Линклар

Euronews халқаро телеканалининг яқин кунларда Ўзбекистон ҳақидаги навбатдаги туркум кўрсатув ва видеолавҳаларни намойиш этиши кутилаяпти. Мазкур телеканалнинг ҳар соатда дунёдаги йирик шаҳарлар қатори Тошкент шаҳридаги об-ҳаво ҳақида ҳам маълумотларни беришни бошлайди.

Яқиндан бошлаб мазкур телеканал ҳар соатда дунёдаги йирик шаҳарлар қатори Тошкент шаҳридаги об-ҳаво ҳақида ҳам маълумотларни беришни бошлади.

Ўзбекистоннинг расмий “Жаҳон” агентлиги бу янгиликни Ўзбекистон ва Euronews телеканали ўртасида сўнгги икки йил давомида ўрнатилган ҳамкорлик самараси, дея тақдим этди.

Агентликнинг Euronews тижорат директори Оливие де Моншенюга иқтибосан ёзишича, телеканалда Ўзбекистон тарихий-маданий мероси, туризм ва сармоя салоҳияти ҳақидаги кўрсатувлар берилиши кутиляпти.

Ўзбекистоннинг Euronews орқали реклама қилинишида мамлакат Иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ҳомийлик қилиши айтилади.

Ҳозирча реклама характерида экани айтилаëтган бундай кўрсатувлар учун Ўзбекистон томонининг қанча пул тўлагани маълум эмас. Euronews вакиллари ҳозирча бу юзадан Озодлик юборган саволларга жавоб беришмади.

Ушбу роликлар намойиши Ўзбекистонда қатор хориж ширкатлари муаммоларга юз тутиб¸ бу мамлакатни тарк этаётган, айрим ширкатлар халқаро арбитраж орқали Ўзбекистондаги сармояларини қайтариб олишга уринаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон ҳақидаги бир қатор филмлар муаллифи, даниялик журналист Майкл Андерсон фикрича, Тошкент расмийлари йирик пул эвазига Euronews каби нуфузли телеканалларда Ўзбекистон ҳақидаги “ёлғон PR роликлар” намойиш қилиб¸ потенциал инвесторлар ҳамда хорижлик сайёҳларни овлашга уринмоқда:

- Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари қўпол бузилаётган мамлакат экани аввалдан маълум. Сўнгги йилларда эса Ўзбекистондаги бир қатор бошқа ҳолатлар, жумладан¸ мамлакат ичида МТС ва бошқа йирик ширкатларга қарши қилинган ноқонуний амаллар, TeliaSonera атрофидаги можаро, Швейцария, Францияда ўзбекларнинг пул ювиш билан боғлиқ жанжал ва бунга ўзбек президенти қизининг алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар сармоядорларнинг Ўзбекистонга нисбатан қолган сўнгги ишончини ҳам йўқотди, дейди Андерсон.

Ўзбекистоннинг “иқтисодий, сармоя ва сайёҳлик салоҳияти” ҳақидаги реклама роликлари Euronews телеканалида биринчи марта берилаётгани йўқ.

“Welcome To Uzbekistan” “Ўзбекистонга хуш келибсиз” реклама ролиги шу йилнинг 13 май куни, Андижон қатлиомига айнан 8 йил тўлган кунда Euronews каналида намойиш этилган эди.

“Ўзбекистон Шарқнинг марвариди, буюк икмкониятлар диёрига хуш келибсиз”, деган сўзлар билан бошланувчи 35 секундлик ушбу видеолавҳанинг айнан 13 май куни Euronews телеканалида эфирга узатилиши шунчаки тасодиф бўлганми ёки Ўзбекистондаги буюртмачиларнинг талаби асосида қилинганми, бу маълум эмас.

Журналист Майкл Андерсон Euronews сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги Каримов режимининг пропаганда қуролига айланаётгани борасида хавотир билдиради:

- Мен ғарблик бир журналист сифатида айтаманки, ёлғонга асосланган бу каби лавҳаларнинг Euronews каби каналда эфирга берилиши уят. Ўзбекистоннинг дунёдаги энг қаттол режимлардан экани кўпчиликка маълум. Шундай экан нега Euronews каналининг қонли пул эвазига режимни улуғловчи лавҳаларни намойиш этиши мени ажаблантиради, дейди Андерсон.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли, Ўтюраклар клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева Euronews телеканалидаги видеолавҳалар дунё аҳлига ёлғон муждани йўллаши мумкинлиги ҳақида гапиради.

-Бу хорижлик сайёҳлар, потенциал инвесторларга ёлғон маълумот бериши ва Euronews ҳам бу ёлғонга шерик бўлиб қолиши мумкин. Чунки, Ўзбекистонга борган кўпчилик сайёҳлар сармоядорлар муаммоларга юз тутишгани кўпчиликка маълум, -дейди Тожибоева.

Euronews халқаро телеканали 1993 йилда ташкил этилган. Бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган.

Телеканал ўз кўрсатувларини 15 тилда жаҳоннинг 150 дан зиёд мамлакатига узатади. Ҳозирда¸ айтилишича¸ Euronews 350 миллиондан ортиқ томошабинга эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG