Линклар

logo-print
Фарғонада шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли ҳомиладор она нобуд бўлди. Навоийда сохта пул чиқарган талаба судланди. Қизил китобга киритилган 100 та қушга “амнистия” берилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Навоийлик талаба қиз онасини ёлланма қотилга ўлдиртирди”


Навоий техника-иқтисодиёт коллежи талабаси бўлган қиз ўз онасини ёлланма қотил воситасида ўлдиртирди (“Ҳуқуқ”, 5 сентябр). Қайд этилишича, отасиз катта бўлган талаба қиз 17 ёшида – ҳали турмуш қурмай туриб фарзанд орттирган.

Судхўрлик ортидан кун кўрган марҳума ҳамда унинг қотил қизи ўртасидаги муносабатлар у қадар яхши бўлмаган. Марҳума Навоий шаҳридаги “Умид гулшани – Навоий” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисасига фоиз эвазига катта миқдорда қарз берган. Қарзни қайтаришни хоҳламаган ширкат раисаси судхўр аёлнинг қизи билан тил бириктирган. Қиз онасидан қутулиб, уйга эга бўлишни, ширкат раисаси эса қарздан халос бўлишни кўзлаган. Шу тариқа ёлланма қотил ёрдамида аёл жонига қасд қилинган. Газета қотил қиз ва унинг ҳамтовоқлари исм-шарифини очиқламаган. Маълум қилинишича, жиноятчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Фарғонада шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли ҳомиладор она вафот этди”

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманилик Дилнозахон Анварова шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли вафот этди (“Даракчи”, 5 сентябр). Марҳуманинг онаси Зайнабхон Содиқовага кўра, қизи дастлаб Ҳайдаробод қишлоқ врачлик пунктига, сўнг Ўзбекистон тумани марказий шифохонасига мурожаат қилган, аммо шифокорлар бепарволик қилиб, антибиотик ёзиб берган, холос. Натижада, ҳомиладор онанинг асли сариқ касалига чалинганини аниқлаш деярли бир ҳафтага кечиккан ва унинг аҳволи оғирлашган. Дилноза Анварова ўлим билан бир ҳафта курашиб, 2013 йилнинг 6 мартида вафот этган. “8 март байрами арафасида юз берган бу фожиага айрим шифокорларни айбдор деб биламан. Энг ачинарлиси, тиббиёт соҳасида туманимиз мутасаддиларининг жим ва бепарво қараб туришлари туфайли кейинги 5-10 ой давомида бу каби фожиалар такрорланиб турибди” дейди марҳуманинг онаси З.Содиқова.

“Шоу бизнесда қўшиқ ўғрилиги урчимоқда”

Ўзбек шоу бизнес оламида хориж санъаткорлари ижодига мансуб қўшиқ ва куйларни ўғирлаш тобора кўпайиб бормоқда. “Даракчи” нашри ёзишича, “Ўғрини қароқчи урди” деганларидек бир хориж қўшиғини бир неча ўзбек хонандаси куйлаётгани ҳам кузатилмоқда. Шоу бизнесга ихтисослашган нашрга кўра, турк хонандаси Гулшеннинг “Оф-оф” қўшиғини биратўла Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Асалхўжаева ва Ҳосила Раҳимова куйлаган. Турк ижодкорларига мансуб “Сен ва мен” номли қўшиқни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аваз Олимов ва хонанда Гули Асалхўжаева куйлаб чиққан. Озарбойжондаги таниқли хонанда Узейрнинг “Мана гал” қўшиғини бирданига учта ўзбек қўшиқчиси – Аваз Олимов, Умида Мирҳамидова ва Юлдуз Турдиева ўзлаштирган. Фаррух Комиловнинг “Кел, кел”, Рухшона ва Сирожиддиннинг “Сени дея” қўшиқлари асли руминиялик хонандадан ўғирланган. Плагиатликда етакчи Мавлуда Асалхўжаева хонанда Афсона билан асли ўғирланган қўшиқни “меники” деб талашган.


“Тошкентдаги газ қуйиш шахобчасида “Зил” машинаси ўғирлаб кетилди”

Тошкентдаги “Ирода Азиз” фирмасига қарашли автомобилларга газ қуйиш шахобчасида Наим Мирзаевнинг “ЗИЛ-138” машинаси ўғирлаб кетилди (“Адолат йўли”, 5 сентябр). Хабарга кўра, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати машина ўғрисини қўлга олган. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги расмийси Мансуржон Рихсиев берган маълумотга қараганда, жорий йилда республика бўйича 69 та автотранспорт воситасини олиб қочиш ҳолати аниқланган. Аксарият ҳолларда транспорт воситалари эгалари томонидан қаровсиз қолдирилган ёки автоулов ўғриликка қарши махсус мослама билан жиҳозланмаган. “Қисқа муддатли тўхташларда, ёқилғи қуйиш шахобчаларига кирган вақтда калитни жойида қолдирманг. Транспорт воситасини ўғирлашга қарши махсус мосламалар билан жиҳозлаш ва уни қаровсиз қолдирмаслик зарур” дейди ички ишлар расмийси М.Рихсиев.

