Линклар

logo-print

Санкт-Петербургга келган Обама Москвага бормайдиган бўлди


Пайшанба куни Россия шимолий пойтахтида иш бошлаган тараққий қилган Катта Йигирмалик раҳбарлари учрашуви Кремл ва Оқ уй ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетган бир пайтга тўғри келди. Сурия борасидаги зиддият¸ қолаверса¸ АҚШ махфий хизматлари собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг Россиядан бошпана топиши фонида ўтаëтган бу саммит давомида АҚШ президенти Барак Обама Путин билан Москвада ўтказилиши белгиланган учрашувни бекор қилди.

АҚШ ва Россия президентларининг Москвада ўтиши белгиланган учрашувининг бекор қилингани ҳақида баëнот берган Оқ уй матбуот котиби Жей Карни¸ бундай қарор ортида қатор сабаблар борлигини билдирди.

"Масалани обдон ўрганиб чиққач¸ биз АҚШ-Россия муносабатлари кун тартибида олий даражали учрашув ўтказишга асос бўлувчи етарлича илгари силжиш бўлмади¸ деган тўхтамга келдик”¸ деди Оқ уй расмийси чоршанба куни. Карни¸ прогресс кузатилмаган соҳалар сафида ракеталарга қарши мудофаа тизими¸ халқаро хавфсизлик масалалари¸ икки томонлама тижорий алоқалар ва инсон ҳуқуқларини тилга олиб ўтди.

Обаманинг Путин билан учрашмасликка қарор қилгани сабабларидан бири сифатида Оқ уй расмийси¸ АҚШда давлат сирини ошкор қилганлик айби билан маҳкамага тортилиши лозим бўлган Сноуденга Россиядан бошпана берилганини ҳам алоҳида қайд этди.Кремл қароридан жунбушга тушган қатор нуфузли сенаторлар¸ Сноуденга бошпана берилишини Вашингтон юзига туширилган тарсаки¸ дея баҳолаб АҚШ ҳукуматидан Сочида ўтказиладиган қишки олимпиада ўйинларини бойкот қилишни талаб қилдилар.

Сурия ва Эрон муаммосига ëндашувдаги кескин қарама-қаршилик¸ Россияда гомосексуалларга қарши қабул қилинган қонун¸ Россия болаларининг америкаликлар томонидан асраб олинишининг тақиқланиши¸ кузатувчилар фикрича¸ ҳозирда Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг “Совуқ уруш” давридан бери кузатилмаган совуқчиликка тушганини кўрсатмоқда.

Йигирмалик саммити арафасида АҚШ ва Россия телеканалларига интервю берган Путин¸ Обаманинг Москва учрашувини бекор қилгани хусусида афсус билдирди:

- Мен АҚШ президентининг Москвага бориши ва у ерда пишиб етилган долзарб муаммоларни гаплашиб олишни хоҳлаган эдим. Айни пайтда¸ мен бу учрашувнинг бекор қилинишини фалокат деб билмайман. Зотан¸ давлатларимиз ўртасидаги мулоқот турли даража¸ хусусан вазирларимиз даражасида тўхтамасдан давом этмоқда¸ деди Катта Йигирмалик саммитига мезбонлик қилаëтган Путин.

Саммит арафасида гапирган Оқ уй раҳбари¸ ўзаро муносабатларнинг совуқлашиб кетганига қарамай¸ Россия раҳбариятининг зиддиятли муаммолар юзасидан ўз позициясини ўзгартиришига умид билдирди:

- Жаноб Путиннинг зиддиятли масалалар юзасидан ўз қарашини ўзгартиришига ҳали ҳам умид қиласизми¸ деб сўрасангиз¸ ҳа¸ мен доим умидворман¸ деб жавоб бераман. Мен бундан сўнг ҳам халқаро амалиëтнинг самаралироқ бўлиши боис¸ Путин билан бу масалаларда алоқа қилишни давом эттираман¸ деди АҚШ раҳбари Санкт-Петербургга келиш арафасида.

Сўнги хабарларга кўра¸ Обама Москва сафарини бекор қилган бўлса-да¸ унинг Путин билан саммит доирасида қисқа муддатга учрашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG