Линклар

Ғарб дизайнерлари пахтага муқобил қидирмоқда


Пахтадан бўлмаган дунëдаги илк жинси шимни яратган шотландиялик дизайнер ва тадқиқотчи Доун Элламс

Пахтадан бўлмаган дунëдаги илк жинси шимни яратган шотландиялик дизайнер ва тадқиқотчи Доун Элламс

Ўзбекистонда пахта мавсуми бошланиб¸ ëшу қари далага мажбуран сафарбар қилинаëтган паллада Ғарб технологлари пахтанинг муқобилини изламоқда

Дунëдаги миллионлаб одам учун пахтадан бўлган жинси шим кундалик кийимдир. Қулай¸ пишиқ ¸оддий ва бичимли бўлган жинси шимни кўпчилик севади.

Лекин бу шим тикиладиган матони яратиш курраи заминнинг экологик мувозанатини бузаëтгани, миллионлаб одамни мажбуран ишлатиш эвазига бўлаëтгани ҳақида кўпчилик билмайди.

Пахтадан бўлмаган дунëдаги илк жинси шимни яратган шотландиялик дизайнер ва тадқиқотчи Доун Элламснинг айтишича¸ битта жинси иштонга кетадиган пахтани суғориш учун минглаб челак сув сарф бўлади:

- Жинси матоси тўқиладиган пахта жуда сувталаб ўсимлик. Пахтадан бўлган жинсини таëрлаш жараëнида ҳам кўп сув сарф бўлади. Жинсини индиго билан бўяш учун ҳам жуда кўп сув кетади. Битта жинси иштон учун 10 минг литр сув сарфланади. Бунинг ëнига жинси мато учун етиштирилган пахтага сарфланган қўл меҳнатини қўшсак¸ манзара янада ойдинлашади¸ дейди жинси шим муқобилини топган тадқиқодчи.

Алтернатив газлама

Шотландиядаги Heriot-Watt университетида тадқиқот олиб борган Доун Элламс ўзи тиккан жинсий шим ва футболка учун табиий тенсел матосини ишлатди:

- Тенселнинг ўзига хос тарафи унинг юмшоқ ва момиқлигидир. Ким уни кийиб кўрган бўлса¸ юмшоққина экан¸ танага ëқади¸ деб айтишди. Бир кийсангиз¸ ечгингиз ҳам келмайди. Танага ëпишибгина туради. Пахта мато сал дағал бўлади¸ дейди дизайнер-тадқиқотчи.

Тенсел ëки “лиоцелл” эвкалипт дарахтидан ҳозирланган матодир. Эвкалипт, Элламсга кўра¸ пахтага қараганда 20 фоиз кам сув ичади ва пахтага қараганда 70 фоиз кам экин майдонини эгаллайди:

- Эвкалипт целлюлозасидан олинган тенсел газламаси нафақат пахтадан бўлган матолар балки¸ бошқа газламалар ўрнини ҳам бемалол босиши мумкин¸ дейди тадқиқотчи.

Суҳбатдошга кўра¸ тенсел ишлаб чиқариш жараëнида ишлатилган суюқликдан 99 фоиз қайта фойдаланиш имкони мавжуд. Бу эса жараëннинг экологик хавфсиз эканлигидан далолат.

Эколибос истиқболи

Тенсел газламаси ишлаб чиқарувчи Lenzing Fibers ширкати Австрияда жойлашган. Бу ширкат бошқарувчиси Джим Тейлорга кўра¸ Тенсел газламасидан автомобил ўриндиқлари учун жилд¸чойшаб ва гиламлар тўқилмоқда:

- Одамлар синтетик газлама зарари ҳақида билгич бўлиб қолгани боис¸ бизнинг бозоримиз чаққон. Масалан¸ полиэстр нефтдан олингани боис организм учун зарар келтиришини одамлар билиб олишган. Пахта етиштириш учун сув ва пестицидлар сарфланиши ҳақида ҳам одамларда билги бор. Шу боис одамларни эколибослар қизиқтирмоқда¸ дейди Джим Тейлор.

Экологик тоза либосларга эҳтиëжнинг тоза ва хавфсиз заминда яшашни истаган маърифатли қатлам орасида кучайгани кузатилади.

Пахтага муқобил газлама топиш истагининг бу пахта кўп ҳолларда мажбурий меҳнат маҳсули бўлганига норозилик сифатида ҳам пайдо бўлгани айтилади.

Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated

Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated

Шу кунларда мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган ўзбек пахтасини ишлатишдан воз кечган таниқли брэндлар сони кўпаймоқда.

"Болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнати маҳсулидан фойдаланмаслик ва расмий Тошкент жиноятига шерик бўлмаслик маъсулияти кучайган"¸ дейди дунëдаги ўнлаб инсон ҳуқуқ фаолларини бирлаштирган халқаро “Пахта кампанияси” координатори Мэтью Фишер-Дэли.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистондаги пахтанинг аксар қисми қўл меҳнати билан териб олинади. "Ўзбекистонлик ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда давлат хизматчилари пахта даврида қул каби ишлатилмоқда"¸ дейди Мэтью Фишер-Дэли.

Суҳбатдош¸ тенсел газламаси ва ундан жинси шим тикиш ҳаракатларини қўллаб- қувватлайди. Ҳуқуқ фаоли¸ бу ҳаракатлар воситасида Ўзбекистондаги пахта қуллигига чек қўйиш мумкин деб билади:

- Пахта Марказий Осиëдаги эҳтиëждан кўпроқ етиштирилади. Масалан¸ пахта боис Ўзбекистонда Орол денгизи қуриб қолди. Бу эса аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилди. Албатта¸ пахта ўсимлигига муқобил нарса топиш лозим¸ дейди Фишер-Дэли.

"Пахтага муқобил газламалар топилиши пахтанинг бадарға қилинишини англатмайди¸ бу ерда гап мувозанат ҳақида бормоқда"¸ дейди пахтадан бўлмаган дунëдаги илк жинси матосини яратган шотландиялик дизайнер ва тадқиқотчи Доун Элламс.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG