Линклар

Оқ уй Сенат қўмитаси Сурияга зарба беришга рози бўлганидан мамнун


Оқ уй вакиллари АҚШ Сенати қўмитаси президент Барак Обаманинг Сурияга ҳарбий зарба бериш чақириғини қўллаб-қувватлаганини олқишлади. Обама маъмурияти кимёвий ҳужум учун масъул деб кўраётган Сурия Президенти Башар ал-Ассадга қраши ҳарбий операция АҚШ миллий хавфсизлиги манафаатига мос эканини айтмоқда. Айни пайтда, Россия Президенти Владимир Путин Москва Сурияда ҳарбий интервенцияни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслигини билдирди.



АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги овоз беришда президент Барак Обама маъмурияти киритган ҳарбий интервенция режаси учун қўмитанинг 10 вакили овоз берди, 7 киши қарши чиқди.

Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси томонидан маъқулланган чора АҚШ миллий хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва Сурия Президнти Башар ал-Ассад режимининг кимёвий қурол арсеналига путур етказади, дея баён қилди.

Резолюцияга кўра, Вашингтон Ассад режимини масъул деб кўраётган кимёвий ҳужумга жавобан амалга оширилажак ҳарбий интервенция кўпи билан 90 кун давом этиши кўзда тутилган ва унда жанговар қўшинларнинг иштирок этиши тақиқланган.

Резолюция қонун кучига эга бўлиши учун Сенатнинг тўлиқ таркиби уни маъқуллаши керак. Бундан ташқари Вакиллар палатаси қўмитасида ҳам бунга оид чоралар устида иш олиб борилмоқда.

Вашингтон 21 август куни Дамашқ яқинида амалга оширилган ҳужумда зарин гази қўлланилгани ҳамда 1400дан ортиқ одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

Сенат қўмитасида бу масала овозга қўйилишидан аввал Швецияга ташрифи пайтида гапирган Обама Дамашқ режимининг кимёвий ҳужумига жавоб қайтарилмаса, халқаро ҳамжамиятга бўлган ишончнинг путури кетади, дея таъкидлади.

- Қизил чизиқни мен белгилаганим йўқ. Қизил чизиқни дунё белгилади. Дунё аҳолисининг 98 фоизни ташкил қиладиган мамлакатлар ҳукуматлари кимёвий қуролни қўллаш жирканчли эканини айтиб, ҳатто уруш пайтида ҳам уни қўллашни тақиқлаш тўғрисида битим тузганида қизил чизиқ белгиланган. Конгрес бу битимни ратификация қилганида қизил чизиқни белгилаган,- деди Обама.

Сенат қўмитасидаги муҳокамаларда қатнашган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтоннинг иттифоқичию душманлари нафақат Қўшма Штатлар Сурияда рўй берган кимёвий ҳужумга жавобан нима қилишини, балки қандай жавоб қайтаришини ҳам кузатиб турибди, дея таъкидлади.

- Бутун жаҳон нафақат бу ерда нима қилишимизни, балки қандай қарор қабул қилишимизни кузатиб турибди. Очиғини айтганда, жаҳон Америка Қўшма Штатлари – ҳам АҚШ Конгресс ҳам президенти бир овоздан қарор қабул қила оладими, йўқми кузатиб турибди. Улар Америка бу дамларда бирдамликни намойиш қила оладими, йўқми, бу дамлар талаб қиладиган бирдамлик билан позициямизни намойиш қила оламизми, йўқми шуни кутиб туришибди,- деди Керри.

Йиғинда Обама маъмуриятидан вакил бўлиб келган мудофаа вазири Чак Ҳейгл Сурияга бериладиган зарба рамзий бўлмаслиги, Ассад режимининг ҳарбий салоҳиятини жиддий тарзда пасайтиришга қаратилишини таъкидлади.

Баъзи сенаторлар Қўшма Штатлар Суриядаги фуқаролар уруишига аралашиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Республикачи сенатор Эд Ройс жумладан бундай деди.

- Президент Сурияда ҳарбий амалиёт вақт ва қамров жиҳатидан чекланган бўлишини айтмоқда. Лекин Ассад режими ҳам жавоб қатаришини инобатга олишимиз керак. Айниқса, президент Обама жойдаги вазиятни ўзгартиришни мақсад қилмаётгани инобатга олинса, бу долзарб масаладир. Вазият кескинлашиши эҳтимоллари қанча? Турли сценарийлар эътиборга олинмоқдами? Ҳозир гап, айтилаётганидек, бизга бўлган ишонч ҳақида кетаётган бўлса, Ассад жавоб қайтарса нима бўлади? Америкаликлар, можаро гувоҳларидан бири айтганидек “тарихан этник ва диний адоватдан” суғорилувчи конфликтга аралашишини истамайди, деди сенатор.

Айни пайтда чоршанба куни Россия Президенти Владимир Путин Associated Press агентлигига берган интервьюсида БМТ Хавфсизлик кенгаши Ассад режимини жазолаш резолюциясини маъқулласа, Москва Сурияга ҳарбий зарба бериш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини таъкидлади.

Москва кимёвий ҳужум ортида Ассад режими эмас, Сурия исёнчилар турганини айтиб келади.

Чоршанба куни Парижда ҳам Франция парламенти Сурияга ҳарбий интервенция бошлаш масаласини муҳокама қилди. Лекин президент Франсуа Олландга ҳарбий амалиётда қатнашиш ваколати берилганича йўқ.
XS
SM
MD
LG