпти. Уй-жой мулкдорлар ширкатлари давлатга қарашли эмас, уларнинг катта бир ташкилоти йўқ. Уларни бевосита назорат қилиб бўлмайди ва ҳукумат бунга аралашишга мажбур бўлаяпти. Ва масаланинг иккинчи томони бор: одамлар ана шундай ширкатлар ўзлариники эканлигини ва ўзлари бунга масъул эканлигини тушуниб етмаяптилар. Бевосита боғлиқ бўлмаган ташкилотларни бунга масъул қилиб қўйиш аслида тўғри эмас, лекин реаллик шуни талаб қилаяпти, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG