Линклар

Ўзбекистон бўйлаб 2013 йилги пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланди. Тошкент ҳукумати белгилаган 3 миллион тонналик хирмонни бу йил ким териб¸ ундан кимлар фойда кўради? 9 сентябр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган жонли суҳбатимиз ана шу мавзуга бағишланди.

2012 йилги пахта мавсуми арафасида Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери кузатилмаган воқеа содир бўлди – Тошкент ҳукумати мамлакат бўйлаб маҳаллий ҳокимиятларга болаларни қишлоқ хўжалик ишлари¸ биринчи галда эса¸ пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида фармон берди.

Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 26 март куни 82-сонли «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни 2012-2013 йилларда амалга ошириш бўйича Қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» қарор қабул қилди.



Ушбу қарорда “Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишни давом эттириш, зўрлаб ишлатишга ёки мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек болалар меҳнатининг оғир шаклларини йўқотиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва қўшимча чора-тадбирлар кўришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни 2012-2013 йилларда амалга ошириш бўйича Қўшимча тадбирлар режаси тасдиқланди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг кўрсатиб ўтилган конвенциялардан ва Тадбирлар режасидан келиб чиқадиган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига юкланди”.

Ҳукумат¸ ўзи учун анча оғир бўлган бу қарорни АҚШ Конгрессидан то Германия Бундестагига қадар Ўзбекистон ҳукуматининг пахта мавсумида болаларни қулларча ишлатишига нисбатан эътирозлар кучайиб¸ Ғарб улгуржи кийим-кечак ширкатлари болалар меҳнати эвазига терилган ўзбек пахтасини бойкот қилишни кенгайтиргани ортидан қабул қилишга мажбур бўлди.

Ғарбнинг бундай босимни юмшатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилги пахта теримига мактаб ўқувчилари чиқарилмаслигини таъминлаш учун махсус кузатув гуруҳлари ташкил этишгача борди.

Гарчи маҳаллий ҳуқуқ фаоллари айрим туманларда мактаб ўқувчиларининг дарс ўрнига пахта теришга мажбурланганини ҳужжатлаштирган бўлса-да¸ ўтган йили ҳукумат томонидан мактаб ўқувчиларининг оммавий тарзда пахтага ҳайдалгани кузатилмади.

Аммо асосан қўлда йиғиб олиниши белгиланган 3 миллион тонналик пахтани фақат фермер ва қишлоқ аҳолисининг ўзи териб олиши имконсиз бўлгани боис¸ Тошкент ҳукумати оммавий сафарбарликни бошқа даража¸ бошқа қатламга кўчиришга қарор қилди.

2012 йилда Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган кўламда давлат ва жамоат ташкилотлари хизматчилари пахтазорга чиқарилди. Ахборот технологиялари мутахассисидан тортиб Ўзбекистонда қолган саноқли малакали нейро жарроҳларга қадар пахта териш учун Тошкентдан Жиззах ва Сирдарë чўлларига ҳайдалди. Пахтага боришни истамаганларга жон бошига кунлик ўлпон солинди ва бу ўлпон миқдори давлат бераëтган ойликдан ҳам ошиб тушди.

Ўзбекистон бўйлаб эълон қилинган бу йилги оммавий сафарбарлик кўламининг ўтган йилгидан кўра ҳам кенгроқ¸ “пахта сиëсати”нинг аввалгиларидан-да кескин ва жазолироқ бўлиши кутилмоқда.

Сентябрнинг илк кунларидан эълон қилинган бу йилги пахта сафарбарлиги Сиз томонларда қандай бошланди?

Пахтага кимлар¸ қайси асос ва қайси шартлар билан жўнатилмоқда?

“Ҳашарчи-пахтакорлар”нинг яшаш ва ишлаш шароитлари қандай?

Пахтазорга ҳайдалганлар орасида мактаб ўқувчилари борми?

Бу йил пахтага бормасликнинг кунлик ëки ойлик “нархи” қанча?

Болаларни мажбурлаб пахтага чиқариш сиëсатининг энди катталарни зўрлашга айланганига муносабатингиз қандай?

Бугунги Ўзбекистон шароитида “пахтага бормайман” дейишнинг оқибатлари қандай?

Ўзбекларнинг“пахта қарғиши”дан қутулиш истиқболига қандай қарайсиз?


9 сентябр, душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG