Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

Иордания-Ўзбекистон Бразилияга йўлланма учун беллашади



6 сентябр куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг плей-офф баҳслари доирасида Иордания терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтадиган ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.

Ўзбекистон терма жамоаси бунгача Иордания термаси билан 7 марта ўйин ўтказган ва улардан учтасида ғалаба қозониб, учтасида дуранг ўйнаган. Бир ўйин Иордания фойдасига якунланган.

Жавоб учрашуви 10 сентябр куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади.

Агар Ўзбекистон терма жамоаси плей-оффда икки ўйин натижасига кўра ғолиб чиқса, у ҳолда Жанубий Америка саралаш гуруҳида 5-ўринни қўлга киритган терма жамоа билан ўйин ўтказиш имконига эга бўлади.

Агар Жанубий Америка жамоасини ҳам мағлуб эта олса, у ҳолда Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши мумкин.

Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон ва Иордания футбол жамоалари ўртасида 10 сентябр куни Тошкентда бўладиган ўйин учун бир одамга тўрттадан ортиқ билет сотилмаслигини эълон қилган эди.

Ушбу чора билетлар чайқовчилигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда. Бундан аввалги ўйинларда билетларнинг аксари чайқовчилар томонидан сотиб олиниб, футбол ишқибозларига бир неча маротаба қимматроқ нархда сотилгани кузатилган.

Ўзбекистон-Иордания терма жамоалари ўйини учун билетлар 5 сентябр кунидан бошлаб, Тошкентнинг Пахтакор стадионида сотила бошланди.

Ҳаммаси бўлиб 29 439 билет сотувга қўйилган. Билетлар нарҳи 20 минг сўмдан 35 минг сўмгача қилиб белгиланган.
XS
SM
MD
LG