“9 дона минг сўмликни сохталаштирган йигит ушланди”

Навоий вилояти Нурота туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида компьютер йўналишида таҳсил олган Завқиддин Раҳмонов сохта пул чиқаришда айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар беради. З.Раҳмонов Ўзбекистон Республикасининг 1000 сўмлик купюрасини сканердан ўтказиб, “EPSON” рангли принтерида 9 дона сохта купюра чиқарган. Талаба сохта пулларни майда эҳтиёжларга, масалан, қурут сотиб олишга сарфлаган. Ҳуқуқ идоралари томонидан қўлга олинган Раҳмонов чин кўнгилдан пушаймон экани инобатга олиниб, 2 йилу 6 муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Ўзбекистонга депутатларнинг муштлашиши керак эмас!”

Журналист Тожиддин Раззоқ ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Ўзбекистонда ҳақиқий демократия йўқ” деган мазмундаги сиёсий қарашини танқид қилди (“Истиқлол қуёши”, 5 сентябр). Мурод Муҳаммад Дўст Би-Би-Си радиосига берган интервюсида: “Сиёсатда маълум даражада реформалар, бошқалар бўляпти. Партиялар тузиляпти. Лекин, афсуски, бир-бировига ўхшайди – эгизакдай. Уларнинг бари қўғирчоқ партиялар эканини ҳамма билади ва уларга ҳеч ким ишонмайди” дея сиёсий партияларнинг аҳволини қониқарсиз топган.

Журналист Тожиддин Раззоқ ёзувчининг мазкур танқидий фикрини “мактаб ўқувчиси ўз отасини муҳокама қилишидай бир гап” дея баҳолаган. “Депутатлар муштлашмоқда, вазни енгилроқлари оёқ остида ерпарчин. Чунки турли партиялардан сайланган депутатлар турлича фикрлайдилар… Бу манзараларни биз деярли ҳар куни кўриб турибмиз-ку! Сизга ҳам шундай томоша керакми, Мурод ака? Ҳозирча телевизор томошаси билан қаноатланиб туришингизга тўғри келади. Чунки мамлакатдаги тинчликни дахл қиладиган кучларнинг ҳаракатлари самарасиз якунланмоқда ва бундан кейин ҳам, албатта, шундай бўлади! Чунки Бобил минорасининг қурилишида ўзбеклар қатнашмаган эди” деб ёзади Тожиддин Раззоқ.

“Мактабларда 1-синфдан хорижий тил ўқитилади”

Ўзбекистон мактабларида жорий ўқув йилидан 1–4-синф ўқувчиларига ҳам ҳафтасига икки соатдан хорижий тил ўқитилади (“Правда Востока”, 4 сентябр). Мазкур янгилик Ўзбекистон президентининг хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомилаштиришга оид қарори доирасида амалга киритилмоқда. Қарорга мувофиқ, 2013-2016 йилларда республика мактабларининг хорижий тил ўқитиш хоналари ноутбук, DVD-магнитола ва интерфаол доскалар билан таъминланади. Бу йил мамлакат бўйича 520 минг ўқувчи биринчи синфга қабул қилинган. Хабарга кўра, бошланғич таълим ўқувчилари учун 497 мингдан ошиқ инглиз тили, 18 мингдан ошиқ немис тили, 12 мингдан ортиқ француз тили дарсликлари чоп этилган.

“Сирдарёда бензин нархини асоссиз оширган “заправка”лар жаримага тортилди”

“Ўздавнефтгазинспекция” Cирдарё вилоятидаги АЁҚШларда бензин нархининг асоссиз ошириб сотиш ҳолатларини аниқлади (“Истеъмолчи”, 5 сентябр). Жумладан, Сирдарё туманидаги “Алишер Абдукаримов”, “Абдулла ота”, Боёвут туманидаги “АО Вақт” фирмаларига қарашли ёқилғи қуйиш шахобчаларида бензин баҳоси ошириб сотилган. Текширишлар якунида бензин баҳосини ошириб, истеъмолчиларга катта миқдорда зарар етказган фирмаларга жарима солинган.

“Қизил китобга киритилган 100 та қушга “амнистия” берилди”

Жорий йил август ойи охирларида Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган 100 та йўрға тувалоқ эркинликка қўйиб юборилди. “Экоҳаёт” газетасига кўра, 2012 йилда EBBCC маркази ёрдамида ёввоий табиатга 300 та тувалоқ учирилган. Тувалоқ ўртача катталикдаги қуш бўлиб, қанот қоқиш кенглиги 1,5 метрни ташкил этади, танаси оч қум тусида, жигарранг майда холлари ва чизиқлари бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG