Линклар

logo-print

"Ғузордаги “Она-бола боғи” оналар кўз ëши эвазига бунёд этилди"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун ўта кам миқдорда товон пули берилаётгани, шунда ҳам кўп ҳолатларда товон пулини ололмаётганидан шикоят қилиб келишади.

Ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун ўта кам миқдорда товон пули берилаётгани, шунда ҳам кўп ҳолатларда товон пулини ололмаётганидан шикоят қилиб келишади.

Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитаси раиси Илмира Боситхонова буйруғи билан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “Она-бола боғи” бунёд этилди. Ғузорлик оналарнинг Озодликка ёзишича, бу боғ оналарнинг кўз ёшлари эвазига барпо этилган. Аҳоли яшаётган икки қаватли уйлар олдидаги қурилишлар, ҳаммомлар, ҳожатхоналар ва дўконлар огоҳлантирилмасдан экскватор билан бузиб ташланган.

Озодлик радиоси таҳририятига бир гуруҳ ғузорлик оналардан қуйидаги мазмундаги мактуб келди:

“Шу йилнинг 12 март куни республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Илмира Боситхонова Ғузор туманида мажлис ўтказиб, тумандаги Иргаш Қурбонов маҳалласини намунавий маҳаллага айлантириш учун танлаб олинганини айтди. Маҳалланинг номини ҳам “Обод маҳалла” деб ўзгартиришни таклиф қилиб, шу ерда “Оналар боғи” яратиш керак деди.

Бу маҳалладаги уйлар икки қаватли. Уйларда шароит йўқ, ичимлик суви, канализация йўқ. Иситиш тизими мутлақо ишламайди. Шунинг учун аҳоли уйлар олдида ўтинхона, ҳаммом, ичимлик суви учун ҳовуз қуриб олган эди.

Ҳоким боғ қурилишини туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи, ўзини мафия деб атовчи Акбар Пўлатовга топширди. Кейин у экскаваторларни олиб келиб, сўраб ҳам ўтирмасдан аҳолининг ўтинхонаси борми, ҳаммоми борми, ҳовузи борми, бир чеккадан суриб ташлади.

Аҳоли кўрсатган қаршиликни Акбарнинг йигитлари зўравонлик билан бостирди. 27-домда яшовчи кўп болали аёл чиқиб “ҳовузимни бузма, болаларим қаердан сув ичади” деб жанжал қилганида Акбар ҳамманинг кўз олдида уни уриб ташлади. 29-домда яшовчи кекса пенсионер ўқитувчи Йўлдош бобо Хўжақуловнинг ҳовузи ва ҳаммомини бузиб, ўзини хўрлашди.

Жазирама июн ойида боғ қиламиз деб арча экишди. Тасаввур қилинг 45 даража иссиқда ниҳол кўкарадими? 300 дона арчанинг бари қуриди. 20 август куни Боситхонова келади экан деб, қуриган арчалар ўрнига яна янги ниҳоллар экилди. Лекин Боситхонова келмади. Бу харажатларнинг ҳаммаси тадбиркорлар ҳисобидан қилиняпти.

Агар аввал оддий кун кўриш учун шароитлар яратиб берилганда эди, биз рози эдик. Лекин, 20 йилдан буён бизга сув келмайди. Бир мошин сувнинг нархи 50 минг сўм, шуни ҳовузларимизга қуйиб олардик. Канализация йўқ. Ўтинни қаерда ғамлаймиз энди? Қишда қандай кун кўрамиз. Оналар кўз ёшлари эвазига барпо этилган боғнинг кимга кераги бор, бизга шароит қилиб беришсин”
, деб ёзади ғузорлик оналар гуруҳи.

Озодлик мухбири бу мактуб ортидан унинг муаллифларини топиб¸ бу оналарни суҳбатга тортишга ҳаракат қилди. Аммо ҳозирча улар билан телефон орқали боғланиш имконини топмади.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбалашишга муваффақ бўлган Ғузор туманидаги “Обод маҳалла” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Назар Болтаев маҳалладаги бузилишларнинг ғайриқонуний қурилишларга қаратилгании маълум қилди:

- Тўғриси, ноқонуний қурилган уйлар ҳаммаси бузилган. Олдиндан биз хат бергандик, баъзилари ўзи бузди, бузмаганларни биз буздик. Бу президентнинг қарори билан бўлди. Эски ҳожатхоналар бузилди. Бу йил учта ҳожатхона қуришимиз керак эди, ҳозир битта қурилди. Экилган арчаларнинг 50 фоизи қуригани рост, чунки кеч экилди. Янаги йил баҳордан яна экамиз, деди Назар Болтаев.

Маҳалла оқсоқоли, "Обод маҳалла"ни ободонлаштириш учун ваъда қилинган маблағдан ҳозирча дарак йўқлигини билдирди:

- Бу лойиҳага бир миллиард сўм ажратилган. Лекин ҳозирча бу пул келиб тушгани йўқ. Маҳалламизда 17 та ҳожатхона, 17 та чиқиндихона бор, шуларни ҳаммасини қайта таъмирлашимиз керак. Ичимлик сув муамоси ҳам бор, тўғри. Баъзи ҳовузларни кўмиб ташладик. Ҳар икки-учта хўжалик битта ҳовуздан сув ичади. Сувни сотиб оламиз. Илгари қурилишлар кўплигидан домларнинг ораси кўринмас эди, ҳозир очилиб чиройли бўлиб қолди, аҳолининг ўзи хурсанд бўлаяпти, деди маҳалла оқсоқоли Назар Болтаев.

Ғузор тумани ҳокимияти қошидаги Ободонлаштириш бўлими бошлиғи Акбар Пўлатов Озодлик мухбири билан суҳбатда, бузилишларда куч ишлатилганини инкор этди:

- Йўқ, йўқ, ҳеч қандай куч ишлатилмаган. Биз энди давлатнинг одамимизку, бировни бир шапати урсам орган бор, жавоб беришим керак, фуқарога ҳозир қаттиқ гапириб бўладими? Ҳаммаси президентнинг 41-қарорига кўра қонуний бўлган. Аҳолига ноқонуний қурилишларни бузиш ҳақида огоҳлантирув хати берилган. Ҳеч кимнинг ҳовузи бузилгани йўқ, ҳаммасиники турибди. Мен буни ўзим бузганим йўқку, бизга керак эмаску ўзимизга ташвиш қилиб, тепадан команда бўлган эди, шу жойни “Оналар боғи” қиласизлар деб, шуни бажардик. Энди зўр бўлдику, илгари сасиб ётарди, ҳозир раҳмат айтишаяпти ўзлари, деди Акбар Пўлатов.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон шаҳар ва туман марказлари марказий кўчаларини ободонлаштириш лойиҳалари натижасида юзлаб оила уйлари, қўшимча қурилишлари бузилди ёки арзимаган товон пули эвазига уйини бўшатишга мажбур бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG