Линклар

Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган Катта йигирмалик саммити бугун ўз ишини якунлайди.

Кутилганидек, Сурия бўхрони иқтисодий масалалар муҳокамаси режаланган саммит кун тартибидаги асосий мавзуга айланди.

Катта йигирмалик саммити кимёвий қурол ишлатгани иддао қилинаётган Сурия ҳукуматига нисбатан куч ишлатиш тарафдори АҚШ президенти Барак Обама ва бундай ҳаракатларни кескин танқид қилаётган Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги танглик кучаяётган бир вақтда ўтказилмоқда.

Сешанба куни Хитой, Европа Иттифоқи ва Рим Папаси Франциск Сурияда ҳарбий ҳаракатларни бошлашга қарши чиқишди.

Санкт-Петербургдаги саммитда иштирок этаётган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва БМТ махсус элчиси Лахдар Брахимий Сурия масаласи юзасидан халқаро тинчлик конференциясини ўтказиш бўйича келишувга эришишмоқчи.

Жума куни Катта йигирмалик қатор иқтисодий масалаларни, жумладан, йирик компанияларнинг солиқ тўлаши билан боғлиқ муаммоларни муҳокама этиши ҳам кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG